Рағбат ва имконият
  • 08 Июль 2014

Рағбат ва имконият

ёшларимизни янада фаол ва ташаббускор бўлишга ундамоқда

Ёш авлодни тарбиялаш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш,  ўз мутахассисликлари бўйича иш билан таъминлаш юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади.
Жумладан, жорий йилда Сурхондарё вилоятида 115 та касб-ҳунар коллежи ва 5 та академик лицейни  45 минг 944 нафар ўқувчи 102 та йўналиш бўйича битирган бўлса, айни пайтда ҳудудда уларни фойдали меҳнатга жалб этиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
— Президентимиз 2013 йил 19 декабрда бўлиб ўтган халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида ҳудудда касб-ҳунар коллежларини битирган йигит-қизларни ишга жойлаштириш масаласига алоҳида тўхталган эди, — дейди  халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Мамат Ҳайдаров. — Шундан келиб чиқиб, асосий эътиборни касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашга, корхона ва коллеж мутасаддиларининг бу борадаги масъулиятини оширишга қаратаяпмиз. Сир эмаски,  бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг аҳоли бандлигини таъминлашдаги аҳамияти тобора ортмоқда. Айни пайтда касб-ҳунар коллежларини битирган воҳалик ёшларнинг 13683 нафари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, 1705 нафари савдо ва хизмат кўрсатиш  корхоналари билан тузилган  уч томонлама шартномага мувофиқ, муқим иш ўринларига эга бўлгани бунинг тасдиғидир.
Шу билан бирга, вилоят  меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Абсалом Хўжамқуловнинг айтишича, жорий йилда 2000 нафардан зиёд битирувчиларга тижорат банклари томонидан 10 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар  ажратилиши кўзда тутилаётгани ҳам диққатга сазовордир. Ҳозиргача 69 нафар ёш мутахассисга 1 миллиард 80 миллион сўмдан зиёд  маблағ тақдим этилди.
— Бу йил ўқув даргоҳимизни 810 нафар ўқувчи тамомлаган бўлса, шундан 50 нафари ўз бизнесини аллақачон бошлаб юборди, — дейди  Денов маиший хизмат кўрсатиш коллежи директори Шамсиддин Элбеков. — Бунинг учун тижорат банклари томонидан уларнинг ҳар бирига  6 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилгани айни муддао бўлди. Масалан, Абдурауф Холмуродов  ушбу сармояга туманнинг “Ўрта қишлоқ” маҳалласи ҳудудидаги 50 сотих ерда балиқчиликни йўлга қўйди.
Мухтасар айтганда, ҳозирги кунда Сурхондарё вилояти ёшлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани уларни жамиятнинг фаол кишисига айлантириб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшувчи юксак салоҳиятли мутахассис бўлишлари учун имкониятлар эшигини очмоқда. 

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn