Кичик чилла ҳавоси қандай бўлади?
  • 01 Февраль 2014

Кичик чилла ҳавоси қандай бўлади?

Илғаган бўлсангиз, юртимизда янги ой аввалида ҳарорат ўзгариб, нисбатан совуқ об-ҳаво кузатилмоқда. Бу катта чилла ўз ўрнини кичик чиллага бўшатаётганидан далолат беради.

Кўп йиллик тадқиқотларга қараганда, кичик чилла қор ва аёзли изғиринларга бойлиги билан ажралиб туради. Жорий йилда катта чилла нисбатан илиқ келиб, жаъдий ойида айтарли даражада совуқ бўлмади. Қуёш далв буржига оғгачгина ҳаво алмашинуви рўй берди: ёмғир, қор ёғиб, ҳарорат пасайди. 

Далв ҳижрий-шамсий йил тақвимига кўра, ўн биринчи ой саналиб, 19 январдан 18 февралгача бўлган даврни ўз ичига олади. У совуқ ҳавоси билан бошқа ойлардан фарқ қилади. Бу пайтда кўп миқдорда қор ёғиб, этни жунжиктирадиган изғиринли шамоллар эсади. Кексаларнинг айтишича, ушбу ҳолат саратон ҳавосига боғлиқ эмиш. 

Гап шундаки, ёзнинг мазкур ойида иссиқ об-ҳаво ҳукм сурган бўлса, қишнинг чилласи қаттиқ совуқ билан кечади. У қантар оғгунча, яъни 7 февралгача давом этиши мумкин. Шундан кейин кунлар иссиқлик сари юз тутаверади: қор ёғса-да, совуқ забтига ололмайди. Халқ мақолида айтилганидек, “Қантар оғса, қор турмас”. 

Чорвадорлар қантардан сўнг қиш чиқди, деб ҳисоблайдилар. Нега деганда, нисбатан илиқ келган йилларда айни шу паллада далалар сабзаранг тусга кириб, чорва оғзи кўкка тегади. Халқимизнинг “Далв кирди — давр кирди” мақолида ана шунга ишора қилинган, назаримизда.

Деҳқонларнинг ҳисоби бўйича эса, қантар оғиши 22-25 февраль кунларида рўй беради, сўнгра янги мавсум бошланади. Яъни шу пайтдан эътиборан, ер остидаги ҳарорат юзага чиқади. Офтоб тафти таъсирида заминдан бамисоли тутундек буғ кўтарилади. Шу тариқа табиат уйғонади.

Далвнинг яна бир хусусияти шундаки, бу ойда кун узайиши давом этади. Халқ мақолида айтилганидек, тўқсон кирса, тўрғай одими, қантар оғса, қарға одими билан узаяди. Шу ҳисобда кунига ўртача 4-5 дақиқадан қўшилиб, ой охирида кун узунлиги 11 соату 15 дақиқани ташкил этади.  

Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, далвнинг қуёшли кунларига унчалик ишониб бўлмайди. Баъзи йилларда қаҳратон чўзилиб, қантарга изн бергиси келмайди. Зеро, тўқсоннинг турланиши ҳеч кимга сир эмас. Унинг “Мен тўқсон, бир кунимча йўқсан”, деганича бор. 

Об-ҳаво қандай келмасин, далв барибир қишнинг ҳукмидадир. Қиш эса қишлигини қилмай қолмайди. 

С. ИБОДУЛЛАЕВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: Муҳофаза этиладиган масканлар »