Эзгу анъаналарга уйғун ташаббус
  • 12 Март 2018

Эзгу анъаналарга уйғун ташаббус

Аввал хабар қилганимиздек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида бошланган “Обод қишлоқ” дастури кўлами бошқа ҳудудларда ҳам бўй кўрсатмоқда. Ушбу эзгу ташаббусни Самарқанд вилоятининг энг чекка аҳоли яшаш манзилларидан бири — Жом қишлоғида ҳам амалга оширишга киришилди.

Бугун ҳудуд қиёфасини бутунлай ўзгартириш, одамларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, қишлоқни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда. Одамларни ҳаётидан рози қилиш, шаҳарлардагидек яшаш шароитларини яратиш мақсадида бошланган мазкур бунёдкорлик ишларига вилоятдаги ўнлаб корхона ва ташкилотлар жалб этилган. Халқимизнинг азалий қадрияти бўлмиш умумхалқ ҳашари асосида бошлаб юборилган саъй-ҳаракатлар натижасида илк кунларданоқ ушбу қишлоқнинг электр таъминотини модернизация қилиш бўйича катта ҳажмдаги ишлар ниҳоясига етказилди.

— “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилгунга қадар жомликлар электр энергияси таъминотидаги доимий узилишлардан қийналишаётганди, — дейди Каттақўрғон шаҳридаги “МК-12” МЧЖ бош муҳандиси Зоҳир Мингбоев. — Ҳозирги вақтда мазкур аҳоли яшаш пунктига электр узатиш линияси тортилди. 26 километрлик ички коммуникация тармоғини ётқизиш ишлари бошланди. Бунда барча эскирган симёғочлар янгисига алмаштирилмоқда. Янги трансформаторлар ўрнатилаяпти. Режалаштирилган ишлар якунланганидан сўнг Жом аҳолиси барқарор электр таъминотига эга бўлади.

Қарийб яроқсиз аҳволга келиб қолган ички йўллар Жомнинг жиддий муаммоларидан яна биридир.

— Қишлоқнинг беш километр масофадан ортиқ асосий ва 20 километрдан зиёд ички йўлларини таъмирлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бош бошқармаси бош муҳандиси Рауф Исоқов. — Ушбу жараёнга 20 дан ортиқ техника воситалари жалб этилган. Эътиборли жиҳати, йўллар замонавий талаблар асосида таъмирланмоқда. Ишончимиз комилки, бу каби кенг кўламли саъй-ҳаракатлар қисқа муддатда мазкур чекка қишлоқ қиёфасини тубдан ўзгартиради.

Бугун Жом — Самарқанд вилоятининг энг йирик қурилиш майдонига айланган. Бир вақтнинг ўзида уйлар таъмирланаяпти. Давлат ҳамда хусусий мактабгача таълим муассасаларини бунёд қилиш бошлаб юборилди. Сув ва газ таъминоти тизими бутунлай янгиланмоқда. Ҳар бир маҳалладаги пала-партиш қуриб ташланган, ҳудуднинг умумий манзарасига ярашмайдиган тураржойлар бугунги меъморчилик талабларига мослаштирилаяпти. Кўчалар ободонлаштирилиб, манзарали дарахтлар экилаётир.

Қишлоқни комплекс ободонлаштиришда оқсоқоллар, ёшлар, вилоятнинг бошқа туманларидан келган ҳашарчилар фаол иштирок этаётгани эътиборлидир.

Нуробод туманида “Обод қишлоқ” лойиҳасини амалга ошириш жараёнида ижтимоий дастурларга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Жумладан, тураржойга муҳтож оилалар учун замонавий уйлар қурилади. Кам таъминланган хонадонларга газ плиталари ҳамда бошқа маиший техника воситалари олиб берилади. Шунингдек, аҳолига қорамол, мевали дарахт кўчатларини етказиб бериш бўйича ҳам аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Кўплаб жомлик хотин-қизларга тикув машиналари тақдим қилинади. Улар касаначилик асосида ишга жалб этилиб, оилалари даромадини янада ошириш имкониятига эга бўлишади.

Қисқача айтганда, ушбу ижтимоий ташаббус юртдошларимизни мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасини обод қилиш ғояси атрофида бирлаштирадиган умуммиллий ҳаракатга айланиб бормоқда. Одамларнинг дунёқараши ўзгараяпти. Ўз жонажон маҳалласига, таъбир жоиз бўлса, Ватанига дахлдорлик ҳисси юксалмоқда. Бундай амалий саъй-ҳаракатлар пировардида юртимизнинг олис қишлоқларидан бири бўлган Жомни вилоятдаги обод ва файзли манзиллардан бирига айлантиради.

Ринат АБДУЛЬМАНОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn