Бурч ва масъулият
  • 01 Июль 2014

Бурч ва масъулият

Президентимизнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригини нафақат шу соҳа вакиллари, балки барчамиз катта қизиқиш ва мамнуният билан тингладик.

Унда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида оммавий ахборот воситаларининг тутган ўрни муҳим экани алоҳида таъкидланиб, ўтган давр мобайнида миллий матбуотимизни замон талаблари даражасида равнақ топтириш йўлида амалга оширилган кўламли ишлар ва уларнинг самаралари алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, бугунги глобаллашув жараёнларида қалам аҳли олдида турган долзарб вазифалар хусусида фикр билдирилди. Бундан биз, кенг жамоатчилик вакиллари ҳам ўзимиз учун тегишли хулосалар чиқариб олишимиз зарур.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон тарихан қисқа даврда сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий, ҳуқуқий соҳаларда, умуман, жамиятимизнинг турли жабҳаларида улкан ютуқларга эришиб, жаҳон ҳамжамиятининг ҳурмат ва эътирофига сазовор бўлди. Ушбу жараёнда оммавий ахборот воситалари ҳам жадал ривожланиб бораётгани қувонарлидир. Хусусан, ОАВнинг ҳуқуқий, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва янгилаш, техник ва технологик модернизация қилиш, кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳа ходимлари меҳнатини моддий ҳамда маънавий рағбатлантириш мақсадида ҳаётга татбиқ этилган улкан чора-тадбирлар газета-журналлар, теле ва радиоканаллар, умуман, медиа тармоқларининг халқимиз илмий-маърифий, маънавий-маданий савиясини юксалтириш йўлидаги изчил фаолияти мисолида яққол кўриниб турибди.
Бугунги кунда юртимизда 1400 га яқин оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ҳар бири ўз ўқувчисига, томошабинига эга бўлиб, аҳолимизнинг дунёқараши ва маънавий оламини бойитишга хизмат қилаяпти. Масалан, “Халқ сўзи” газетаси — номига муносиб нашр. У, энг аввало, янгиликлар хабарчиси, одамларни эзгуликка, аҳилликка, ижодкорликка, янгича фикрлашга ундовчи мулоқот майдонидир. Газета саҳифаларида Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунлар, фармонлар, қарорлар, тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, даврнинг энг долзарб мафкуравий, ғоявий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, иқтисодий, ҳуқуқий, тарихий мавзулар билан биргаликда, дунё тараққиёти, ундаги геосиёсат ҳамда оламшумул янгиликлар, тушунарли, публицистик услубда қизиқарли, халқона тарзда берилади. Табиийки, бу турли касб эгалари бўлган муштарийларда янгича фикр уйғотади. Таниқли зиёлилар, етук мутахассислар, давлат ва маданият арбоблари, ишлаб чиқариш илғорлари ушбу нашрда мазмунли, муаммоли мулоқотлар асосида чиқишлар қилиб, халқимиз тафаккурини кенгайтириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга беқиёс ҳисса қўшмоқда.
Иш юзасидан жойларда бўлганимизда, муштарийларнинг даврий нашрлар, хусусан, “Халқ сўзи” газетаси тўғрисидаги фикрларидан одамларнинг янгиликлар, давлат сиёсатига, ислоҳотларга бефарқ эмаслигини англаймиз. Улар газетада бериб борилаётган “Абадият гулшани”, “Юзма-юз”, “Кўнгил хиёбони”, “Онажоним — табиат”, “Водийларни яёв кезганда” каби саҳифалар ҳақида тўлқинланиб баҳс-мунозара қилганликларига, ўзларининг самимий муносабатларини билдирганликларига кўп бор гувоҳ бўлганман. Бундай жиҳатлар, албатта, диққатга сазовор.
Миллий матбуотимиз ютуқлари ҳақида ҳар қанча гапириш мумкин. Лекин турли ғоя ва манфаатлар кураши тобора кучайиб бораётган бугунги замон улар зиммасига янгидан-янги вазифаларни қўймоқда. Президентимиз табригида бу ҳақда, жумладан, шундай дейилади: “Ҳозирги вақтда ён-атрофимизда ўзини оқламаган ва умрини ўтаб бўлган эски тизим ва мафкураларни қўмсашга бўлган уринишлар тобора тарқалиб ва кучайиб бораётган бир пайтда бундай кучларнинг қармоғига тушиб қолмаслик учун ахборот соҳасида етти ўлчаб бир кесиш, халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг кўзини кенг очиб бериш, уларни иродаси мустаҳкам, иймони бақувват инсонлар этиб тарбиялашда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва масъулияти тобора ортиб бормоқда ва бу ўта муҳим вазифани адо этишда биз, аввало, сизларга, сизларнинг билим ва тажрибангиз, профессионал маҳоратингиз, гражданлик позициянгизга таянамиз.
Ёшларимизни айнан ана шу руҳда — миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаб, ҳар томонлама баркамол авлодни камол топтирадиган бўлсак, ҳеч шубҳасиз, эртанги ҳаётимизнинг энг мустаҳкам пойдеворини қурган бўламиз”.
Бу фикрлар ҳар бир қалам аҳлидан, қолаверса, ўзини маънавият соҳасига бағишлаган барча инсонлардан ватанпарварлик, халқпарварлик туйғуси билан яшашни, шу элнинг фидойи ва жонкуяр фуқароси сифатида унинг шаъни ва манфаатларини муносиб ҳимоя қилишни талаб этади. Бинобарин, жамият олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда қилинган меҳнат, ҳеч қачон бесамар кетмайди.

Тангир САТТАРОВ,
Республика Маънавият тарғибот маркази Самарқанд шаҳар бўлими раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn