Беқиёс имконият, имтиёз ва эътибор
  • 04 Июль 2014

Беқиёс имконият, имтиёз ва эътибор

тадбиркорлар ютуқларида муҳим омил бўлмоқда

Мамлакатимизда  иқтисодиётнинг муҳим бўғини, аҳоли бандлиги ва даромадининг барқарор  манбаи — кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, улар ҳуқуқларининг устуворлиги таъминланиб, бизнес юритишлари учун зарур шарт-шароит ҳамда имкониятлар яратиб берилаяпти. Биргина мисол, фақат ўтган йилнинг ўзида кичик бизнес субъектлари учун рухсат беришга оид 80 дан ортиқ тартиб-тамойил, лицензияланадиган фаолият турларининг 15 таси, 65 турдаги статистик ҳисоботлар, 23 турдаги ҳисобот тақдим этиш муддатлари қисқартирилди.
Ягона солиқ ставкаси 2005 йилда 13 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга келиб бу кўрсаткич 5 фоиздан иборатдир. Соҳа вакилларига бўлган бундай юксак ғамхўрлик йилдан-йилга ортиб бораётгани, айниқса, эътиборлидир. Натижада улар фаолиятини янада эркинлаштириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоялаш борасида қулай ишчан муҳит яратиляпти. 
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик Хоразм вилояти иқтисодиётида ҳам етакчи тармоққа айланган. Айни кунда вилоятда 10 мингдан ортиқ кичик бизнес субъектлари фаолият олиб бормоқда. Бугун уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 60,1 фоизни, аҳоли бандлигидаги ҳиссаси эса 78,4 фоизни ташкил этаётганлиги ҳам тармоқнинг иқтисодиётдаги ўрни нечоғли юксалаётганини кўрсатиб турибди. Шу йилнинг ўтган тўрт ойи давомида тижорат банклари томонидан вилоятда соҳани ривожлантириш мақсадида 111 миллиард 118 миллион сўм кредит маблағлари йўналтирилгани ҳам соҳага эътибор юқорилигидан далолатдир.
Хонқа туманининг Мадир қишлоғида фаолият юритаётган трикотаж кийим-кечаклар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Хонқа чевар” масъулияти чекланган жамияти 2009 йилда тадбиркор Х. Бекметов ташаббуси билан иш бошлаган эди. Бунинг учун дастлаб 80 миллион сўм миқдоридаги банк кредитига Хитойдан 15 та тикув дастгоҳи келтирилди. Замонавий технология билан жиҳозланган корхонада шу тариқа 20 та иш  ўрни яратилди. Ҳозир бу ерда 18 турдаги трикотаж кийим-кечаклар ишлаб чиқарилмоқда.
Бундан икки йил муқаддам корхонада яна бир янгиликка қўл урилди. Банк томонидан ажратилган 247 миллион сўмлик кредит эвазига хориждан трикотаж газлама ишлаб чиқаришга мўлжалланган технология келтирилди. Натижада ўзлари учун керакли хом ашё шу ерда тайёрлана бошланди. Ишлаб чиқариш ҳажми ва сифати ортиши билан бирга, маҳсулот тури кўпайди. Айни чоғда бу ерда тикувчилик корхоналарига трикотаж матоси етказиб берилмоқда. Бугун ишчилар сони 40 нафарга етди, муҳими, уларнинг кўпчилиги касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидир.
Жорий йилнинг бошидан буён бу ерда 681 миллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, ички бозорга чиқарилди. Улар бозорбоп, сифатли ҳамда импорт ўрнини босадиган бўлгани боис харидорлар эътиборини қозониб улгурди. Бунинг натижасида яқинда жамоа ўз маблағи ҳисобидан 100 миллион сўмлик янги дастгоҳ сотиб олди.
— Маҳсулотимизнинг нархи арзон, сифати эса хорижникидан қолишмайди, — дейди корхона раҳбари Хушнуд Бекметов. — Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш, ишчи-ходимлар даромадини оширишни ният қилганмиз. Йил охиригача 1 миллиард 500 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш мўлжалимиз бор. Яқин келажакда маҳсулотнинг 50 фоизини экспорт қилишни, янги дастгоҳлар келтириб ўрнатишни ва ишчилар сонини 80 нафарга етказишни режалаштирганмиз. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 4 миллард сўмга етказиш истиқболдаги муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади.

 

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn