Саховатли заминимиз неъматлари
  • 08 Июль 2014

Саховатли заминимиз неъматлари

жаҳон бозорида юқори нуфузга эга бўлган ҳақиқий брендга — товар белгисига айланмоқда

Косон туманидаги “Олтин воҳа агроинвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилда 100 гектар майдонда интенсив усулда қовуннинг эртапишар “Жиян” нави етиштирилди. Айни пайтда у замонавий технологиялар ёрдамида қадоқланган ҳолда, “NUSI” савдо белгиси билан Россия, Германия ва Европанинг бошқа мамлакатларига экспорт қилинмоқда.
Бу саховатли ўзбек замини ноз-неъматларининг юқори нуфузга эга бўлган ҳақиқий брендга — товар белгисига айланиб бораётганининг яққол тасдиғидир.
Дарҳақиқат, Президентимиз Ислом Каримов “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида алоҳида таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг кўплаб минтақалари қисқа муддатда жаҳон бозорида харидоргир бўлган мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштирадиган ва экспорт қиладиган ҳудудларга айланди.
Бу фикрнинг қанчалик тўғрилигини сўнгги уч йилда экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 3 баробардан зиёд ошгани ҳам яққол тасдиқлаб турибди. Зеро, истиқлол йилларида ривожланишнинг “ўзбек модели” асосида иқтисодиётнинг етакчи тармоғи бўлган қишлоқ хўжалигини ислоҳ этиш, тизимда бозор муносабатларини жорий қилиш, хусусий мулкчилик шаклини тараққий топтиришга йўналтирилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилгани муваффақиятларнинг бош омили бўлди.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга қараганда, республикамизда ҳар йили ўртача 90 минг гектар майдонда асосий ва такрорий экин сифатида қовун-тарвуз парваришланиб, гектаридан 200-220 центнердан ҳосил олинмоқда. Бошқача айтганда, охирги ўн йилда полиз маҳсулотлари етиштириш ҳажми 7,8 марта ўсди. Бу ички бозорни қовун ва тарвуз каби ширин-шакар неъматлар билан тўлдириш баробарида, экспорт қилиш имкониятини ҳам кенгайтирди.
Дарҳақиқат, полизчилик — қишлоқ хўжалигининг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири. Президентимизнинг 2008 йил 20 октябрдаги “Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса унинг истиқболи учун янада кенг йўл очиб берди. Негаки, ушбу ҳужжатга мувофиқ, пахта экин майдонлари қарийб 100 минг гектарга қисқартирилиб, бўшаган майдонларга сабзавот, полиз, картошка ва озуқа экинлари жойлаштирилди. Бу каби ислоҳотлар туфайли яқин йилларда, аниқроғи, 2020 йилда мева ва сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари етиштириш суръати 2014 йилдагига нисбатан камида 2,3 баробар кўпайиши кутилаяпти.

Интенсив технология — истиқболли технология
Қишлоқ хўжалигида самарадорликнинг юқори бўлиши кўплаб омилларга боғлиқ. Қулай табиий ва тупроқ-иқлим шароитларининг уйғунлиги, деҳқон ва фермерларнинг меҳнат қилиши учун етарли шарт-шароит мавжудлиги, ишлаб чиқаришга замонавий технологиялар изчил татбиқ этилаётгани шулар жумласидан бўлиб, юртимизда буларнинг барчаси муҳайё қилинган. Пировардида соҳада муваффақиятли амалга оширилаётган кўплаб истиқболли лойиҳалар мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилаяпти. Бунга масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Олтин воҳа агроинвест” агросаноат корхонаси фаолияти ёрқин мисол бўла олади.
“Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси таркибидаги “PSM Group” очиқ акциядорлик жамияти қошида ташкил этилган мазкур корхона мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилган. Жорий мавсумда бу ерда қовуннинг эртапишар “Жиян” нави интенсив технология асосида парваришлангани туфайли ҳосил муддатидан бир ой олдин пишиб етилди.
— Қовунни нисбатан эрта етиштиришнинг интенсив технологиясини ўзлаштиришимизда бир гуруҳ мутахассисларимиз Америка Қўшма Штатларининг Калифорния қишлоқ хўжалиги технологиялари институтида малака ошириб келишгани қўл келди, — дейди корхона раҳбари Абдулҳай Номозов. — Натижада “Кўчатни олдиндан ўстириш” методикасини қўллаган ҳолда, қовун уруғлари махсус қоришмага экилиб, ниҳоллар 2-4 барг чиқаргунга қадар иссиқхона шароитида парваришланди. Улар баҳорги об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, март ойининг иккинчи ярмида далага “Туннель” ва “Термос” усуллари асосида плёнка остига ўтқазилди. Айтиш жоизки, бу жараёнда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қашқадарё вилояти, Косон тумани ҳокимликлари, фермерлар кенгаши, шунингдек, ҳамкор фермерларнинг амалий ёрдами катта бўлди.
Мутахассисларнинг айтишича, янги технологиянинг афзаллик томони шундаки, у экин учун керакли бўлган ҳароратни сақлаб, ўсишини жадаллаштиради. Натижада қовун муддатдан ўртача 25-30 кун илгари пишиб етилади. Жорий йил баҳоридаги мураккаб об-ҳаво шароитига қарамай, 40 гектар майдонда татбиқ этилган лойиҳа дастлабки йилдаёқ ўз самарасини берди: қовун май ойининг иккинчи ярмида узила бошланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, ҳар гектар майдондан 12 тонна ҳосил олинса, бу кўрсаткич кейинги йилларда янада ошади.

Сифат даладан дастурхонгача таъминланади
Дунёдаги энг мазали ва энг фойдали мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари фақат бизнинг минтақамизда етиштирилади, десак, асло муболаға бўлмайди. Айниқса, қовунларимиз ҳақида гап кетганда, “Тилими тилни ёради”, дея таъриф беришади. Чунки унинг таркибида 18 фоизгача қанд, 8-20 фоиз қуруқ модда, 0,1-0,7 фоиз клетчатка, 0,2-35,2 миллиграмм С, РР витаминлари, фолат кислотаси, калий, натрий, кальций, магний, темир, фосфор, олтингугурт ва бошқа элементлар мавжуд. Бу қовун нафақат озиқ-овқат маҳсулоти, айни пайтда шифобахш неъмат эканлигидан далолатдир.
Юртимиз халқ селекциясида қовуннинг 150 дан зиёд нави яратилган бўлиб, улар йилнинг турли муддатларида пишиб етилади. Айтайлик, “Умрбоқий”, “Қўйбош”, “Гулоби” каби кечпишар навларни келгуси йил кўкламигача сақлаш мумкин. Қовун нафақат сархил ҳолида истеъмол қилинади, балки ундан қоқи, шинни, мураббо ҳам тайёрланади.
— Ўзбекистонда шаклланган кўп асрлик анъанавий деҳқончилик маданияти азалдан маҳаллий органик ўғитлардан фойдаланишни кўзда тутадиган биологик принципларга асосланган, — дейди “Олтин воҳа агроинвест” корхонаси бош ҳосилоти Бахтиёр Муҳиддинов. — Шу боис юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари экологик тозалиги, инсон саломатлиги учун фойдалилиги билан диққатга сазовордир. Бу борада, айниқса, қовуннинг аҳамияти беқиёс. Халқ табобатида у ниқриз (подагра)ни даволовчи, пешоб ҳайдовчи, қабзиятдан холи қилувчи, асабни тинчлантирувчи омил сифатида қўлланилади. Биз ҳам қовун етиштиришда кўп йиллик анъаналарга таянган ҳолда, фақат маҳаллий ўғитлардан фойдаландик. Маҳсулотимизга бўлган талаб ортиб бораётганининг яна бир омили ана шунда.
Сир эмас, қовун тез айнийдиган маҳсулотлар сирасига ҳам киради. Шунинг учун илгари уни узоқ манзилга етказиб бериш, аниқроғи, экспорт қилиш имконияти чекланган эди. Истиқлол йилларида масаланинг шу каби нозик жиҳатлари инобатга олиниб, замонавий совутқичлар барпо этилгани, такомиллаштирилган қадоқлаш технологияларидан фойдаланилаётгани жаҳон бозорига дадил кириш имкониятини яратаяпти. Масалан, “Олтин воҳа агроинвест” далаларидан узилган ҳар бир қовун Италиянинг “TECO S.r.l.” компанияси ускуналари ёрдамида махсус қутиларга қадоқланиб, “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмасининг Қарши шаҳридаги “Қашқадарётижоратсавдо” базаси ҳудудида жойлашган, 2013 йилда ишга туширилган, сиғими 3 минг тонналик замонавий совутқичли камерада маълум муддат сақланади. Яъни бу ерда қовун нейтрал газли муҳитда керакли даражада совитиб бўлингач, автопоездларга юкланади. Шу тариқа ўзбек қовунларини чет эллик харидорларга палагидан янги узилгандек асл ҳолда тортиқ қилиш йўлга қўйилди.
Аслида, ватани Кичик ва Ўрта Осиё бўлган қовун Жанубий Европа, Осиё, Шимолий Америка ва бошқа кўплаб мамлакатларда ҳам етиштирилади. Аммо ташқи бозорда Ўзбекистон қовунининг қадри баланд ва унга талаб юқори. Таъбир жоиз бўлса, у такрорланмас мазаси, хушбўй ифори, табиий дармондорилар манбаи эканлиги билан барчани мафтун қилган. Буни инобатга олган ҳолда, “Олтин воҳа агроинвест” агросаноат корхонасининг 400 кишилик жамоаси маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш, уни харидорбоп ҳолатда жаҳон бозорига олиб чиқиш пайидан бўлмоқда. Бу пировардида иқтисодиётимиз ривожи, экспорт салоҳиятимиз юксалишига хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn