Амалий таклифлар, ноёб ишланмалар
  • 04 Июль 2014

Амалий таклифлар, ноёб ишланмалар

Андижон давлат университетида “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган танловнинг қуйи босқичларида 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган 3 минг 128 нафар ўғил-қиз қатнашди.
Соғлом рақобат шароитида сараланган 275 нафар иштирокчи 16 номинация бўйича ўз иқтидор ва салоҳиятини вилоят босқичида яна бир бор намойиш этди. Ҳар бир йўналиш бўйича тақдим қилинган ишларни нуфузли ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
“Тасвирий ва амалий санъат” йўналишида ижод қилувчи ёшларнинг бисёрлиги бу борада иш олиб бораётган таълим муассасалари фаолиятидан дарак беради.
— Танловда миниатюралар ҳамда акварель, мойбўёқ ёрдамида ишланган йигирмадан ортиқ асарларим билан қатнашдим, — дейди Андижон санъат коллежининг 2-босқич ўқувчиси Холидахон Солиева. — Шунингдек, тенгдошларим ижодидан баҳраманд бўлдим, тажрибасини ўргандим.
“Техник лойиҳалар” номинациясида намойиш қилинган ишланмалар ҳам кўпчиликнинг диққатини тортди. Балиқчи индустриал-педагогика коллежи 1-босқич ўқувчиси Шаҳризод Мусабоев томонидан яратилган қуёш панеллари ёрдамида ҳаракатланувчи электромобиль макети бунга мисол бўла олади.
— У соатига 120 километргача тезликда ҳаракатланади, — дейди Шаҳризод. — Тез орада электромобилнинг асл нусхасини йиғишни режалаштирганман. Бу лойиҳамга “GM-Uzbekistan” қўшма корхонаси мутахассислари ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Республика дизайн коллежининг 2-босқичида таҳсил олувчи Ботиржон Толибжонов эса “Архитектура ва интерьер дизайни” йўналишида қатнашмоқда. Унинг тўрт ишланмасидан бири — экомеҳмонхона биноси. Муаллиф фикрига кўра, дов-дарахтларга бурканган 17 қаватли муҳташам иморат кислород ишлаб чиқаради.
Танлов натижаларига кўра, энг яхши лойиҳалар муаллифлари республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

 

Саидаҳмад ШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Хурсанбдек АРАББОЕВ
олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn