Хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси ва қонунчилик
  • 18 Июнь 2014

Хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси ва қонунчилик

Мамлакатимизда истиқлол йилларида хотин-қизлар қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтидорларини тўла рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар тақдим этилди. Бунинг учун мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Зеро, аёлларнинг жамият ҳаётидаги обрўси ва нуфузини янада ошириш, уларда ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш,  опа-сингилларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидандир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Аҳоли бандлигини таъминлашда аёлларнинг ижтимоий ҳимояси” мавзуида ташкил этилган давра суҳбатида ана шулар хусусида сўз юритилди.

Депутат М. Алимова таъкидлаганидек, мамлакатимиз Конституциясида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлили эканлиги белгилаб қўйилган. Бу конституциявий норма Фуқаролик, Оила, Меҳнат кодексларида ва бошқа қатор қонунларимизда янада -ривожлантирилган. 

Маълумки, юртимизда йилларни номлаш яхши анъанага айланган. Шу асосда аҳоли, айниқса, аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини кенг таъминлашга қаратилган муҳим давлат дастурлари самарали амалга оширилмоқда. Хусусан, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилада соғлом турмуш тарзини янада чуқурлаштириш, унинг иқтисодий ва маънавий пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар ўрин олиб, улар изчил рўёбга чиқарилаяпти. Шунга уйғун тарзда қизларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллашларига кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш долзарб вазифалар сирасида кўрсатиб ўтилган.

Аёлларнинг ижтимоий ҳимояси, аввало, улар учун хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат ҳуқуқлари муҳофазаси қоидаларига риоя этиш билан узвий боғлиқдир. Бинобарин, ушбу масалаларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида  ўз ифодасини топган. Аёлларни ишга қабул қилиш ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш, меҳнат шароити ноқулай ишларда аёллар меҳнатини қўллаш тақиқлангани, ҳомиладор аёлларнинг ва икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларнинг енгилроқ ишга ўтказиш билан боғлиқ қўшимча кафолатлар шулар жумласидандир. Қолаверса, аёлларга бола парвариши учун қисқартирилган, тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси, қўшимча дам олиш куни, қўшимча таътиллар бериш ҳам қонунчилигимизда ўз ифодасини топган.

— Тадбир давомида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари, Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, жойлардаги касаба уюшмалари томонидан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги тўлиқ маълумотлар тақдим этилди, — деди депутат З. Ботирова. — Бундай юмушлар аниқ лойиҳаларни рўёбга чиқариш асосида олиб борилаётир. Аёллар турли семинар-тренингларда тадбиркорлик кўникмаларини ўрганмоқда, уларга иш бошлашлари учун имтиёзли кредитлар берилаяпти. Касб-ҳунар коллежларини тамомлаган қизлар тажрибали тадбиркорларга бириктирилиб, уларнинг бир қисми амалиёт ўтагандан сўнг ўз бизнесларини йўлга қўймоқда.

Республика Хотин-қизлар қўмитаси томонидан берилган ахборотда аёллар бандлигини ошириш ва уларнинг ҳуқуқларини муҳофазалаш борасида қилинган ишлар, бу борада жамоатчилик ташкилотларининг роли ортиб бораётганига урғу берилди. Агар 2007 йилда тадбиркор аёлларга тижорат банклари томонидан 90,1 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилган бўлса, 2013 йилга келиб, мазкур кўрсаткич 697,8 миллиард сўмга етди. 

Айни пайтда “Бўлажак тадбиркор аёллар” лойиҳаси доирасида семинар-тренинглар ўтказилди. Ўз навбатида, жорий йилнинг январь — май ойлари давомида тадбиркор  аёллар, шунингдек, ишчиларининг камида 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этувчи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 346,8 миллион сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар берилди. 

Ёшларни ишга жойлаштириш масаласи ҳам доимий эътиборда. Барча касб-ҳунар коллежида битирувчи қизларнинг бандлиги, таълим олишни давом эттириши ёки бизнес билан шуғулланиши билан боғлиқ масалалар мониторинг қилиб борилмоқда. Ҳозирги кунга келиб, тадбиркорликнинг этагидан тутишни ният қилган 12 мингдан ортиқ қизларга қарийб 55 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди.

— Аёлларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини муҳофаза қилишга касаба ташкилотлари ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келаяпти, — деди депутат К. Очилов. — Давра суҳбати давомида шуларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, касаба уюшмалари томонидан якка-ёлғиз аёллар, ўн тўрт ёшгача ёки ногирон болалари бўлган оналарни ишга жойлаштириш, ходимлар сони қисқартирилаётган пайтда хотин-қизларни ишдан озод қилиш қоидаларига риоя қилиш, иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олиши тўғрисидаги талабнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назорати амалга ошириб келинмоқда. Умуман олганда, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари гендер экспертизасидан ўтказилган жамоа шарт-номалари асосида таъминланаётир. Бундан ташқари, касаба уюшмаларининг барча бўғинларида ташкил этилган “Ишонч телефонлари” орқали ишчи-ходимларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Тадбир иштирокчилари томонидан соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича аниқ фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилганидан сўнг қўмитанинг тегишли тавсиялари қабул қилинди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn