Хорижда Ўзбекистондаги ютуқлардан ҳайратланишмоқда
  • 08 Июль 2014

Хорижда Ўзбекистондаги ютуқлардан ҳайратланишмоқда

Хорижда, айниқса, халқаро нуфузга эга университетда она-Ватанинг ҳақида илиқ гаплар эшитиш қанчалик фахрли ва тотли эканлигини бир неча бор ҳис қилдим. Гап шундаки, яқинда таниқли иқтисодчи олим дарс ўта туриб, Ўзбекистоннинг қисқа давр ичида катта тараққиёт йўлини босиб ўтганлигини аниқ мисоллар билан очиб берди.

Хусусан, у жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳали-ҳамон давом этаётган бир даврда ҳам юртимиз иқтисодиётида ўсиш суръати 8 фоиздан юқори бўлиб келаётганини алоҳида тилга олди. Фахр ва ғурур билан аудиторияга разм солдим. Осиё ва Тинч океани минтақаси мамлакатларидан келган барча талабалар ўз дафтарларига Ўзбекистон номини ҳамда тилга олинган рақамларни ёзиб олишмоқда. Бундан қанчалик қувонганимни билсангиз эди.
Тўғри-да, ахир биз, ўзбекистонлик ёшлар дунёнинг манаман деган олий ўқув юртларида ўқиб юрганлигимиз ҳам ана шу ривожланиш туфайли  эмасми?! Ёшим 19 да. Ўрта умумий таълимни Гулистон шаҳридаги 11-мактабда олдим, сўнгра 2-Гулистон академик лицейининг хорижий тиллар йўналишида ўқидим. Ана шу замонавий ва илғор таълим технологиялари жорий этилган ўқув муассасаларида олган билимим менга қўл келди. Интернет тармоғи орқали ўтказилган қабул тестини муваффақиятли топшириб, Япониянинг Беппу шаҳрида жойлашган Осиё ва Тинч океани университетига юз фоизлик грант асосида ўқишга кирдим. Оиламизда катта байрам бўлганди ўшанда. Талаба бўлганимни эшитган дадам эса “Қани эди, шу кунларни бобонг кўрганда”, деб ҳаяжонга тушди. Албатта, бу туйғу отанинг фарзанди камолидан қувонганини ҳам ифодаларди.
Ҳозир шу университетнинг Бизнес ва иқтисодиёт факультетида таҳсил олаяпман. Бу ерда минтақа ва жаҳон иқтисодиёти бўйича таълим олиш баробарида, турли давлатлардан келган тенгдошларим билан фикрлашиш, таъбир жоиз бўлса, мамлакатларимизни таништириш имкониятига ҳам эга бўлаяпмиз. Мен Ватанимизда кечаётган улкан ўзгаришлар, хусусан, жаҳонда “ўзбек модели” деб эътироф этилган тараққиёт йўлимизнинг беқиёс аҳамияти  ҳақида аниқ далиллар билан ҳикоя қилиб бераман. Тўғриси, бу менга чексиз завқ бағишлайди. Ана шундай кезларда жонажон юртинг ютуқлари ҳақида  фахр ва ифтихор билан гапиришдан ҳам улуғроқ бахт йўқлигини дилдан ҳис этаркансан киши.


Аҳмаджон МАШРАБОВ,
Япониянинг Осиё ва Тинч океани университети Бизнес ва иқтисодиёт факультети талабаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn