Хусусийлаштириш тамойиллари такомиллаштирилмоқда
  • 08 Июль 2014

Хусусийлаштириш тамойиллари такомиллаштирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамда Ахборот хизмати ҳамкорлигида матбуот анжумани ташкил этилди. “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан олиб борилаётган ишларга бағишланган тадбирда депутатлар, ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мазкур ҳуқуқий ҳужжат Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижроси доирасида ишлаб чиқилган. Унинг асосий мақсади — нодавлат секторнинг иқтисодиётдаги улушини янада кенгайтириш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига хусусий инвесторларни жалб қилишни рағбатлантириш, салоҳиятли сармоядорларнинг барча тоифалари хусусийлаштириш жараёнида тенг равишда иштирок этиши, хусусийлаштирилган битимлар очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш ҳамда мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган.
Маълумки, қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламент қуйи палатасига киритилиб, биринчи ўқишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан концептуал жиҳатдан маъқулланган эди. Ўтган давр мобайнида ишчи гуруҳ томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, 30 дан зиёд йиғилишлар бўлиб ўтиб, муҳокамаларда депутатлар, тегишли вазирлик, идора, ташкилот вакиллари, мутахассислар, экспертлар қатнашди. Уларда берилган қатор таклифлар такомиллаштириш жараёнларида инобатга олинди. Ўз навбатида, бугунги хусусийлаштириш амалиёти ўрганилиб, хусусийлаштирилган корхоналар фаолияти билан танишилди, жойларда тадбиркорлар билан мулоқотлар уюштирилди.
Уларда қонун лойиҳасида давлат мулкининг алоҳида турдаги объектларини хусусийлаштириш, шу жумладан, “ноль” харид қиймати бўйича хусусийлаштиришнинг ўзига хос жиҳатлари белгилангани муҳим аҳамиятга эга эканлиги эътироф этилди. Чунки бу тадбиркорлар, инвесторларга хусусийлаштириш жараёнида янада фаол иштирок этиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш имконини беради, чет эл ва маҳаллий сармоядорлар, янги технологияларни янада кенгроқ жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга йўл очади.
Қолаверса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Регламентига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракциялари ҳамда  Экоҳаракат депутатлик гуруҳи депутатлари иштирокида таҳлил қилинди. Бу эса уларнинг ҳуқуқий ҳужжатга оид позициясини янада аниқлаштириб, уни маромига етказишда айни муддао бўлди. Шунингдек, депутатлар ўз сайлов округларидаги учрашувларда кенг тушунтириш ишларини олиб бордилар. Унинг мазмун-моҳияти ҳақида оммавий ахборот воситаларида мунтазам чиқишлар уюштирилгани диққатга сазовор.
Қизғин ўтган анжуман давомида қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлашга доир фикр-мулоҳазалар билдирилиб, журналистларни қизиқтирган саволларга муфассал жавоб берилди.


Саиджон МАХСУМОВ.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn