Тезкорлик, холислик ва ҳозиржавоблик
  • 30 Июнь 2014

Тезкорлик, холислик ва ҳозиржавоблик

мамлакатимиз ахборот майдони нуфузи ва мавқеини мустаҳкамлайди

Ҳар қандай жамиятда ишончли, тезкор, холис ахборот қадрланади ва бугунги кунда инсониятнинг бундай ахборотларга эҳтиёжи ортиб бормоқда. Мамлакатимизда айни шу жиҳатлар инобатга олинган ҳолда миллий журналистиканинг сифати, маҳорат ва таъсирчанлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар қайси инсоннинг ҳаёти — айнан ахборот-коммуникация соҳалари билан узвий ва чамбарчас боғланиб бораётганини инобатга олмайдиган мамлакат ўз ривожида умумбашарий тараққиётдан четда қолиб кетиши ва интеллектуал бойлигидан жудо бўлиши табиийдир.
Кеча пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида ўтказилган тантанали маросимда мана шу жиҳатларга яна бир карра эътибор қаратилди. 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда депутатлар, сенаторлар, турли вазирлик ва идоралар ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлар, матбаачилар, фахрий журналистлар, олий таълим муассасаларининг журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси  Х. Султонов ўқиб эшиттирди.
Тантанада сўзга чиққанлар мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида оммавий ахборот воситаларини босқичма-босқич равнақ топтириш, миллий матбуотимизнинг таъсирчанлигини ошириш, бунинг учун барча шарт-шароитни яратиш масаласи Президентимизнинг доимий эътиборида эканини таъкидладилар.
Мустақиллик йилларида миллий матбуотимиз замонавий талаблар асосида тубдан янгиланиб, ривожланиб бормоқда. Бугунги кунда юртимизда 1400 га яқин газета ва журнал, электрон, интернет медиа тузилмалар самарали фаолият кўрсатаётир. Мавжуд теле ва радиоканалларнинг 66 фоизини, босма нашрларнинг 50 фоиздан ортиғини нодавлат оммавий ахборот воситалари ташкил этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 30 декабрда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги қарори барча медиатузилмалар, нашриётлар, полиграфия корхоналари ва матбаа тарқатувчи ташкилотларни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг мустақиллигини таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари устидан жамоат назоратини ўрнатишда янги имкониятларни очмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 5 майда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни фуқароларнинг ахборот соҳасига оид ҳуқуқларини янада кенг таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъулиятини тобора кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан анъанавий тарзда ўтказилаётган “Йилнинг энг фаол журналисти” республика  кўрик-танлови ғолиб ва совриндорлари тақдирланди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан оммавий спорт тарғиботи бўйича фаоллик кўрсатган журналистларга совға ҳамда дипломлар топширилди.
Йиғилишда мукофотланганлар номидан сўзга чиққанлар миллий оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, жаҳон андозалари талаблари даражасида фаолият кўрсатиши учун зарур шароитларни яратиш, ижодкорлар меҳнатини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётгани учун Президентимиз Ислом Каримовга миннатдорлик билдирдилар.
Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси
Э. Боситхонова иштирок этди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn