Кучли ижтимоий ҳимоя
  • 24 Июнь 2014

Кучли ижтимоий ҳимоя

инсон шаъни, қадр-қиммати ва унга эҳтиром мезонидир

Юртимизда аҳоли манфаатларини таъминлаш, айниқса, ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар ҳолидан хабар олиш, ғамхўрлик кўрсатиш учун барча зарур шарт-шароит яратилган.
Бинобарин, Конституциямизда ва қатор қонун ҳужжатларида бу борадаги меъёрлар мустаҳкамлаб қўйилгани амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтирмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 30 майдаги “2011 — 2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори уларнинг аниқ манзилли ижтимоий муҳофазасида дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан, энг аввало, кексалар ва ногиронларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизмат сифати яхшиланиб, тиббий-ижтимоий муассасалар замонавий талаблар асосида қайта таъмирланмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан вазирлик тасарруфидаги Саховат, Мурувват уйлари, болалар Мурувват уйлари, Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати ва сиҳатгоҳларда юқори даражада тиббий хизматлар кўрсатилаётир.
Қайд этиш жоизки, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини аниқлаш, уларга ижтимоий ҳимоянинг манзиллигини таъминлашда Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, ўтган даврда 21 минг нафар ёлғиз кекса, пенсионер ва ногирон рўйхатга олиниб, уларга уй шароитида ижтимоий-маиший хизмат кўрсатилди. Мингга яқин ёлғиз кексалар Саховат уйларида, 6 мингдан ортиқ ногиронлар Мурувват уйларида тўлиқ давлат таъминотига олинди.
Ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини кучайтириш ва янги технологиялар жорий этиш йўналишида кўрилаётган аниқ чора-тадбирлар натижасида эса ижтимоий хизмат тизимининг янги технологиялари, хусусан, прокат пунктлари, ижтимоий такси, мобиль ижтимоий гуруҳ, ижтимоий томорқа ва бошқалар ташкил этилиб, уларнинг фаолиятлари янада такомиллаштирилди.
Ёлғиз пенсионерларни даволаш, соғломлаштириш, уларга геронтологик ва гериатрик ёрдамни кучайтириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир. Албатта, бунда соғлиқни сақлаш муассасалари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Соғлом авлод учун” жамғармаси ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари кенг йўлга қўйилгани ижтимоий хизматлар кўламини ошириш ва сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунончи, ҳар йили 4,6 минг нафар пенсионер амбулатория, 2,8 минг нафардан зиёди стационар ва 6,6 минг нафардан кўпи уй шароитида ўз саломатлигини тиклаш имкониятига эга бўлгани бунинг яққол далилидир. 
Бундан ташқари, фаолиятимиз давомида ёлғиз пенсионерлар ва ногиронларнинг турмуш шароитини яхшилаш учун зарур қулайликлар яратиш, пировардида тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, Давлат дастурида тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қурилиш ва таъмирлаш ишлари учун жами 42,5 млрд. сўм ажратиш режалаштирилган бўлиб, ҳар йили вазирлик тасарруфидаги тиббий-ижтимоий муассасаларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, Қўқон ва Хива  Мурувват уйлари, Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, Тошкент шаҳар 2-сонли болалар Мурувват уйида қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, ўтган даврда 3096 нафар якка-ёлғиз, ногирон ҳамда кам таъминланган оилалар уйлари таъмирлаб берилди. Ушбу тадбирларга 1,2 млрд. сўм миқдорида ҳомийлар маблағи сарфланди. Мазкур саъй-ҳаракатлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда.  
Шу ўринда аҳолини ижтимоий ҳимоялашда нодавлат нотижорат ташкилотлари, маҳаллий ҳомий ташкилотларнинг ҳиссасини алоҳида эътироф этиш жоиз. Хусусан, ҳар йили “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондининг тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари томонидан ўртача 2,3 минг нафардан зиёд ёлғиз кексалар ва ногиронларга патронаж хизмати кўрсатилмоқда. Ёлғиз кексалар ва ногиронларни бепул дори-дармон билан таъминлаш ишининг 64 фоиздан ортиғи маҳаллий ҳомийлар ҳисобига тўғри келаётгани эътиборга молик.
Мухтасар айтганда, мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида ёлғиз кексалар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи инсон ҳуқуқ ва  эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда. Зеро, инсон шаъни, қадр-қиммати эъзозланган юртда фаровонлик, хотиржамлик, энг асосийси, тинчлик барқарор бўлади.


Баҳодир ШАРАПОВ,
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирлари
мониторинги ва таҳлили бошқармаси бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn