Она замин завол кўрмасин
  • 17 Июнь 2014

Она замин завол кўрмасин

Сайёрамизда ҳаёт бардавомлиги, турмуш фаровонлиги, экотизим барқарорлиги бевосита биз яшаб турган шу замин, унинг унумдор қатлами ҳолатига боғлиқ. Бироқ инсоният ўз тараққиёти давомида Ер ва табиий ресурслардан фойдаланиш чоғида кўп ҳолларда меъёрни четлаб ўтаётгани турли экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шулардан бири — саҳроланиш. Кейинги йилларда бу табиий жараён шунчалик жадаллашиб кетдики, пировардида у умумбашарий муаммо тусини олди.

Аслида, саҳроланиш қуруқ минтақаларда атроф-муҳит деградацияси (завол топиши)нинг сўнгги босқичи бўлиб, ижтимоий-иқтисодий тизим ва табиий-антропоген омилларининг мураккаб алоқаси маҳсули ҳисобланади. Яъни эрозия, шўрланиш ва бошқа таъсирлар оқибатида ер унумдорлигини йўқотади. Бу эса, ўз навбатида, экологик мувозанатнинг бузилиши, биологик ранг-барангликнинг камайиши, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг пасайишига олиб келаяпти.
Дарҳақиқат, ҳозирги пайтда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жаҳондаги мураккаб масалага айланган. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, дунёда 840 миллиондан ортиқ киши, аниқроғи, деярли ҳар саккиз одамнинг бири тўйиб овқатланмаяпти. Бошқача айтганда, сайёрамиз аҳолисининг 30 фоизидан зиёди тўлақонли равишда овқатланмаслик, энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосидан азият чекмоқда.
Соҳа мутахассислари ушбу мураккаб вазиятни юмшатишнинг энг самарали йўли сифатида ер ресурслари, хусусан, экин майдонларининг таназзулга учрашининг олдини олиш, ундан самарали фойдаланиш зарурлигини айтишмоқда. Зеро, бу БМТ ташаббуси билан 1994 йилда қабул қилинган Қаттиқ қурғоқчиликни бошдан кечираётган ва/ёки чўлга айланиб бораётган мамлакатларда, айниқса, Африкада чўлга айланиб боришларига қарши кураш бўйича Конвенция талабларига ҳамоҳангдир.  
Маълумки, мазкур халқаро ҳужжат имзоланган кун — 17 июнь санаси “Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни” сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан ўтказиладиган тадбирларда дунё ҳамжамияти эътибори мазкур муаммога яна бир бора қаратилиб, унинг ечимини топиш мақсадида халқаро дастурлар, йирик лойиҳалар ва экологик акциялар ижросига киришилади.
Конвенция жаҳоннинг 195 та мамлакати томонидан имзоланган бўлиб, у Ҳамдўстлик давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда ратификация қилингани ва изчил ижроси таъминланаётгани эътиборга моликдир.
Чиндан ҳам, республикамизда мустақиллик йилларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун, энг аввало, миллий қонунчилик базаси мустаҳкамланиб, тегишли ҳужжатлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси қабул қилинган. 
Давлатимиз раҳбари яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференциядаги маърузасида ҳам дунёда атроф-муҳитнинг экологик жиҳатдан бузилиши ҳамон давом этаётганига эътибор қаратиб, иқлим ўзгаришларининг олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатлари, тез-тез такрорланаётган қурғоқчилик ва сув ресурслари тақчиллиги, жумладан, суғориш учун ер ости сувларининг тугаб бораётгани, ирригация, мелиорация ва ерларнинг унумдорлигини қайта тиклашга йўналтириладиган инвестицияларнинг етарли эмаслигини алоҳида таъкидлади.
Гап шундаки, гарчи юртимизда ерларнинг экологик жиҳатдан бузилишининг олдини олиш бўйича қатъий ислоҳотлар амалга оширилаётган бўлса-да, саҳроланиш муаммоси ўз таъсирини кўрсатмай қолгани йўқ. Жумладан, Орол денгизининг қуриши Қозоғистон, Туркманистон қаторида Ўзбекистонда ҳам саҳролар кўламини кенгайтирди. Негаки, денгизнинг қуриган тубида пайдо бўлган чўлнинг тенг ярми мамлакатимиз ҳудудига тўғри келади. Бу ердан кўтарилаётган туз чанг-тўзонлари эса экин майдонларининг унумдорлигини пасайтираётир.
Шу билан бирга, республикамизда ер ва сув ресурслари бўйича имкониятларимиз анчайин чекланган. Шуни ҳисобга олиб, соҳани интенсив асосда ривожлантириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилаш, селекция ишларини чуқурлаштириш, юксак самарали замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва сувдан оқилона фойдаланиш пайидан бўлинмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, 2008 йилдан буён қарийб 1 миллион 500 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Натижада ер ости сувлари юқори бўлган майдонлар 415 минг гектарга ёки салкам 10 фоизга қисқарган бўлса, кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 113 минг гектарга камайди. Бу борадаги ишлар қамрови ўтган йили қабул қилинган 2013 — 2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирларга доир Давлат дастурига мувофиқ, янада кенгайтирилгани диққатга сазовордир.
Бундан ташқари, “Ергеодезкадастр”, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмиталари, Гидрометеорология хизмати маркази ва бошқа тегишли идоралар томонидан ер ресурсларини муҳофаза қилиш, заминимиздаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, салбий оқибатларга барҳам бериш бўйича изчил ишлар олиб борилаётир. Пировардида сўнгги йилларда тупроқ хоссаларининг кескин ўзгаришига эришилди. Бунда ер ўзининг муносиб эгасини топиб, фермер хўжаликларига берилгани, қишлоқ хўжалиги экинлари агротехника қоидалари асосида парвариш қилинаётгани ҳам муҳим омил бўлмоқда.
Бу йилги Жаҳонда саҳроланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни “Ер келажакники — уни иқлим ўзгаришларидан ҳимоя қиламиз” шиори остида нишонланаяпти. Ер унумдорлигини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган бу тадбирда ҳар биримиз фаоллик кўрсатайлик. Она сайёрамизни яшилликка, боғу бўстонга буркайликки, заминимиз асло завол топмасин!

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.



Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn