Одоб-ахлоқ меъёрлари ва ОАВ
  • 04 Июль 2014

Одоб-ахлоқ меъёрлари ва ОАВ

Пойтахтимизда Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситаларини ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази ҳамда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликдаги қўшма лойиҳа доирасида давра суҳбати бўлиб ўтди.

“Журналистлар касбий одоб-ахлоқи меъёрларининг долзарб масалалари” мавзуидаги тадбирда электрон ва босма ОАВ, халқаро ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, юртимизда ахборот соҳасини ислоҳ этиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашга катта эътибор қаратилаяпти. Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий пойдевор яратилиб, у замон талаблари асосида такомиллаштириб борилмоқда.
Шубҳасиз, кенг шарт-шароитлар қалам аҳли зиммасига  янада катта ва шарафли масъулият юклайди. Мазкур фаолиятни профессионализм тамойиллари асосида амалга оширишда эса нафақат қонунчилик, балки одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, журналистнинг асосий вазифаси мамлакатда рўёбга чиқарилаётган кўламли ислоҳотларни кенг ва холис ёритиш, фуқароларнинг масс-медиага бўлган ишончини мустаҳкамлашдан иборат.
Давра суҳбатида Ўзбекистон журналистлари одоб-ахлоқ меъёрлари Касбий кодекси шу жиҳатдан муҳимлиги қайд этилиб, унинг янги таҳрири лойиҳаси батафсил муҳокама этилди. Шу ўринда мазкур ҳужжат жорий йилнинг май ойида биринчи бор соҳа вакиллари иштирокида кўриб чиқилиб, билдирилган таклиф-мулоҳазалар унинг янгиланган вариантига киритилгани ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз.
Тадбирда мавзуга оид бир қатор йўналишларда маърузалар тингланди. Сайлов кампанияси даврида одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш, халқимиз менталитети, маданияти ва қадриятларини ҳисобга олган ҳолда долзарб ижтимоий муаммоларни ёритиш, ОАВ ишининг одоб-ахлоқ нуқтаи  назаридан ўзига хос жиҳатлари каби мавзулар шулар жумласидандир. Айни чоғда хориж тажрибаси муҳокама этилиб, халқаро экспертлар билан “телекўприк” уюштирилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон журналистлари одоб-ахлоқ меъёрлари Касбий кодекси янги таҳрири лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди ва уни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

 

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn