Кўп тармоқли фермер хўжаликлари
  • 17 Июнь 2014

Кўп тармоқли фермер хўжаликлари

озиқ-овқат дастури ижросини таъминлашда муҳим ўрин тутади

Аграр соҳани ривожлантиришга қаратилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, юртимиз аҳолисини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш имконини бермоқда. Шу билан бирга, жойларда фермерлик ҳаракати янада мақбуллашиб, кўп тармоқли хўжаликлар шаклланмоқда ҳамда деҳқончилик маданияти юксалиб бораётир.
Ўзбекистон Фермерлари кенгаши томонидан Тошкент вилояти туманларида ўтказилган семи-нар-мулоқотларда ана шу жиҳатларга асосий эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференция якунларига бағишланган ушбу тадбирларда ҳудудда фаолият юритаётган илғор фермер хўжаликлари ва хизмат кўрсатувчи, таъминотчи корхоналар, маҳсулотни қайта ишловчи тузилмалар вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, ҳозир вилоятда 6200 дан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. 462 минг гектардан зиёд экин майдони улар ихтиёрида. Кейинги йилларда воҳада картошка етиштириш 67 минг тоннага, сабзавот 378 минг тоннага, полиз экинлари 28 минг тоннага, мева ва узум 60 минг тоннага кўпайди. Шунингдек, яқин истиқболда 2 мингдан ортиқ кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш орқали жойларда минглаб янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган.
— Президентимизнинг халқаро конференцияда сўзлаган нутқларини телевизор орқали диққат билан тингладик, — дейди паркентлик фермер Айёмиддин Минҳожиддинов. — Дарҳақиқат, юртимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми ошишига мос равишда деҳқоннинг топганига ҳам барака кираяпти. Мана, ўзимизнинг хўжаликдан қиёс. Ўтган мавсумда қарийб 40 тонна олма, 190 тоннага яқин узум етиштирдик. 100 миллион сўмдан зиёд соф фойда олдик. Яна маҳсулотимизнинг бир қисмини экспорт қилишга ҳам муваффақ бўлдик. Илгари эртадан кечгача далада ишлаб бундай ютуқларни, ҳатто, орзу ҳам қилиш қийин эди.
Самимий тарзда кечган мулоқотларда фермерлар олдида турган муҳим масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Истиқболли таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn