Ўзбекистонлик ҳарбийлар биринчи марта олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасидаги Халқаро олимпиадада қатнашади
Ўзбекистонлик ҳарбийлар биринчи марта олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасидаги Халқаро олимпиадада қатнашади Фото: old.vatanparvar.uz
  • 09 Март 2018

Ўзбекистонлик ҳарбийлар биринчи марта олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасидаги Халқаро олимпиадада қатнашади

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари илк бор МДҲ олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасидаги Халқаро олимпиадаларда иштирок этади. 

Мазкур олимпиадаларнинг бош мақсади МДҲга аъзо давлатлар армиялари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдир.

Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу назарий ва амалий билимлар беллашувлари ҳарбий кадрларни тайёрлаш сифати, уларнинг профессионал кўникмаларини ошириш, илмий ва ижодий лаёқатларини шакллантириш ва кашф этиш, профессор-ўқитувчилар таркиби малакасини юксалтиришга хизмат қилади. 

Олимпиадаларнинг финал босқичида Ўзбекистондаги олий ҳарбий билим юртларидан 26 курсант ўз салоҳиятини синаб кўради.

Ҳамюртларимиз бешта йўналишда ғолиблик учун кураш олиб боради. Хусусан, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари Олмаота шаҳрида математика бўйича, Минск шаҳрида ҳарбий тарих бўйича, Москва шаҳрида ҳарбий-профессионал тайёргарлик бўйича  бўлиб ўтадиган синовларда қатнашади.

Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти курсантлари хориж тиллари бўйича Ереван шаҳрига борса, Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультети вакиллари Санкт-Петербург шаҳрида информатика бўйича баҳсларда ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлади. 

Мусобақалар 26 март куни бошланиб 19 майгача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили мазкур олимпиадаларда Россия, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон олий ҳарбий таълим муассасаларидан жами 176 нафар курсантдан ташкил топган 44 жамоа иштирок этганди. Ўшанда Ўзбекистон вакиллари кузатувчи бўлган.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn