“Бухоро — дунё пойтахти”
“Бухоро — дунё пойтахти” Фото: Norma.uz
  • 12 Март 2018

“Бухоро — дунё пойтахти”

Россия яҳудийлар конгресси делегацияси Бухоро шаҳрига ташриф буюрди. Эътиборлиси, элликка яқин меҳмон орасида мазкур конгресс аъзоси, ўзининг “Мўъжизалар майдони” кўрсатуви билан танилган машҳур телебошловчи Леонид Якубович ҳам бор.

Делегация аъзолари шаҳардаги вилоят ёшлар марказига ташриф буюрди. Бу масканда қачонлардир Владимир Висоцкий концерт берган. Шу ернинг ўзида меҳмонлар Бухоро шаҳар ҳокими Карим Камолов билан учрашди.

Мулоқот чоғида меҳмонларга Бухоро, унинг тарихий бойликлари, мазкур ҳудудни дунё туризм марказларидан бирига айлантириш режалари ҳақида маълумот берилди. Айни чоғда бу заминда асрлар давомида минглаб яҳудийлар бошқа миллатлар билан аҳил-иноқ яшаб келаётгани, елкама-елка меҳнат қилаётгани ҳақида сўзлаб берилди.

Россия яҳудийлар конгресси раҳбари Юрий Каннер ўз навбатида Бухорода сайёҳлик соҳасида қилинган ишларга юқори баҳо бериб, уни “дунё пойтахти” деб атади. 

— Ўзбекистонда урф-одатлар ва анъаналарни асраб-авайлашга алоҳида эътибор берилаётгани ёқимлидир. Халқларимиз ўртасида умумий жиҳатлар жуда кўп, — деди Ю. Каннер. — Бу бизнинг кўп асрлик дўстлигимизга асос бўлгани аниқ. Шубҳасиз, Бухорода ҳамон яҳудийлар жамоаси яшаб келаётгани ва иккита синагог, шунингдек, 200дан ортиқ болалар таълим олаётган мактаб фаолият юритиб келаётгани одамни қувонтиради. 

— Инсон қандай эътиқод эгаси бўлишидан қатъи назар, унда доим эътиқод мавжуд бўлиши муҳим, — деди Владимир Висоцкий куйлаган саҳнага кўтарилган Леонид Якубович. — Бухорода анча олдин бўлгандим ва шаҳрингизда мени ҳайратга солган жиҳат шу бўлдики, юз, минг йиллар илгари қад ростлаган ёдгорликлар қиёфаси қандай бўлса, шундайлигича – асиллигича турибди. Ишончим комилки, бу сизнинг қалблар ва юракларни машъала каби ёритувчи эътиқодингиз шарофатидандир.

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, делегация ташрифи давом этмоқда.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn