Чароғон кунлар қадри
  • 03 Июль 2014

Чароғон кунлар қадри

Пешку туманидаги “Чибоғони” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Робия Султонова табаррук юз ёшдан ошган онахонлардан. Қачон қараманг, у кишини қишлоқдошлари, қариндошлари ва невара-чеваралари даврасида кўрасиз. Ҳар куни кимдир сўроқлаб келади-да.

Мана, яқинда “Нуроний” жамғармаси, туман хотин-қизлар қўмитаси, фуқаролар йиғинидан вакиллар келиб, ҳол-аҳвол сўраб кетишди. Бундан аянинг кўнгли тоғдек кўтарилди.
— Шундай кезларда янада енгил тортиб кетаман, — дейди онахон. — Невараларни ёнимга олиб, “Барчангиз меҳр-оқибатли бўлинглар. Бир майизни қирқ бўлиб еган халқ зурриётларисиз. Шуни унутманглар. Халқимиз бу фаровон кунларга осонликча етишгани йўқ. Унинг қадрига етинглар”, деб насиҳат қиламан...
Робия момони тақдир не-не синовлардан ўтказмади, дейсиз? Ўтган асрнинг 30-йилларидаги очарчилик, Иккинчи жаҳон уруши давридаги қаҳатчилик, турмуш ўртоғи Бозор акани фронтга кузатиб, йўлларига кўз тиккани, эртаю кеч далада машаққат чекканлари-чи,  эҳ-ҳе, уларнинг қай бирини айтасиз. Шунча ғам-ташвишни ушоққина бу аёл қандай кўтарди экан?
Тақдирнинг инояти билан Бозор ака урушдан қайтиб келди. Эр-хотин далада ишлашди. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деганларидек, ёлғиз фарзанд Бобожон ҳам меҳнатга кўнгил қўйиб улғайди. Механизаторлик касбини эгаллади. Оила қурди. Бир этак фарзанд кўрди. Ҳозир пенсияда. Ўғил-қизларининг бари ўзига тинч. Бири чилангар, бири фермер хўжалиги аъзоси, бошқа бири эса хизматчи.
— Яратганга шукр, — дейди Робия момо. — Менга шундай дориламон кунларни кўриш насиб этди. Юртимиз мустақилликка эришган кун ҳам худди кечагидек ёдимда. Ўшанда, адашмасам, 91 ёшда эдим. Ўғлим Бобожон келиб, “Онажон, суюнчи берсангиз, бир гап айтаман. Юртимиз мустақил бўлди”, деди. Шошиб қолганимдан “Энди невараларимни худди отангга ўхшаб бегона юртларга армия хизматига олиб кетишмайдими?” деб сўрабман, денг. “Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади”, дейишгани бежиз эмас-да. Сизга айтсам, кексайганимда тақдир мени сийлади. Ўн икки неварам бор. Улар мени еру кўкка ишонмайди. Баъзан машинада сайр қилдириб келишади. Обод қишлоқлар, бири-биридан чиройли иморатлар, боғу роғлар, мактаблар, тўкин-сочин бозорларни  кўриб, юртимиз бундан-да ривожлансин, дейман. Ўзбекистонимиз жаннатмонанд бўлди. Уни обод ва гўзал, боғу бўстон Ватанга айлантирган Президентимиз омон бўлсин!

Мустақиллик тенгдоши
— Баъзан кексалардан халқимизнинг яқин ўтмиши ҳақидаги воқеаларни эшитганимда, улар гўё бир пайтлар отам сўзлаган ҳикоянинг давомидек бўлиб туюлаверади, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолларидан бири Талъат Ҳалимов. — Айтишларича, бундан ўттиз йил илгари ҳам қишлоқларда болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун тузукроқ шарт-шароитлар бўлмаган. “Ҳали ўсмирлик пайтимиздаёқ тирикчилик важидан қўлга кетмон олиб, далага кетардик”, дейди отам.
Томидан чакки ўтадиган синфхона, ёзда тупроғи тўпиққача ботадиган кўчалар, бутун бошли қишлоқда атиги бир-иккита автомашина бўлгани ҳақида айтганлари худди эртакни эслатади.
Мустақиллик тенгдоши бўлган Талъат сингари ёшлар учун у дамлар эртакка ўхшаши бор гап. Лекин ҳақиқат шундаки, ёзда чанг, қишда лой босган кўчалар бугун равон ва обод йўлларга айланган. Мактаб, лицей, коллежлардаги шарт-шароит кўрса, ҳавас қилгулик даражада. Қишлоқ ёшлари бўш вақтини замонавий спорт иншоотларида ўтказмоқда. Биргина мисол, Робия момо яшайдиган қишлоқда истиқлол йилларида намунавий лойиҳалар асосидаги тураржойлар, савдо ва сервис хизмати шохобчалари қад ростлади. Умумтаълим мактабининг қўш қаватли янги биноси қурилиши поёнига етказилмоқда. Қишлоқдаги деярли ҳар бир хонадонда юртимизда ишлаб чиқарилган енгил автомашина бор.
Талъат улғайган Ромитан туманидаги  Челонғу қишлоғини айтмайсизми? Бу ерда кейинги йилларда бунёд этилган намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар, спорт майдончаси, тўй-маросим заллари, савдо шохобчаси, замонавий қиёфадаги мактаб, педагогика коллежи қадимий қишлоқнинг қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Талъат ана шундай тўкис шарт-шароитда ўқиб, малакали мутахассис бўлиб етишди.
Дарвоқе, унинг отаси Тўра Ҳалимовни вилоятда яхши танишади. Тўра ака юртимиз тарихининг билимдонларидан. Ромитаннинг ўтмиши ва бугунги куни ҳақида кўплаб рисолалар битган бу инсон, бир неча йилдирки, Бухоро давлат университети қошидаги 4-академик лицейда ёшларга сабоқ бериб келмоқда. Ёшларни истиқлол ғояларига ҳамда она-Ватанга садоқат руҳида тарбиялашдек шарафли ишга қўшган ҳиссаси учун давлатимиз раҳбари томонидан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
Талъатга келсак, у яқинда Бухоро давлат университетининг магистратура бўлимини тугатди. Худди отаси каби тарихчи. Ижодкорлиги ҳам бор. Ҳикоялар ёзиб туради. Ёш ижодкорларнинг Дўрмонда бўлиб ўтган республика семинари иштирокчиси. “Юрт келажаги” танловининг вилоят босқичида эса ғолиблар қаторидан жой олди. Унинг муҳим фазилати — китоб қўлидан тушмайди. Робия момога ўхшаган табаррук ёшдаги инсонлар ҳикояларини жон қулоғи билан тинглайди. Ёш авлод таълим-тарбияси билан шуғулланишни ният қилган ҳар қандай киши учун бу жуда зарур, деб ҳисоблайди. Токи, истиқлол йилларининг фарзандлари бугунги дориламон кунлар қадрини, Ўзбекистон деган юрт, чиндан ҳам, бахт ошёни эканини янада чуқурроқ англаб етишсин. Ахир шундай юртда яшамоқнинг ўзи мислсиз бахт эмасми?!.

 

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn