Ўзбекистон — Жанубий Корея бизнес-форуми
  • 18 Июнь 2014

Ўзбекистон — Жанубий Корея бизнес-форуми

Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида 17 июнь куни Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармонларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, банк-молия, ёқилғи-энергетика, авиаташув, автомобилсозлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, қурилиш, тоғ-кон саноати, озиқ-овқат, кимё, енгил саноат, тўқимачилик, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, суғурта, экспорт-импорт, алоқа, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, сайёҳлик ва фан-таълим каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини, мазкур бизнес-форум савдо-иқтисодий, сармоявий ва ижтимоий соҳалардаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэ мамлакатларимиз ўртасидаги самарали ҳамкорликни юксак қадрлашини, ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканини алоҳида қайд этди.

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ва ишончли стратегик шеригидир. Мамлакатларимиз катта иқтисодий салоҳият ва имкониятларга эга. Бу борада икки давлат ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. Савдо-саноат, сармоя, нефть-газ, кончилик, машинасозлик, тўқимачилик, логистика, кимё саноати, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари, таълим, соғлиқни сақлаш каби кўплаб соҳалар бўйича ҳамкорликка оид битимлар имзоланган.

Ўзбекистонда жанубий кореялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 412 корхона фаолият кўрсатмоқда. Корея Республикасининг 81 компанияси мамлакатимизда ўз ваколатхонасини очган. Улар савдо, тўқимачилик ва енгил саноат, тоғ-кон металлургияси, кимё ва озиқ-овқат саноати, машинасозлик, металлни қайта ишлаш, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш, транспорт хизмати кўрсатиш каби соҳаларда иш юритади.

Ўзбекистон Жанубий Кореяга озиқ-овқат маҳсулотлари, машина ва ускуналар, минерал ўғитлар, кимё маҳсулотлари экспорт қилади, транспорт, коммуникация ва сайёҳлик хизматлари кўрсатади. Жанубий Кореядан мамлакатимизга транспорт воситалари, механик ва электрон ускуналар, пластмасса ва пластмассадан тайёрланган маҳсулотлар, қора металл импорт қилинади. 2013 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,1 миллиард АҚШ долларидан ошди. 

Мамлакатимизнинг улкан иқтисодий салоҳияти, замонавий транспорт коммуникациялари, юртимиздаги қулай сармоявий муҳит кўплаб давлатлар қатори Корея Республикаси ишбилармон доираларининг ҳамкорликка қизиқишини тобора оширмоқда. 

Форумда Жанубий Корея ишбилармонларига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, соҳага сармоя киритишнинг истиқболлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш омиллари, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналаридаги қулайлик ва имтиёзлар тўғрисида маълумот берилди. Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармонлари ҳамкорлигида турли соҳаларда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ва уларнинг ижроси ҳақида сўз юритилди.

— Ўзбекистон табиий ресурсларга бой, улкан иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга мамлакат, — деди Корея Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Парк Йонгмаан. — Жанубий Корея Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор билан қарайди. Мамлакатингиздаги қулай сармоявий муҳит ва юксак иқтисодий имкониятлар Ўзбекистон — Жанубий Корея савдо-иқтисодий алоқаларининг равнақ топишида муҳим омил бўлмоқда. Ўзаро ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш тарафдоримиз. 

Бизнес-форумда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни, энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари, сайёҳлик, озиқ-овқат, енгил саноат, тўқимачилик ва фан-таълим соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантиришга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини оширишдаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Анжуманда Жанубий Кореянинг йирик компанияларидан уч юзга яқин вакил иштирок этгани ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши нақадар катта эканидан далолатдир. “Hanjin Group”, “Hyundai Motor”, “Lotte Chemical”, “Hanwha Group”, “Daedong Industrial”, “Baum Architects”, “Bell Metal”, “LSC Food”, “Simpac”, “Nara”, “Shindong” каби компаниялар вакиллари Ўзбекистон бозоридаги ўз фаолиятини йўлга қўйиш ва мавжуд ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятида эканини қайд этди.

Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа ўтказилди.

Бизнес-форум ва кооперацион биржа доирасида энергетика, тўқимачилик ва енгил саноат, ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар, таълим каби кўплаб соҳалардаги ҳамкорликка оид умумий қиймати 2,4 миллиард доллардан зиёд қатор ҳужжатлар имзоланди.

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn