Жамоатчилик билан самарали алоқалар
  • 27 Июнь 2014

Жамоатчилик билан самарали алоқалар

 

 

 

демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг муҳим шартидир

Пойтахтимизда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан БМТнинг Тараққиёт дастури кўмагида “Ахборот хизматларининг оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан самарали ҳамкорлиги масалалари” мавзуида икки кунлик республика семинар-тренинги ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгеси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари ахборот хизмати раҳбарлари, Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси вакиллари, ФЖШМҚМИ мутахассислари, медиа-соҳа экспертлари қатнашди.
Маълумки, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини кенг рўёбга чиқариш юртимизда демократик жамият барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида бу борада устувор вазифалар белгиланган. Уларнинг изчил амалга оширилиши эса ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда асосий эътибор давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлашда ахборот хизматларини янада ривожлантириш, ахборот хизматлари вакилларининг назарий ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилди.
Семинар-тренинг давомида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш борасидаги миллий меъёрий-ҳуқуқий база ҳамда ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий механизмлар мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида батафсил фикр юритилди. Таъкидлаб ўтилганидек, жорий йилнинг май ойида қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши, Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг ривожланиши, шунингдек, мамлакатимизда парламент сайловлари олдидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматларининг ОАВ билан ўзаро ҳамкорлиги фаоллашуви эзгу мақсад рўёбига — аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларга тўғри, холис, аниқ маълумотга асосланган ахборотни тўлиқ етказишга имконият яратади.
Тадбирда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича олиб борилган мониторинг натижаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, давлат органлари расмий веб-сайтлари самарали фаолиятини таъминлаш, уни янада такомиллаштириш, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ушбу веб-сайтлар учун белгилаб қўйилган асосий талабларни бажариш масалалари ҳам қизғин муҳокама қилинди.
Интерактив усулда ўтказилган семинар-тренингда иштирокчилар ахборот соҳасини янада такомиллаштиришнинг асосий омиллари юзасидан ўзаро тажриба алмашдилар. Таъкидланганидек, бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши ҳамда унда соҳа мутахассисларининг билдирган фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсиялари ахборот хизматлари салоҳиятини, айниқса, ходимларнинг касбий маҳоратини оширишда қўл келади.
Тадбир якунида бундай семинарларни бошқа ҳудудларда ҳам давлат органлари ахборот хизмати вакиллари иштирокида ўтказишга келишиб олинди.

З. АШУРОВА.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn