Ташаббус ва интилиш самараси
  • 02 Июль 2014

Ташаббус ва интилиш самараси

 

 

 

Юртимиз азалдан ўзининг сархил мевалари, ширин-шакар полиз ва сабзавот маҳсулотлари билан машҳур. Серқуёш заминимизда етиштирилаётган ушбу неъматлар таъми ҳамда фойдали витаминларга бойлиги билан ҳам ажралиб туради.

Таъкидлаш жоизки, деҳқонларимиз бундай маҳсулотларни нафақат парваришлаш, балки сақлаш, халқимиз дастурхонига узлуксиз етказиб бериш борасида ҳам омилкор. Бу тажриба яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференцияда алоҳида таъкидланди.
— Ушбу йўналишдаги ишлар Оролбўйида ҳам жадал ривожланмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг деҳқончилик бўлими мутахассиси А. Камолов. — Жорий йилда ҳудудда 21 лойиҳа асосида умумий сиғими 2700 тонналик замонавий музлаткич-омборхона қуриш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда уларнинг бир нечтаси фойдаланишга топширилди. Бунда молия муассасалари томонидан Кегейли туманидаги “Кегейли холод” масъулияти чекланган жамиятига 250 миллион сўм, Элликқалъа туманидаги “Гулдурсинсавдо” масъулияти чекланган жамиятига 100 миллион сўм миқдорида кредит ажратилгани муҳим омил бўлди.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 ноябрдаги қарорига биноан, жорий йилда 16 минг 695 гектар майдонда сабзавот, 6 минг 768 гектар ерда картошка, 11 минг 618 гектар пайкалда полиз экинлари парваришланмоқда.
Ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, уларни арзон нархларда истеъмолчиларга етказиб бериш ҳақида гап кетганда, хўжайлилик тажрибали деҳқон Рабиға Жумамуратованинг фаолияти алоҳида тилга олинади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки у раҳбарлик қилаётган “Еркин Кенегес” агрофирмасида етиштирилган маҳсулотлар, мана, бир неча йилдирки, “Хўжайли деҳқон бозори” акциядорлик жамияти билан тузилган шартномага мувофиқ, аҳолига арзон нархларда сотилаяпти. Ўтган йили олинган фойда ҳисобидан эса полиз ва сабзавот экинлари кўчатлари ҳам шу ерда етиштирилаётир. Яна бир янги йўналиш — асаларичилик йўлга қўйилган. Эрта баҳорда эса 110 туп турли мевали дарахтлар кўчати ўтқазилиб, боғ яратилди.
Дарҳақиқат, бугун Қорақалпоғистон Республикасида бундай ташаббускор боғбонлар кўп. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 13 мартдаги “2013 — 2015 йиллар даврига республикада узумчиликни янада ривожлантириш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, шу давр мобайнида жами 900 гектар майдонда янги токзорлар барпо этиш, 164 гектарлик эски токзорларни қайта тиклаш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилгани, жорий йилнинг ўзида 300 гектар майдонга 360 минг туп ток кўчати қадалгани, 104 гектар ҳудудда маҳаллий, 37 гектар ерда интенсив боғ ташкил этилгани инобатга олинса, соҳибкорлар сафи тобора кенгайиб бораётгани аён бўлади.
— 6,5 гектарлик боғимиз мавжуд, — дейди Хўжайли туманидаги “Абдураҳмон-Алибек-Хўжайли” агрофирмаси раҳбари Жумамурот Ўтемуратов. — Айни пайтда пишиб етилган ширин-шакар меваларнинг бир қисмини Тахиатош шаҳридаги фахрийлар санаторийсига, 1-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига хайрия тариқасида тақдим этаяпмиз. Бу борадаги ишларимизни ривожлантириш мақсадида жорий йилда боғимизга яна 200 туп тезпишар ва серҳосил мевали дарахт кўчатларини қададик.
Шу кунларда қорақалпоғистонлик боғбон ва деҳқонлар жорий йилги ҳосилни йиғиштириб олиш билан банд. Улар томонидан ҳозирги кунгача аҳоли дастурхонига қарийб 875 тонна сабзавот, 90 тонна мева етказиб берилди. Буларнинг бари мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалдаги самарасидир.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn