Биз танлаган тараққиёт йўли — ҳар томонлама тўғри ва ҳаётий йўл
  • 03 Июль 2014

Биз танлаган тараққиёт йўли — ҳар томонлама тўғри ва ҳаётий йўл

Ўтаётган ҳар бир кун бизни энг улуғ ва энг азиз айём — мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 23 йиллик шодиёналарига тобора яқинлаштирмоқда. Халқимиз она-Ватанимизнинг шонли тарихидаги ушбу буюк ва ўчмас санани  муносиб кутиб олиш, уни кенг нишонлаш учун катта тайёргарлик кўрмоқда. Зеро, Мустақиллик туфайли асрий орзуларимиз ушалиб, ўзлигимиз қайта тикланди, ҳаётимизнинг маъно-мазмуни, онгу шууримиз тубдан ўзгарди.

У ўз эркимизни қўлимизга олиб, ҳеч кимга қарам бўлмасдан, миллий манфаатларимиз, узоқ ва давомли мақсадларимизни кўзлаб яшаш ва меҳнат қилишга рағбатлантирди. Натижада ўтган тарихан жуда қисқа давр ичида барча соҳаларда мислсиз ютуқларга эришилдики, бу ҳақли равишда жаҳон аҳлининг ҳавасу ҳайратига сабаб бўлмоқда.
Дарҳақиқат, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тараққиётнинг ўзига хос йўли асосида янги демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистонимизни барқарор суръатлар билан ривожлантириш, мамлакатимизнинг халқаро майдонда обрў-эътибори ортиб, ўзига муносиб ўрин эгаллаш имконини берди.

Ким эдиг-у, ким бўлдик?
Истиқлолимизнинг ҳар бир йилида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий соҳаларида қўлга киритилган ютуқлар янада мустаҳкамланиб, янгидан-янги марралар забт этилаяпти. Бундай мислсиз ўзгаришларга ўз ҳаётимиз мисолида гувоҳ  бўлар эканмиз, беихтиёр хаёлимиздан кечаги кун манзаралари бирма-бир ўта бошлайди. Уни бугунги дориламон кунлар билан қиёслаганимизда, қалбимиздаги тилимизга кўча бошлайди: кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлдик?
Яшириб нима қилдик, бизга иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, асосан, пахта хом ашёси етказиб беришга мослашган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган қолоқ республика мерос қолган эди. Аҳвол шу даражада танг эдики, унумдор ерлар ва ажойиб табиий-иқлим шароитига эга Ўзбекистонда аҳоли жон бошига гўшт ва сут маҳсулотлари, ғалла ва ҳатто мева-сабзавот ва картошка истеъмол қилиш собиқ иттифоқнинг бошқа республикаларига қараганда, икки баробар камайиб кетган эди!
Саноатни ривожлантириш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Буни теран тасаввур қилиш учун ўша пайтларда саховатли заминимизда етиштирилган қарийб 6 миллион тонна пахтанинг атиги 8-10 фоизи ўзимизда қайта ишланганини, қолган қисми эса бошқа давлатларда қайта ишланиб, асосий фойда тайёр хом ашёни қайта ишлаган мамлакатларга келиб тушганини айтиш кифоя.
Бугун-чи? Ўзбекистонимиз саноати жадал суръатларда ўсиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган замонавий давлатга айланди. Мустақиллик йилларида республикамиз иқтисодиёти 4,1 баробар, аҳолининг ялпи реал даромадлари жон бошига 8,2 карра ошди, кейинги 9 йил давомида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмасдан келмоқда.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бундай юксак натижаларга қандай қилиб эришилди? Бу қайси омилларга боғлиқ?
Шу ҳақда фикр юритилганда, албатта, давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари ёдга тушади: “Фақатгина биз танлаган босқичма-босқич, тадрижий ривожланиш йўли халқимиз кўзлаган эзгу ниятларга эришишга, замонавий демократик талабларга жавоб берадиган давлат, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият бўлган, қонун устуворлигини таъминлайдиган жамият барпо этишга олиб келиши муқаррар. Буни ҳаётимизнинг ўзи бугун исботлаб бермоқда”.
Чиндан ҳам, дунё ҳамжамиятида “ўзбек модели” деб ном қозонган, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, халқимизнинг давлатчилик тарихи, миллий-диний қадриятлари ҳамда жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш йўли барча ютуқларнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Инсон манфаатлари — олий қадрият
Мутахассисларнинг эътироф этишича, иқтисодиётимизда юз бераётган жиддий таркибий ва сифат ўзгаришларини мамлакат ялпи ички маҳсулотини шакллантиришда саноат ишлаб чиқаришининг ҳиссаси ортиб бораётгани ҳам тасдиқлаб турибди.
Гап шундаки, ЯИМ таркибида саноатнинг улуши 2000 йилда 14,2 фоизга тенг бўлган бўлса, ҳозирги кунда ушбу кўрсаткич 24,2 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда.
Бу давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан саноатни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани, унинг биз учун мутлақо янги тармоқларига асос солингани шарофатидир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Зотан, истиқлол йилларида автомобилсозлик, моторсозлик ва уларга бутловчи қисмлар тайёрлайдиган соҳаларга, нефть ва газни қайта ишлайдиган, фармацевтика маҳсулотлари, замонавий телевизор ва компьютерлар ишлаб чиқарадиган янги-янги саноат тармоқларига асос солинди. Шунингдек, озиқ-овқат, енгил саноат, кимё, қурилиш материаллари саноати ва бошқа тармоқлар тўлиқ модернизация қилинди. Буларнинг барчаси дунё бозорида рақобатдош бўлган товарлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, ички бозорни сифатли ва арзон маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлмоқда.
Саноатимизда қўлга киритилаётган юксак натижалар олий қадрият ҳисобланган инсон ва унинг манфаатларига хизмат қилаётгани билан, айниқса, аҳамиятлидир. Пировардида юртдошларимизнинг ҳаёт даражаси ўсиб, турмуш шароити кундан-кунга яхшиланмоқда. Бугунги кунга келиб, республикамизда яшаётган ҳар учта оиланинг биттаси шахсий енгил автомобилга эга эканлиги, ҳар 100 та оилага ўртача 80 та холодильник, 146 та телевизор тўғри келаяпти.
Шу билан бирга, аҳолининг кир ювиш машинаси, пилесос, микротўлқинли печь, шахсий компьютер ва бошқа зарур воситалар билан таъминланиш даражаси ҳам муттасил ортиб бораётир.
Энди ўзингиз айтинг: илгари бундай шарт-шароитларни хаёлга келтириш мумкинмиди? Асло, йўқ. Ўйлаш, борингки, тасаввур қилиб ҳам бўлмасди.
Биз айни замонда ҳавасларимиз ва орзуларимиз рўёбини кўраяпмиз. Булар, шубҳасиз, Мустақиллик инъоми. Шундай экан, уни астойдил қадрлайлик, шукрона айтайлик.
 
Қишлоқларга кўчган шаҳарлар
Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг аксарият қисми қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Президентимиз таъкидлаганидек, юртимизни янада обод, халқимиз ҳаётини янада фаровон бўлиши ва олдимизда турган вазифаларнинг бажарилиши, авваламбор, қишлоқларимизнинг тақдири ва келажаги билан боғлиқ. Шу боис мустақиллик йилларида қишлоқда турмуш даражасини ошириш, қишлоқ аҳли манфаатларини тўлиқ таъминлашга қаратилган ислоҳотлар давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Юртимизнинг энг чекка гўшалари ҳам тобора обод бўлиб, қишлоқ билан шаҳар ўртасидаги тафовут камайиб бораётир.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2009 йил 3 августда имзоланган “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, айниқса, қишлоқ аҳолисининг тураржой шароитларини тубдан яхшилаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириб юборди. Негаки, мазкур ҳужжатда намунавий лойиҳалар бўйича уй-жой ва ижтимоий аҳамиятга молик объектлар барпо этишнинг барча ташкилий ва ҳуқуқий асослари белгилаб берилди. Таъбир жоиз бўлса,  қишлоқларни обод этиш, замонавий тураржойлар барпо этиш борасида   ўзимизга хос модель яратилди.
2013 йилнинг апрель ойида Тошкентда ўтказилган “Замонавий уй-жой қурилиши — қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзуидаги халқаро конференция қатнашчилари, таниқли экспертлар Ўзбекистоннинг эзгу саъй-ҳаракатини ибратга молик ва ўрганишга лойиқ, деб тан олишди. Ушбу анжуманда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари уюшмаси (АСЕАН), ЮНЕСКО ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, дунёнинг 60 дан зиёд мамлакатидан 300 дан ортиқ олим, мутахассис ва экспертлар иштирок этгани амалга оширилаётган ишларимизнинг улкан аҳамиятини, қадр-қимматини кўрсатиб турибди.
Айтиш жоизки, инсоннинг турмуш даражаси, иқтисодий аҳволи унинг яшаш тарзида намоён бўлади. Буни бундан 20-23 йиллар аввалги қишлоқ манзаралари ва у ердаги турмуш шароитини кўз олдига келтирган киши яхшироқ англайди. Негаки, яқин-яқингача қишлоқ дейилса, гуваладан тикланган кўримсиз уйлар, қишда лой, ёзда тупроқ кўчалар тушуниларди. Қишлоқ аҳолиси саратонни лой чангаллаб, қаҳратонни қор кураб ўтказишга мажбур эди. Ахир пахса деворлар, лой шувоқли томлар бир қишга дош берарди-да!
Президентимиз ҳар гал “Инсон ҳаётга бир марта келади, шундай экан, умрини ҳар жиҳатдан муносиб, тинчлик-осойишталик, фаровонликда ўтказиши керак”, дея айтар экан, қишлоқ жойларда пишиқ ғиштдан кўркам уйлар қуришни кўпайтириш кераклигини қайта-қайта уқтирадилар. Истиқлол йилларида шундай кўрсатмалар асосида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани туфайли қишлоқлар қиёфаси сифат жиҳатдан яхшиланиб бораётир. Қишлоқларимизнинг бугунги жамоли билан кечаги кўринишини асло таққослаб бўлмайди. Аҳоли тураржойлари ва ижтимоий соҳа иншоотлари замонавий лойиҳалар асосида қад ростлаётир.
Фақат сўнгги 5 йилда мамлакатимизнинг 159 қишлоқ туманида 900 дан зиёд янги уй-жой массивлари барпо этилди, намунавий лойиҳалар асосида майдони 4,5 миллион квадрат метр бўлган 33,5 мингдан ортиқ якка тартибдаги уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга, қишлоқ жойлардаги янги массивларда 750 километрлик автомобиль йўллари, узунлиги 1,6 минг километрдан зиёд ичимлик суви қувурлари, 1,2 минг километрлик электр ва газ тармоқлари, 800 дан зиёд ижтимоий, ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси объектлари бунёд қилинди.
Илгари тураржойлар ва ижтимоий соҳа объектларини қуришда миллий анъаналар, маданиятимиз у ёқда турсин, ҳатто табиий-иқлим шароитлари ҳам эътиборга олинмас, қурилиш материаллари етишмаслиги туфайли биргина уй-жойни қуриб битказиш азобдан бошқа нарса эмасди.
Эндиликда аҳолининг қурилиш материаллари излаб, ҳали у кам, ҳали бу етмаяпти, деб елиб-югуришига ҳожат йўқ. Бир неча вариантлардаги лойиҳалардан ўзига маъқулини танлаб, буюртмачи билан шартнома имзолайди, холос. Уй хонадон соҳибига компания томонидан “калити билан” топширилади.
Қувонарли томони, мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб қолингани йўқ. Жаҳон саҳнида муносиб ўрнимизни эгаллаш, тараққиётимизни янада юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилаяпти. Бинобарин, юртимиз кундан-кун обод, турмушимиз тобора фаровон бўлиб бормоқда. Бу эса мустақиллик берган неъматларни асраб-авайлашга, озод ва обод Ватанни севишга, қўлга киритилаётган ютуқлардан фахрланишга ундайди.

 

Саид РАҲМОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Таннархи ярмига арзонлашди Таътилга туҳфа »