Ҳар ишнинг меъёри яхши
  • 12 Март 2018

Ҳар ишнинг меъёри яхши

Неча йиллардан бери баҳс-мунозара мавзуси бўлиб келаётган бир муаммо бор: бу — тўй-маъракаларимиздир. Нега бу борада аниқ бир натижага эришиб бўлмаяпти? Сабаби оддий: миллий қадриятларимизга умуман тўғри келмайдиган янгидан-янги “одат”лар, тадбирлар йил сайин кўпайса кўпаймоқдаки, асло камаймаяпти.

Энг ёмони, бундай бемаъни одатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётир, оилаларнинг мустаҳкамлигига, одамларнинг саломатлигига зарар етказмоқда.

Аслида халқимизда тўй-маъракаларни қариндош-уруғ, жамоатчилик иштирокида ўтказиш анъанаси узоқ ўтмишдан бери давом этиб келади. Шу боис ушбу маросимни ҳар жиҳатдан бекаму кўст — миллий қадриятларимизга, урф-одатларимизга таяниб, юксак маънавий-бадиий савияда ташкил қилиш бугуннинг талабидир.

Айни шу нуқтаи назардан Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда Республика “Нуроний” жамғармаси Ўзбекистон халқига тўй-ҳашамлар ва маъракаларни камхарж ҳамда тартибли ўтказиш бўйича мурожаат билан чиқди. Қарияларимизга, маҳалла фаолларига, дин уламоларига, хотин-қизларга, қолаверса, ёшларга йўлланган мазкур мурожаат бугунги куннинг энг долзарб масаласи кўтариб чиқилган аччиқ ҳақиқат бўлди. Дарҳақиқат, айни пайтда айрим оилавий тадбирларда исрофгарчиликка, дабдабабозликка ва шуҳратпарастликка йўл қўйилаётгани сир эмас.

Тўғри, тўйлардаги исрофгарчиликларнинг олдини олиш борасида ўтган йиллар давомида кўпгина тадбирлар, тушунтириш ҳамда тарғибот ишлари олиб борилди. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим шахслар одамларнинг ғашига тегадиган даражада тўй ва маросимларни меъёридан ошириб юборишаётгани ҳам бор гап. Минг афсуски, улар маҳалла билан ҳисоблашмай қўйишди. Ваҳолонки, халқимиз “Маслаҳатли тўй тарқамас” дея бежиз айтмаган. Бундай одамлар қачонки оилада жанжал чиқса, пул можароси, мол-мулк талашиш кузатилса ёки эр-хотин ажралиш даражасига борсагина, маҳаллага келишади.

Бугун биз ана шундай дабдабабозлик, исрофгарчиликларга чек қўйишимиз, шуҳратпарастликка берилган тўй эгаларини маҳаллаларда муҳокама қилишимиз, уларнинг салбий “орзу-ҳаваслари”га бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришимиз кераклиги тўғрисида аҳоли, айниқса, кекса авлод вакиллари томонидан жуда жўяли фикрлар билдирилмоқда. Ортиқча исрофгарчиликлар ўрнига юртдошларимизни мусибат етган хонадонларга ёрдам кўрсатиш, етим-есирлар ҳолидан хабар олиш, бева-бечораларга кўмаклашиш каби савобли ишларга рағбатлантиришимиз, уларнинг тафаккурини ўзгартиришимиз лозим. “Тўй қиламан”, деб қимматли умрини пул йиғиш билан ўтказиш ўрнига ўз соғлиғини тиклаш, фарзандларининг билим олиши учун шароит яратиш, оиласида кутубхона ташкил этиш, қизларининг сепига китоблар совға қилишни ўргатишимиз афзал эмасми?! Умр бўйи йиққан-терганини бир кунлик тўйга сарфлашдан нима фойда ахир?! Афсуски, жойларда олиб борилаётган тушунтириш ишларига қарамасдан, борган сари тўйларимизга ортиқча чиқим талаб этадиган янгича “урф-одат”лар, “оммавий маданият”га хос бемаза қилиқлар кириб келмоқда.

Ҳар йили республикамиз бўйича 250 — 300 мингта никоҳ рўйхатга олинади. Шу билан бирга, таассуфки, минглаб ажралишлар ҳам қайд этилади. Биргина пойтахтимизда йилига ўрта ҳисобда 18-19 минг атрофида никоҳ расмийлаштирилади. Бироқ энг кўп никоҳдан ажралиш ҳолатлари ҳам айнан Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келади. Хусусан, 2016 йилда 18 минг 988 та никоҳ қайд этилгани ҳолда, 4378 та ажралиш юз берган. Тасаввур қилаяпсизми: 23 фоиз оила барбод бўлаяпти! Ачинарлиси, ажралишларнинг 20 — 25 фоизига айнан тўй-ҳашамларимиздаги ортиқча дабдабабозлик, сохта обрў кетидан қувиш кабилар сабаб бўлаётир.

Бугунги кунда айрим ҳудудларда миллий қадриятларимизга мутлақо зид тарзда “кимўзар”га оилавий тадбирларни ўтказаётган баъзи кимсаларга эргашиб, қарзга ботиб тўй қилаётган ота-оналарнинг кўпайиб бораётгани ва оқибатда оилавий тинчи ҳамда ҳаловатини йўқотаётгани бутун жамоатчиликни ташвишга солади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, содир бўлаётган оилавий можаролар, ажримлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу масалага бориб тақалади.

Ташвишланарлиси шундаки, айрим шуҳратпараст кимсалар тўй-ҳашамларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги “одат”ларни “урф”га киритмоқда. Пойтахт тўйларида айнан ёшлар ўртасида учраётган “келиннавкар”, “Love story” каби даҳмазалар, қўша-қўша ҳашаматли автомобиллар кортежи, одамларнинг ғашига тегадиган, маънавиятимизга мутлақо зид бачкана расм-русумлар тобора кўпайиб бормоқда. Бундай хўжакўрсинлик одатлари ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир қилмоқда, уларнинг бугунги замон талаблари даражасида билим олиш, етук мутахассис бўлиб етишиш йўлидаги интилишларини сусайтираяпти. Ёшлар онгида ҳалол меҳнатга нисбатан беписанд муносабат, енгил-елпи ҳаёт, дабдабабозликка интилиш каби иллатларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, таниқли санъаткорлар келишига қараб тўй-тантаналарга баҳо бериш одат тусига кирди. Айрим базмларда навбат талашаётган хонандаларни кўриб, бунга яна бир бор амин бўламиз.

“Ҳар ишнинг меъёри яхши”, дейди доноларимиз. Зеро, меъёр тартибга бошлайди, тартибнинг ҳосиласи эса ҳеч қачон ёмон бўлмаган. Бинобарин, тўй — қувончли тадбир. Ундан кутилган мақсад-муддао ҳам эзгу ва хайрлидир. Шундай экан, тўйни кўз-кўз қилиш, “кимўзар”га мусобақа майдонига айлантириш ана шу эзгу ишларни батамом барбод қилиши мумкин. Ушбу масалага ҳар бир оила, маҳалла, кенг жамоатчилик иштирокида ечим топиш, майда-чуйда, бачкана одатларни таг-томири билан йўқотишга эришишимиз жоиз. Бунда биз — халқ вакиллари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, зиёли ижодкорлар, кайвонилар ҳам муросасиз курашишимиз зарур.

Гавҳар АЛИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn