Боғимиз болидан тотиб кўринг
  • 08 Июль 2014

Боғимиз болидан тотиб кўринг

Фермер хўжалигимизни ташкил қилганимизга етти йил бўлди. Шу вақт мобайнида ҳосилдорликни ошира бориб, йил сайин баракали хирмон тиклаяпмиз.

Ҳар сафар Тошкентдан набираларим келганида: “Бобожон, боғларингизни кўрсатинг”, деб қўйишмайди. Шундай пайтда завқим тошиб кетади. Машинага ўтириб, йўлга тушамиз. Уларга атаб кулча ёпаётган бувижониси ортимиздан ҳай-ҳайлаб қолаверади...
Шу десангиз, 37 гектар жойда боғ қилганмиз. Ярмидан кўпи интенсив технология асосида. Бир келсангиз кўрарсиз: олма, нок, шафтоли, гилоснинг ажабтовурларидан бор. Бу боғни барпо этаётганимизда кўчатларни Европадан келтиргандик. Эндиликда хорижникидан қолишмайдиган паст ва ўрта бўйли, эрта ва кечпишар мева кўчатларини ўзимиз етиштираяпмиз. Қисқа вақтда фермерлар, хонадон ва томорқа хўжаликлари учун шундай ниҳолларнинг 100 мингдан ортиғини етказиб бердик. Бундан ташқари, арча, қарағай, оқ қайин, каштан, қайрағоч каби манзарали дарахт ниҳолларини ҳам ўстирамиз. Бельгия, Голландия атиргулларининг энг яхши навларини парваришлаяпмиз.
Кўчатларни экспортга ҳам чиқараяпмиз. Ўтган йили шунинг орқасидан 60 минг АҚШ доллари миқдорида фойда олдик. Жорий йил якунигача хорижга 100 минг АҚШ долларилик кўчат сотамиз, деб турибмиз.
Теп-текис йўлнинг икки ёқасидаги янги олмазор — бизники. Олманинг олди пишди. Улардан узиб, “омонлиқ-сомонлиқ” деб набираларга улашаман. 
...Ўзимиз ҳам бола бўлганмиз. Олмаю ўрик, ноку гилос жону дилимиз эди. Лекин у вақтларда мева деганлари анқонинг уруғидек гап эди. Бугун-чи? Бугунги серобликни, қут-баракани кўринг. Бу боғларнинг жойи бир пайтлар пахтазор бўлган, десам, набираларим ҳайрон қолишади.
Умуман, ишимиз олдинга қараб кетмоқда. Буларнинг барчаси истиқлол шарофатидан. Мустақиллик туфайли бошқа соҳалар каби фермерлик ҳам кенг ривожланмоқда, таъбир жоиз бўлса, жамиятимизнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида ўзини намоён этаяпти. Ҳар гал бирон муваффақиятга эришганимда, энг аввало, шулар ҳақида ўйлашга одатланганман. Ҳақиқатан ҳам, истиқлол бизни нурли манзилларга элтмоқда.


Заҳриддин САЙФУДДИНОВ,
Зангиота туманидаги
«Миришкор Сайфуддинова Хонзода»
фермер хўжалиги раҳбари

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn