Малакали кадрлар
  • 04 Июль 2014

Малакали кадрлар

мамлакат равнақида ҳал қилувчи аҳамиятга эга

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш устувор вазифалардан этиб белгиланган.
Мазкур вазифанинг изчиллик билан амалга оширилиши ва соҳа ривожини, табиийки,  юқори малакали кадрларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 28 июнда қабул қилинган “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ана шундай салоҳиятли ёш ҳуқуқшунос-мутахассисларни меҳнат бозорига етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Тошкент давлат юридик институти Тошкент давлат юридик университети сифатида қайта ташкил этилди ва у юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассаса этиб белгиланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 23 июлдаги қарори билан тасдиқланган низомга кўра, Тошкент давлат юридик университети магистратурасига кириш имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ нормалар бутунлай ўзгартирилди. Бакалавр ва магистрларни тайёрлаш билан боғлиқ давлат таълим стандартлари, ўқув режа ва ўқув дастурлар қайта ишлаб чиқилди ҳамда тасдиқланди.
Бугунги кунда университетда бакалавр босқичида давлат-ҳуқуқий, фуқаролик-ҳуқуқий, жиноий-ҳуқуқий, халқаро-ҳуқуқий ва тадбиркорлик-ҳуқуқий фаолият йўналишлари ташкил қилинган бўлиб, махсус фанларнинг ўқув соатлари кўпайтирилди ва ўз навбатида, умумкасбий фанлар, математик ва табиий, гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар маълум миқдорда камайтирилди. Амалиёт ўташ муддати 12 ҳафтадан 19 ҳафтага узайтирилди. Магистратура босқичида ўқитиладиган махсус фанлар эса 18 тадан 10 тага камайтирилиб, магистрантларнинг ўз устида ишлаши, мустақил изланиши ва илмий тадқиқот олиб бориши учун янада кўпроқ қулайликлар яратилди.
Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида алоҳида мутахассислик фанларини инглиз тилида ўқитиш амалиёти жорий қилинди. Бакалавриат ва магистратура босқичларида инглиз тилида ўқитиладиган гуруҳлар ташкил этилиб, уларда умумий 14 фан машғулотлари инглиз тилида олиб борилмоқда.
Талабаларда таҳлил қилиш қобилиятини, тизимли таҳлил қилиш ва юридик фаолиятнинг тегишли соҳаларини бошқариш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида  ўқитишнинг модул тизимига ўтиш ва ўқув машғулотларини замонавий шаклларда ташкил этиш (кейс-стади, илмий тақдимотлар, жамоада ишлаш ва бошқа усуллар) йўлга қўйилди. Махсус юридик фанлар, қонун ижодкорлиги назарияси ва амалиётининг долзарб масалалари бўйича идоравий тузилмаларнинг масъул ходимлари томонидан ўқув машғулотлари ўтказилаётгани ҳам ўз самарасини бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Олий суди тизимидан 15 нафардан ортиқ, Адлия вазирлигидан ўттиз нафарга яқин ҳамда бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари ўқув жараёнига жалб этилган бўлиб, бу талабаларнинг касбий кўникмалари шаклланиши ҳамда ривожланишида айни муддаодир. Қолаверса, хорижлик профессорлар иштирокида университетда маҳорат сабоқлари ташкил этилаётгани ёш мутахассисларнинг халқаро ҳуқуқ асосларини чуқур ўрганишларида муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, Франциянинг Тулуза университети, Япониянинг Осака университети профессорлари томонидан ўтказилган маҳорат сабоқлари талаба-ёшларда катта таассурот қолдирди.
 Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, бу жараёнда халқаро миқёсдаги ҳамкорлар билан ишлаш ҳамда профессор-ўқитувчи ва талабалар учун хорижий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасаларида ўқиш ва малака ошириш имкониятини яратиш  ишлари ҳам тизимли олиб борилмоқда. Икки томонлама шартнома асосида қатор хорижий таълим муассасалари, масалан, Япониянинг Нагоя ва Осака университетлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани, университетда япон ҳуқуқини тадқиқ этиш маркази самарали фаолият юритиб келаётгани,  ҳозирги кунда Германиянинг Виадрина университети ҳамда Макс-планка номидаги илмий тадқиқот маркази, Буюк Британиянинг Сити университети билан ҳамкорлик шартномалари тузилаётгани бунга мисолдир.
Ёш кадрнинг етуклиги нафақат тегишли ихтисослик бўйича чуқур билим ва кўникмага эга бўлиши билан белгиланади, балки ундан юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар ҳам талаб этилади. 
Хулоса ўрнида айтганда, юридик кадрлар тайёрлаш тизимининг янги босқичга кўтарилгани университет битирувчиларининг бандлигини таъминлашга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Чунончи, жорий йилда университетнинг бакалавр ҳамда магистр битирувчилари сони 500 нафардан зиёдни ташкил этади ва улар учун олтмишдан ортиқ ташкилот 610 та бўш иш ўрнини таклиф этаяпти. Мана шу рақамнинг ўзиёқ меҳнат бозорида малакали юридик кадрларга эҳтиёж борлигидан далолат беради. Шуниси аниқки, жамиятда инсон ҳуқуқлари олий қадрият сифатида намоён бўлишида, қонун устуворлигига эришишда юридик кадрларнинг ўрни ва салоҳияти муҳимдир.

Отабек БОБОЖОНОВ,
Тошкент давлат
юридик университети
Маънавият ва маърифат маркази раҳбари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn