Ягона интерактив давлат хизматлари портали
  • 02 Июль 2014

Ягона интерактив давлат хизматлари портали

 

 

 

турмуш сифатини яхшилашда алоҳида ўрин тутади

Бундан бир йил муқаддам 1 июль куни Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz манзилида ўз фаолиятини бошлаган эди. “Электрон ҳукумат” тизимининг мазкур механизми асосида ҳамюртларимиз учун кўплаб қулайликлар тақдим этилди. Шу асосда вақт, масофа, сарф-харажатдан ютиш имконияти яратилди. Бу эса аҳоли ва давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни янада оптималлаштиришга йўналтирилгани билан долзарбдир.
Ўтган давр давомида кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилгани шундай дейишимизга асосдир. Жумладан, 500 дан зиёд давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар ушбу порталга уланди. Турли соҳаларни қамраб олган 200 хилдаги интерактив хизматлар жорий қилинди. Давлат органлари раҳбарлари қабулига ёзилиш, давлат органларида мавжуд бўш иш ўринлари учун маълумотномаларни юбориш, биометрик паспортни олиш юзасидан ариза юбориш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишда баъзи бир рухсат бериш жараёнларини амалга оширишнинг онлайн тизимлари омма эътиборига ҳавола этилди. Булар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси маълумот берди.
Ўз навбатида, Ягона порталдан фойдаланиш бўйича давлат органлари масъуллари учун ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, қўлланмалар ишлаб чиқилди, ўқувлар йўлга қўйилди. Аҳоли мурожаатларини олиш, қайта ишлашнинг марказлашган тизими татбиқ қилиниб, унинг ёрдамида кўриб чиқиш муддатлари ва сифатини назорат қилиш, мониторингини йўлга қўйиш имкони пайдо бўлди.
Пировардида шу пайтгача келиб тушган 20 мингта мурожаатнинг қарийб асосий қисмига ваколатли давлат идоралари томонидан жавоб йўлланган бўлса, қолгани кўриб чиқиш жараёнида. Таҳлиллар аҳолининг 85 фоизи давлат органлари жавобини электрон почта орқали олишни афзал кўришини кўрсатаётгани ҳам диққатга сазовор.
Ҳозирги кунда мурожаат йўллаш, меҳнат стажи тўғрисидаги архив маълумотномасини олиш, тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш учун онлайн ариза юбориш, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида жорий қилинган синов лойиҳа — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун биометрик паспорт олишда онлайн ариза юбориш Ягона порталдаги энг кенг фойдаланилаётган хизматлардир.
Энг кўп мурожаат юборилган ташкилотлар сифатида Ички ишлар ва Адлия вазирликлари, Марказий банк, “Ўзархив” агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлигини кўрсатиб ўтиш мумкин. Хизматдан қаноатланиш даражаси бўйича энг юқори баҳо олган ташкилотлар қаторида эса  Давлат статистика қўмитаси, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банки, Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, “Ўзвиносаноат-холдинг” холдинг компанияси бор. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддати бўйича энг олди бешталикдан эса  Марказий банк, Электр энергетика назорати бўйича Давлат инспекцияси, “Ўзархив” агентлиги, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ўрин олган. Бу борада қолоқликка йўл қўяётган айрим маҳаллий ҳокимлик ва давлат ташкилотлари ҳам йўқ эмас. Уларнинг соҳадаги фаолиятини янада такомиллаштириш лозим.
Айни пайтда my.gov.uz ишбилармонларни қўллаб-қувватловчи электрон енгилликларни амалиётга татбиқ этишга катта эътибор қаратмоқда. Чунончи, 2014 йилдан бошлаб у ерда тадбиркорлик фаолиятини рўйхатга олиш хизмати жорий этилди. Ўз навбатида, ишбилармонлар ўз ҳақ-ҳуқуқлари бузилган, тўсиқларга дуч келган, ишларига асоссиз равишда аралашиш юз берган ҳолатларда Ягона портал орқали Вазирлар Маҳкамаси, адлия органларига мурожаат қилишлари мумкин.
Бундан ташқари, фуқаролар Ягона порталнинг “Call-center” маълумотлар хизмати (“1060” рақами) орқали қўнғироқ қилиб, ариза, таклиф ва шикоятларини давлат органларига юборишмоқда. Мазкур усулда хизмат кўрсатиш бепул бўлиб, қўнғироқ қиймати абонентнинг шаҳар телефонларига чиқиш тарифи нархларида белгиланган. Эътиборлиси, “Call-center” орқали бир йил мобайнида 7630 та сим қоқиш кузатилди ва давлат органларига қарийб 1250 аҳоли мурожаатлари жўнатилди.
Шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали фаолияти сифатини ошириш мақсадида янги ташаббуслар рўёбга чиқарилаётир. Мисол учун, “Архив маълумотларини онлайн тақдим қилиш”, “Судланганлик ёки судланмаганлик тўғрисидаги маълумотни онлайн тақдим этиш” оммабоп хизматлари йўлга қўйилди. Бинобарин, ижтимоий тармоқларда ҳам ушбу портал оммалашиб, одамлар бир-бирларига давлат органлари фаолиятига дахлдор турли масалаларни ҳал қилишда порталдан фойдаланишни маслаҳат беришмоқда.
Ягона порталнинг “Мулоҳазалар” бўлимига эса бундай қулайликдан миннатдор бўлиб, фикр йўллаётганлар сони ҳам ошиб бораётгани диққатга сазовор. Уларнинг иккитасига эътиборингизни қаратамиз.
— Мен Ягона порталнинг бекаму кўст имкониятларидан биринчи маротаба ҳайратланаётганим йўқ, — деб ёзиб қолдирган улардан бири. — Портал ёрдамида табиий газ, электр энергияси, чиқиндихоналар, ёнилғи, ичимлик суви каби масалалар юзасидан камчиликларни бартараф қилдим. Мана, энди у йўлда ҳам, ишда ва уйда ҳам яқин кўмакчим.
— Муаммони ўз вақтида ҳал қилишгани учун катта раҳмат, — дея муносабат билдирган яна бир фойдаланувчи. — Эътирозим йўқ. Икки йилча аввал қувурларни алмаштириш чоғида иситиш тизимида юзага келган муаммо масъул ташкилотга юборган мурожаатимдан кейин, саноқли соатлар ичида ижобий ҳал этилди. Бу уйда менинг бобом ва бувим истиқомат қилишади. Уларнинг миннатдорчилигининг чеки йўқ.
Албатта, ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Шу боис Ягона портални изчил такомиллаштириб бориш давр тақозосидир. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони муҳим пойдевордир. Унга биноан, жорий йилда яна қатор янги хизматлар тақдим этилиши кўзда тутилган эди. Масалан, тадбиркорлик субъектлари коммунал хизматларга оид юзага келадиган муаммолар, хусусан, сувнинг кучсиз босими, иссиқ сувнинг паст ҳарорати, электр энергияси ва газнинг огоҳлантиришларсиз узиб қўйилиши, сув оқова муаммоси ёки чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетилмаслиги билан боғлиқ масалаларда шикоятларни йўллаш имконига эга бўлдилар.
Мухтасар айтганда, бундай ижобий ўзгаришларнинг барчаси инсон ва унинг манфаатларини тўла рўёбга чиқариш, юрт равнақи, аҳоли турмуш сифати ҳамда фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

 

Саиджон МАХСУМОВ.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn