Халқимиз шижоати ва ишончи юксалди
  • 10 Март 2018

Халқимиз шижоати ва ишончи юксалди

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Навоийга ташрифи вилоятимиз аҳли руҳини кўтарди. Аҳолининг барча қатлами сафар тафсилотларини катта қизиқиш билан кузатди.

Чунки Президентимиз ўзининг қисқа муддатли ташрифи давомида вилоят марказидан қарийб 260 километр узоқликда жойлашган чўл ҳудудларигача борди. Томди туманида аҳолининг дарду ташвишлари билан қизиқди, улар билан самимий суҳбатлашди. Айниқса, Хатирчи туманида ўтказган видеоселектор йиғилиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Давлатимиз раҳбари бири-биридан анча олисдаги Томди, Кармана, Хатирчи туманларида аҳоли билан учрашди, қарийб 20 га яқин объектлар ва тадбиркорлик лойиҳалари билан танишди. Юртбошимиз кўздан кечирган барча лойиҳа юзасидан, шунингдек, ишбилармонларни қийнаётган муаммоларни ечиш бўйича қимматли мулоҳазаларини билдирди. Уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканини айтди. Буни кўриб, барчамиз вилоятимиз яқин истиқболда жуда катта ўзгаришларга юз тутишига амин бўлдик.

Албатта, Президентимиз бизнес вакиллари билан учрашганда, вилоятнинг ички имкониятларига, салоҳиятига муносиб баҳо бериб, ёш тадбиркорларнинг умид ва ишончига муносиб жавоб қайтарди. Ўзи бориб учраша олмаган Навбаҳор, Нурота, Конимех туманларидаги аҳоли вакилларини ҳам видеоселектор орқали тинглаб, уларнинг кўнглини кўтариб, қатор масалаларини ечиб бергани, айниқса, эндигина бизнесини йўлга қўяётган ёш ишбилармонлар учун жуда катта ишонч бўлди.

Кези келганда бир гапни айтсам. Мени тўлқинлантирган ҳамда қалбимга чексиз ифтихор туйғусини бағишлаган нарса йиғилиш давомида ўқувчим — “Навоийлик” бўйича кўрик-танловнинг ғолиби Иброҳимжоннинг Юртбошимизга Алишер Навоий ғазалларидан ва ўз ижодидан ўқиб бергани, давлатимиз раҳбарининг олқишини олиб, энди таъсис этиладиган “Мард ўғлон” мукофотига сазовор бўлгани бўлди. Бир педагог сифатида бундан жуда руҳландим.

Навоий бугунги кунда барча соҳада жадал ривожланиш босқичини босиб ўтмоқда. Тадбиркорлик ва инвестиция муҳити қулай ҳудудлардан ҳисобланади. Президентимиз томонидан сафар мобайнида илгари сурилган таклифлар, ғоялар, ишга янгича ёндашувлар туфайли вилоят иқтисодиёти янада ривожланиши турган гап.

Юртбошимизнинг маънавий қадриятларни асраш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтгани эътиборни тортган жиҳатлардан бири бўлди. Шавкат Мирзиёев тўй-ҳашамлар ҳамда маросимларни ихчамлаштириш, уларни 150 — 200 нафар кишидан оширмаган ҳолда ўтказишда Навоий вилояти тажрибасини яратишга чақиргани оддий одамларнинг юрагига етиб борди, десам, янглишмайман.

Бундан ташқари, Президентимиз ҳудудларни қўллаб-қувватлаш борасида шаҳар ва туманларнинг бюджетдан иқтисод қилинган тушумларини ўзларида қолдириш, бу маблағларнинг шаҳар ҳамда туман ҳокимликлари томонидан манзилли ишлатилишини назорат этиш бўйича маҳаллий вакиллик органларига зарур топшириқлар берди. Ўн икки кун муддатда ҳар бир халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгаши сессиясини ўтказиб, мазкур масалаларни муҳокама қилишни тавсия этди. Бу ҳам аҳолимизнинг кўплаб муаммоларини ечишга, ҳудуд иқтисодиётини янада тараққий топтиришга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Мен ҳам сенатор, ҳам жамоат фаоли, педагог ва энг муҳими, аёл сифатида Юртбошимизнинг Навоий вилоятига ушбу ташрифи жараёнида бевосита иштирок этарканман, у киши бугунги куннинг катта-катта муаммоларидан тортиб, одамларнинг энг майда масалаларини ҳам беш қўлдек яхши билувчи инсон эканига ишонч ҳосил қилдим. Чунки ҳар бир масалага, катта-кичиклигидан қатъи назар, чуқур мулоҳаза ҳамда ҳозиржавоблик билан ёндашишининг гувоҳига айландим. Давлатимиз раҳбарининг шижоати ҳар бир инсонга катта куч, ғайрат беришига амин бўлдим.

Эндиликда биз ҳам мазкур ташрифдан руҳланиб, олдимизга қўйилган муҳим вазифалардан келиб чиққан ҳолда, фаолиятимизни яна бир қайта кўздан кечириб чиқишимиз, айниқса, маҳаллий Кенгашлар, депутатлар фаоллигини оширишимиз лозим. Топшириқларнинг ўз вақтида бажарилишида жамоатчилик назоратини ташкил қилишга кўмаклашишимиз зарур. Шу орқали нафақат вилоятимиз, балки бутун юртимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Гулчеҳра САТТОРОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn