Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки
  • 10 Март 2018

Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки

Мамлакатимизда Халқаро хотин-қизлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди. Оила ҳамда жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган нуроний онахонларга, оқила, дилбар аёлларга, лобар қизларимизга чексиз ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мазкур айёмга бағишланган учрашувдаги нутқи опа-сингилларимиз қалбини фахру ифтихорга тўлдирди.

Мухтабар ҲУСАНОВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:

— Бугун аёлга, онага, айниқса, қиз болага бизнинг муносабатимиз, жавобгарлигимиз ошаяпти. Халқимиз, жумладан, хотин-қизлар билан мулоқот олиб бориш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Натижада ҳар бир оилага ташриф буюрилиб, ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, аёлларимизнинг ҳуқуқий билими, иқтисодий кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган даврда давлатимиз томонидан ҳаётга татбиқ этилган амалий тадбирлар кўплаб оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий мустаҳкамланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини жойлардаги учрашувларда аёлларнинг кайфиятини кўриб, гувоҳи бўлаяпмиз. Зеро, уларнинг кайфияти оила ҳамда жамият муҳитига чамбарчас боғлиқ. Шуларни инобатга олган ҳолда, биз, депутатлар жойларда амалдаги қонунларнинг қанчалик тўғри қўлланилаётгани, амалиётда юзага келган ҳуқуқий бўшлиқлар ҳолати ва унга сабаб бўлаётган омилларни атрофлича ўрганмоқдамиз. Бу саъй-ҳаракатлар мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Умуман айтганда, мамлакатимиздаги ҳар бир аёл, қайси касбда фаолият юритишидан қатъи назар, энг аввало, оналик меҳри, ҳаётий билими ҳамда тажрибаси билан фарзандларимизни турли хавф-хатарлардан асраш, уларни мустаҳкам иродали, интеллектуал салоҳиятли, ҳар жиҳатдан баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга ўзларини масъул, деб ҳисоблайдилар.

Сурайё НАВРЎЗОВА, Нурота туманидаги “Очил Наврўзов” наслчилик фермер хўжалиги раҳбари:

— Байрам муносабати билан ташкил этилган тадбирда қатнашиб, Президентимиз табригини катта ҳаяжон билан тингладик. Биз, аёлларга кўрсатилган эҳтиром ва эъзоздан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. 18 йилдирки, фермерлик билан шуғулланаман. Айни пайтда ғаллачилик, пахтачилик каби тармоқларни сақлаб қолган ҳолда, чорвачилик билан ҳам машғулмиз. Бировдан кам жойимиз йўқ. Оиламиз тинч, турмушимиз обод, фарзандларимиз, набираларимиз бағримизда камол топаяпти. Юртимизда ҳар бир инсоннинг меҳнат қилиши, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиши учун барча зарур шарт-шароит яратилган. Айниқса, тадбиркор аёлларга кенг имтиёзлар берилаяпти. Мана, масалан, ўтган йилда 120 мингдан ортиқ тадбиркор хотин-қизларга жами 2 триллион 700 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди, касбга ўқитиш курсларида минглаб опа-сингилларимиз турли касбларга ўқитилди. Албатта, бу мен каби фермер аёллар фаолиятини кенгайтириб, барчамизни янада шижоат билан ишлашга, юртимиз равнақига муносиб улуш қўшишга рағбатлантиради.

Каромат ҚЎЗИЕВА, Сайхунобод туманидаги 1-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси:

— Чиндан ҳам, ҳозирги пайтда фарзандларимизни, айниқса, қиз болаларни соғлом руҳда тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ҳамда касб-ҳунар ва ҳаётда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш борасида кўп ишлар қилинмоқда. Хусусан, ўтган йили умумтаълим мактабларида 11 йиллик тизим тикланди. Бу, энг аввало, қизларимизнинг шаҳар ёки тумандаги коллежга бормасдан, ота-онасининг бағрида туриб, ўзининг қадрдон мактабида ўқишни давом эттиришига имкон яратди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидлаганидек, фарзандлар тинчлиги, уларнинг бахти, камоли — жамиятнинг энг катта бойлиги.

Айни пайтда мамлакатимизда ёшлар ўртасида китобхонлик кенг тарғиб қилинаётганидан жуда мамнунмиз. Мактабимиз кутубхонасига шундай нодир китоблар келтирилдики, ўқувчилар қаторида биз ҳам бундан хурсанд бўлдик. Яқинда мактабимизда “Китобхон ўқувчи — миллат ишончи” деб номланган тадбир ўтказдик. Ишонасизми, қувчиларимизда китобга бўлган қизиқишни кўриб жуда ҳайратландик. Ушбу танловга 50 — 60 тадан китоб ўқиган зукко йигит-қизлар қатнашди. Албатта, бу ёшларнинг келажакда муносиб касб эгаси бўлишларида муҳим аҳамиятга эга.

Гулбаҳор ШАРОПОВА, “Ғиждувон диагностика маскани” хусусий клиникаси раҳбари:

— Президентимиз нутқида юртимизда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар тизимли равишда амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди. Айтиш мумкинки, ушбу соҳада хусусий секторни ривожлантиришга устувор эътибор қаратилаётгани аҳолининг сифатли тиббий хизматга бўлган талабини қондираяпти. Биз ҳам бундай имкониятдан самарали фойдаланмоқдамиз. Шу йил Наврўз айёми арафасида ўиждувон тумани, қолаверса, бизга чегарадош туманлар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатадиган хусусий клиника фаолиятини йўлга қўямиз. Айни пайтда муассасамизни замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаяпмиз. МРТ, УЗИ, биокимё лабораторияси, малакали шифокорлар маслаҳати тез орада аҳолига сифатли хизмат кўрсатади. Мақсадимиз одамларимизнинг узоғини яқин қилиб, аниқ ташхис қўйиш, шу асосда уларнинг самарали даволанишларини кафолатлашдир.

Зиёда АШУРОВА ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn