Изчил фаолият гарови
  • 07 Июль 2014

Изчил фаолият гарови

Мамлакатимизда истиқлол йилларида “Инсон манфаатлари — энг олий қадрият” тамойили асосида фуқаролар учун мақбул меҳнат ва маиший шароитларни яратиш, уларни моддий-маънавий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.  Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий асос яратилган. Энг аввало, Конституциямизда ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш ва адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилди.

Фикримизни “Тошкент” халқаро аэропорти мисолида давом эттириб, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилиш мумкин. 

— Юртимизда барча соҳалар қатори ҳаво йўллари ходимлари ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб келинаяпти, — дейди “Тошкент” халқаро аэропорти меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўлими бошлиғи Шавкат Сапаев. — Давлатимиз раҳбари томонидан 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши ҳамда тегишли дастурнинг ҳаётга татбиқ этилиши бу борадаги чора-тадбирлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Ҳозирги кунда жамоамизда 3500 дан зиёд ходим ишлайди, улардан 1000 нафарга яқини аёллардир. Ходимларимизни, айниқса, аёл мутахассислар сиҳат-саломатлигини мустаҳкамлаш, иш қобилияти сақланишига қаратилган қатор ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-техник, даволаш-профилактика тадбирлари йўлга қўйилган. Уларга қонунчиликда белгиланган имтиёзлар тақдим этилмоқда, малакаси ва иш кўникмалари доимий тарзда ошириб борилаётир. 

Хусусан, ишчи-ходимларни санаторийлар, соғломлаштириш масканларига юбориш яхши анъанага айланган. Шулар баробарида, жорий йилнинг биринчи чорагида меҳнат муҳофазасини мустаҳкамлаш мақсадида 280 нафар мутахассис-ходим иш юритиш бўйича ўқитилиб, 450 нафари аэродром ҳудудида хавфсиз ҳаракатланиш бўйича йўриқдан ўтказилди. Ўз навбатида, янги қабул қилинган меҳнат хавфсизлиги стандартлари, қоидалари ва меъёрлар асосида йўриқномалар ишлаб чиқилди. 

Ёшлар жамиятнинг барча жабҳалари қатори ҳаво йўллари тизимида ҳам фаолият юритиб, ўзининг муносиб ўрнини топаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бу республикамизда нав-қирон авлодни ҳеч кимдан кам бўлмай келажакка дадил қадам билан кириб бориши йўлида кўрсатилаётган ғамхўрлик шарофатидандир. “Тошкент” халқаро аэропортида ҳам ана шундай истеъдодли, мураккаб техника ва технология воситалари билан бемалол тиллашиб, одамлар корига яраётган ёш кадрлар кўплаб топилади. Уларнинг ўзларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, меҳнат шароитларини янада қулайлаштириш, касбий малакасини ошириш ҳам доимий диққат марказида бўлиб келаяпти. Айни чоғда иш жойлари замонавий бошқарув воситалари, асбоб-ускуналар, дастгоҳлар, механизм ва мосламалар билан тўлиқ жиҳозланганини алоҳида эътироф этиш жоиз. 

Булар эса, ўз навбатида, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олишда муҳим омил бўлаётгани эътиборга молик. Ўтган йили Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ўтказилган “Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этиш бўйича энг яхши корхона” республика кўрик-танловида “Тошкент” халқаро аэропорти “Ўзбекистон ҳаво йўллари” тизимида биринчи ўринни қўлга киритгани ана шу саъй-ҳаракатларнинг ижобий натижасидир.

Мухтасар айтганда, мамлакатимиз ҳаво йўллари тизимининг барча объектлари қатори “Тошкент” халқаро аэропортида қулай меҳнат шароитларини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган бундай ишлар парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, юқори даражада сервис хизматларини кўрсатиш, муҳими, соҳанинг янада равнақ топишига хизмат қилмоқда.

М. ҚОСИМОВ.

Ҳ. ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn