Аёлларнинг бахти – халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир
  • 07 Март 2018

Аёлларнинг бахти – халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир

Майсалар бош кўтарди, гулу гиёҳ қир-адирларни қоплади, ёмғирдан сўнг пайдо бўлган камалак дилларга хушнудлик бахш этаяпти, қисқаси, турфа рангда жилоланаётган она-табиат тобора чирой очиб бормоқда. Бу баҳордан, яшариш ва янгиланиш фаслининг илк кунларида нишонланадиган нафосат ҳамда назокат байрамидан дарак.

Ён-атроф мана шундай гўзалликка бурканган айни чоғда опа-сингилларимиз айёмининг нишонланишида ўзига хос уйғунлик бор. Зеро, улар латофати, мафтункорлиги, оқилалиги ва донолиги билан баҳорни эслатади.

Дарҳақиқат, аёл тенгсиз вафо ҳамда садоқат соҳибаси, эзгулик ва фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг файзу фариштасидир. Энг муҳими, унинг тимсолида биз барчамиз учун дунёда энг қадрли, жондан азиз ҳамда меҳрибон Онани англаймиз ва бундай улуғ сиймо қаршисида бош эгамиз. Зотан, фарзандларимизни ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш, улар қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантириш, оилаларимиз тинчлиги ҳамда хотиржамлигини сақлаш, турмушимизни янада обод қилишда уларнинг қўшаётган ҳиссаси беқиёсдир.

Бугун юртимизда аҳолининг қарийб 50 фоизини ташкил этадиган хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, уларни жамиятнинг тенг ҳуқуқли, фаол ҳамда бунёдкор аъзосига айлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони аёлларга оид давлат сиёсатини мутлақо янги босқичга кўтарди, десак, асло муболаға бўлмайди.

Бинобарин, мазкур ҳужжат хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил қилиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазма мажмуасида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Миллий кўргазмалар зали анвойи гуллар билан безатилган. Бундай гўзаллик ҳамда нафисликдан баҳраманд бўлган опа-сингилларимизнинг кайфияти тоғдек кўтарилганини, қалблари фахру ифтихорга тўлганини уларнинг юз-кўзларидаги мамнунликдан билиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тадбирда иштирок этиб, мамлакатимиз хотин-қизларини ушбу қутлуғ айём билан табриклади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан турли соҳаларда меҳнат қилаётган фаол аёллар қатнашди.
Байрам иштирокчилари дастлаб Мустақиллик ва эзгулик монументи — Бахтиёр она ҳайкали пойига гуллар қўйди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов уй-музейига ташриф буюрди, Ёшлар ижод саройида модалар кўргазмасини, Муқимий номидаги мусиқали драма театрида “Жайдари келин” спектаклини томоша қилди. Пойтахтимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишдилар.

Эътироф этиш жоиз, бугун аёллар ижтимоий-маънавий, сиёсий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳасида самарали меҳнат қилмоқда. Улар орасида 514 нафар фан доктори, 6 нафар академик, 15 нафар Ўзбекистон Қаҳрамони, 17 нафар сенатор, 16 нафар Қонунчилик палатаси депутати борлиги, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 23 фоизидан зиёдини ва илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ҳамда санъат соҳаларида меҳнат қилаётганларнинг 72 фоизини айнан аёллар ташкил этиши эътиборга молик.

Албатта, хотин-қизларнинг турли соҳалардаги фаолиятини рағбатлантирган ҳолда, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш, оилалар билан яқиндан ишлаш, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, аёллар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича самарали чоралар кўришни бугун шиддат билан ўтиб бораётган даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Айни чоғда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси зиммасига бу борадаги вазифалар билан бирга, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалалари юклатилмоқдаки, бу мамлакатимизда фаол тадбиркорликни ривожлантириш, ҳар бир аёлнинг оиладан, фарзанд тарбиясидан ажралмаган ҳолда бизнес билан шуғулланишига зарур шарт-шароит яратади.

Шу ўринда юртимизда ногиронлиги бўлган аёлларнинг турмушидан рози бўлиб умргузаронлик қилишларини кафолатлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, қобилият ҳамда интилишларини рўёбга чиқариш, оила ва жамиятдаги мавқеини ошириш борасида изчил ислоҳотлар рўёбга чиқарилаётганини ҳам қайд этиш жоиз. Чунончи, ўтган йилда уй-жойга муҳтож, ногиронлиги бўлган 1200 нафардан зиёд аёлларга арзон уй-жойлар ажратилгани, 900 дан ортиқ хотин-қизларга ҳомий ташкилотлар томонидан тикув машиналари берилгани бунинг амалий ифодасидир.

Юртбошимиз байрам муносабати билан давлат ҳамда жамият ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, оилаларнинг фаровонлиги шаклланиши ҳамда мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасини таъминлашда ўзининг самарали меҳнати билан ҳисса қўшган бир қатор фидойи хотин-қизни турли даражадаги давлат мукофотлари билан тақдирлади.

Мамлакатимизда қизларнинг замонавий билим ҳамда касб-ҳунар эгаллаши учун барча шарт-шароит яратилмоқда. Бу йил уларга кўрсатилган юксак эътибор ва ғамхўрлик янада кенгайди. Чунончи, Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги Фармонига мувофиқ, Зулфия номидаги Давлат мукофотини ўн тўрт ёшга тўлган ҳамда ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафардан талабгорга бериш белгилангани ҳамда ёш чегарасининг узайтирилгани фан-таълим соҳасида илмий изланишлар билан шуғулланаётган олима қизларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради. Эндиликда қизларимиз нафақат фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт соҳаларида, балки жамоатчилик фаолиятидаги алоҳида ютуқлари учун ҳам ушбу нуфузли Давлат мукофотига сазовор бўлишлари мумкин. Ҳозирги пайтгача республика бўйича 255 нафар иқтидорли қиз мазкур шарафга муносиб, деб топилган.

Давлатимиз раҳбари Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган 28 нафар қизга ана шу юксак мукофотларни тантанали равишда топширди. Улар орасида Ўзбекистон, Осиё ҳамда жаҳон чемпионлари, илм-фан соҳасида қатор ютуқларни қўлга киритган, бадиий адабиёт йўналишида кўплаб китоблари нашрдан чиққан истеъдод эгалари бор.

Тадбирда қатнашган онахонлар, фидойи аёллар, хотин-қизлар ташкилотлари, турли вазирлик ва идоралар вакилалари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари файзли дастурхон атрофида самимий суҳбат қурди.

Тадбирда мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломат аёллар, жумладан, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, Америка Қўшма Штатлари, Хитой Халқ Республикаси, Франция, Миср Араб Республикаси элчиларининг ҳам таклиф қилингани халқимизга хос бағрикенглик, аёл зотига бўлган ҳурмат-эътиборнинг яна бир ифодаси бўлди.
Байрам санъат усталари ҳамда ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан якунланди.
Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn