Интенсив ва тежамкор технологиялар
  • 25 Июнь 2014

Интенсив ва тежамкор технологиялар

Президентимиз ташаббуси билан яқинда Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро  конференция иштирокчилари юртимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатига юқори баҳо берар экан, жумладан, узумнинг “Ҳусайни”, “Тоифи” навларидан, шунингдек, майиз сотиб олиш бўйича ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканликларини таъкидлашди.

Чиндан ҳам, узумчилик республикамиз қишлоқ хўжалигининг жадал ривожланаётган тармоқларидан биридир. Айни пайтда мавжуд токзорларнинг умумий майдони қарийб 130 минг гектар бўлиб, шундан 96 минг гектарга яқини фермер хўжаликлари тасарруфида.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 13 мартдаги “2013 — 2015 йиллар даврига республикада узумчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори токзорларни кенгайтириш, уларнинг ҳосилдорлигини ошириш, тармоқда интенсив ва тежамкор технологияларни кенг қўллашда дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти.
Негаки, мазкур ҳужжатда 22,5 минг гектар янги токзор барпо этиш, шу жумладан, “Ўзвиносаноат-холдинг” холдинг компанияси тизимида дунё бозорида танилган номдор узум навлари майдонларини кўпайтириш вазифаси белгилаб берилган эди.
Мутахассисларнинг айтишича, янги токзорлар барпо этиш жараёнида хўраки, кишмишбоп ва саноатбоп навлар мутаносиблигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада уларнинг 43 фоизини хўраки, 28 фоизини кишмишбоп, қолган қисмини саноатбоп навлар ташкил этаяпти.
— Саноат корхоналари ўз токзорларига эга бўлаётгани ички ва ташқи бозорга рақобатбардош маҳсулотлар етказиб бериш имкониятини кенгайтирмоқда, — дейди “Ўзвиносаноат-холдинг” холдинг компаниясининг қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Адиба Ахмеджонова. — Қарорга мувофиқ, ўтган давр мобайнида компания тизимидаги корхона ва ташкилотларда 5,3 минг гектар токзорлар барпо этилди. Пировардида ўтган йили қайта ишланган 123,8 минг тонна узумнинг 18 минг тоннаси мазкур токзорлар ҳосили улушига тўғри келди. Жорий йилда эса бу кўрсаткич 30 минг тоннадан ошиши кутилаяпти.
Мамлакатимизда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қаторида узум етиштириш ҳам муттасил кўпайиб бораётир. Мисол учун, 2004 — 2013 йилларда бу неъматни тайёрлаш ҳажми 8,7 баробар ўсиб, аҳоли жон бошига 44 килограммни ташкил этди. Экспертларнинг фикрича, бу оптимал, яъни мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўп бўлиб, алоҳида эътиборга моликдир.   
Пойтахтимизда узумчиликни ривожлантириш, қайта ишлаш корхоналарини модернизациялаш ва хом ашё базасини мустаҳкамлаш масаласига бағишланган анжуманда ана шу ҳақда сўз юритилди. Қайд этилганидек, янги токзорлар бунёд этилаётгани, эскиларини қайта тиклаш бўйича изчил чора-тадбирлар кўрилаётгани маҳсулот тайёрлаш ҳажмини йил сайин кўпайтириш имконини бераётир. Жумладан, жорий йилда 1 миллион 400 минг тонна узум етиштирилиши кутилаяпти. “Ўзвиносаноат-холдинг” холдинг компанияси шундан саноатбоп бўлган 132 минг тоннасини харид қилиш бўйича фермер хўжаликлари билан шартнома тузган.
Узумларнинг хўраки навлари махсус совутқичларда сақланиб, истеъмолчиларга сархил ҳолида етказиб берилса, кишмишбоп навлар майизи харидорларга тортиқ этилади. Зеро, узумнинг энг аълоси Ўзбекистонда етиштирилади. Унинг таркибидаги табиий шакар 28 фоизгача етади, бу кўрсаткич дунёнинг бошқа жойларида эса 16 фоиздан ошмайди. Шунинг ўзиёқ фикримиз тасдиғидир.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn