Гўзаллик саноати ютуқлари намойиши
  • 20 Июнь 2014

Гўзаллик саноати ютуқлари намойиши

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида аҳолининг тиббий маданиятини янада юксалтириш, айниқса, хотин-қизлар саломатлигини муҳофазалаш, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш юзасидан кенг қамровдаги ишлар амалга оширилаётир. Ижтимоий аҳамиятга эга давлат дастурларида бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, барча соҳада хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга устуворлик берилмоқда.

Хусусан, маҳаллий хом ашё негизида табиий ва экологик тоза, ишончли ва сифатли даволаш-косметика маҳсулотлари ишлаб чиқаришда, аёллар талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, маиший шохобчалар, гўзаллик салонлари барпо этишда тадбиркорлик субъектлари учун зарур шарт-шароитлар яратилганки, буларнинг барчаси, авваламбор, аёлларимизнинг бугунги ҳаётдан рози бўлиб, соғлом ва бахтиёр турмуш кечиришига хизмат қилаётир. Зеро, Президентимиз мамлакатимиз Конституциясининг 21 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, аёлни қадрлаш, уни оғир ишлардан халос этиш, турли касалликлардан ҳимоя қилиш — эр йигитнинг, бутун жамиятнинг бурчидир.

Пойтахтимиздаги “Наврўз” саройида очилган “BeautyExpo Uzbekistan — 2014” гўзаллик саноати кўргазмаси айни шу жиҳатдан аҳамиятлидир. “Eхро position” масъулияти чекланган жамияти ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган мазкур анъанавий халқаро кўргазмада маҳаллий ва хорижий корхоналар маҳсулотлари намойиш қилинмоқда. Тадбирдан кўзланган мақсад гўзаллик саноати соҳасидаги ютуқларни намойиш этиш, табиий маҳсулотлар асосида яратилган даволаш ва пардоз маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашишига имкон яратишдан иборатдир. Унда  мамлакатимиз билан бирга, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Англия, Италия, Россия, Польша каби 18 давлатнинг 55 компания ва фирмаси ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Кўргазмадан гигиеник воситалар, маиший кимё, биологик фаол моддалар, фармацевтик препаратлар, фитотерапия, безак косметикаси ва атторлик маҳсулотлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари учун ускуналар каби ўнлаб турдаги маҳсулотлар жой олган. Бу йилги кўргазманинг яна бир муҳим хусусияти шундаки, унда болалар учун ҳеч қандай бўёқ ва қўшимчаларсиз, экологик тоза даволаш воситалари, гўдаклар кундалик парвариши учун зарур бўладиган маҳсулотларга кенг ўрин ажратилган.

— Корхонамизда болалар ва катталар учун ўн турдаги даволаш ҳамда косметика воситалари ишлаб чиқарилади, — дейди Тошкент шаҳридаги “Жасмин фито фарма” масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Азиза Умрзоқова. — Маҳаллий хом ашё асосида тайёрланаётган, тегишли тартибда лаборатория текширувларидан ўтган маҳсулотларимиз юқори сифати ва табиий тозалиги билан харидорларга манзур бўлмоқда. 

Кўргазма иштирокчиларидан яна бири — “Bio-cosmetics” корхонаси томонидан тақдим этилаётган шампунь, идиш ювиш воситаси каби ўнга яқин турдаги маҳсулотлар ҳам барчанинг эътиборини тортаётир.

— Сир эмас, юртимизга бир пайтлар бундай маҳсулотлар, асосан, четдан келтирилар, дўконлардан бир-икки турдаги совун ёки шампунни топиш ҳам амримаҳол эди, — дейди “Bio-cosmetics” корхонаси директори Саидаъло Қосимхўжаев. — Истиқлол йилларида биз, тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар туфайли бугун ички бозоримизни маҳаллий корхоналар томонидан замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилган, импорт ўрнини босувчи, рақобатбардош гўзаллик саноати маҳсулотлари эгалламоқда. Йигирмага яқин киши иш билан таъминланган корхонамизда келгусида пардоз маҳсулотлари тайёрлашни ҳам йўлга қўйишни, ташқи бозорга чиқишни мўлжалламоқдамиз.

— “ВeautyExpo Uzbekistan — 2014” кўргазмасига аҳолининг, айниқса, аёлларнинг қизиқиши катта эканини бугунги тадбир яққол кўрсатиб турибди, — дейди “Eхро position” МЧЖ бош менежери Елена Зеленова. — Мана, кўргазманинг барча бўлими хотин-қизлар билан гавжум. Ушбу кўргазма нафақат ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини намойиш этиш, фикр ва тажриба алмашиш имконини беради, балки эстетик диди ҳамда тиббий саводхонлиги юқори, талабчан истеъмолчиларнинг таклиф-мулоҳазаларини ўрганишга ҳам хизмат қилади.

Уч кун давом этадиган тадбир доирасида косметолог ва сартарошлар учун маҳорат машғулотлари ҳамда семинарлар ташкил этилади.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.



 

 

 

 

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn