Манас тобора чирой очмоқда
  • 06 Март 2018

Манас тобора чирой очмоқда

Юртимизда илк маротаба “Обод қишлоқ” дастури намуна сифатида Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида амалга оширилаётгани ҳақида маълумот берган эдик. Мазкур лойиҳа узоқ йиллар давомида ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан ортда қолиб келган чекка, олис ҳудудларнинг инфратузилмасини тубдан яхшилаб, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратишдек эзгу мақсадни рўёбга чиқаришга хизмат қилаётир.

Айни чоғда ободонлаштириш ва қурилиш майдонига айланган Манас мутлақо янги қиёфа касб этаяпти. Кўчаларга шағаллар ётқизилиб, асфальтлашга тадорик кўрилмоқда. Эски симёғочлар янгисига алмаштирилаяпти. Кўп қаватли уйлар ёнида, ҳовлиларнинг кўчага чиқиш қисмида қурилган ноқонуний уйлар бузилаётир.

— Шифер, тахта, қум-шағал, оҳак каби қурилиш моллари ортилган машиналарнинг кети узилмаяпти, — дейди “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Абдужалил Кенжаев. — Бунёдкорлик ишлари билан бирга, аҳолига саккиз турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, уй-рўзғор буюмлари узлуксиз етказилмоқда. Пойтахтдан келган шифокорлар уйма-уй юриб, ҳаммани тиббий текширувдан ўтказаяпти, дори-дармонлар, вакциналар тарқатилаётир. Тўғриси, тўй-маъракаларда ён-атрофдаги қишлоқлар одамлари бизда бўлаётган ўзгаришларга ҳавас билан қараётганини айтишаяпти. Бундан ғурурланмай бўларканми?!

Айни пайтда қишлоқдаги мингдан зиёд хонадонларда 1 минг 258 оила тинч-тотув яшайди. Аҳолининг бир қисми 34 та кўп қаватли уйда истиқомат қилади. Мазкур уйларда яшовчилардан кимдир хом ғишт, кимдир ёғоч, яна кимдир тунука билан девор тортиб олган, дераза ҳамда эшиклар ҳам беўхшов ўрнатилган. Бундай абгор ҳолатдаги уйларга туташ ноқонуний қурилишлар бузиб ташланди, шиферлар янгисига алмаштирилди, эшик-ромлар таъмирланди, деворлар янгидан тикланди. Қарабсизки, уйларга чирой кира бошлади.

— Қишлоқнинг марказий Чилонзор кўчасида қатор йирик лойиҳаларни бажариш режалаштирилмоқда, — дейди Дўстлик тумани архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Олим Ўринбоев. — Бу ерда юз ўринли мактабгача таълим муассасаси, бир қанча савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, 2,2 гектар майдонда истироҳат боғи барпо этилади. Боғда турли аттракционлар, дам олиш жойлари ташкил қилинади. Бундан ташқари, ҳудуддаги 21 кўчанинг икки томонида бетон ариқлар қурилмоқда, уларнинг ёнида замонавий чироқлар нур сочиб туради.

Шу пайтгача манасликларни ўйлантириб келган яна бир муаммо фарзандлари таълим-тарбия олаётган масканлардаги шарт-шароиту аҳволнинг мақтагулик эмаслиги, ўқитиш ишларидан кўнгил тўлмагани билан боғлиқдир. Қувонарлиси, дилни хижил қиладиган бундай манзаралар ҳадемай ўтмишга айланади. Гап шундаки, қишлоқдаги 5, 12-умумтаълим мактаблари, “Саодат” ва “Айчурек” мактабгача таълим муассасаларида ҳам янгиланиш ишлари бошлаб юборилди. Хусусан, 5-умумтаълим мактабининг теварагидаги занглаган темир панжаралар олиб ташланиб, девор билан ўралмоқда ҳамда янги дарвоза қурилаяпти. Спорт зали таъмирланиш арафасида. Мактабга янги парта, стол-стул, шкаф, доскалар келтирилди. Бу ерда мўъжаз ўқув-ишлаб чиқариш устахонаси қурилиши бошланди. Устахонада ўқувчи-ёшлар дурадгорлик, чилангарлик ва тикувчилик сирларини ўрганишади.

Бунинг учун зарур жиҳозлар жамламаси ҳам олиб келинди.
Инсон қачон эртанги кунига ишонч билан боқади? Қачонки, рўзғори бут, турмушида хотиржамлик бўлса. Бунинг учун эса, аввало, доимий даромад манбаи бўлмоғи, бошқача айтганда, салоҳияти ҳамда лаёқатига яраша ишламоғи керак. Яширишнинг ҳожати йўқ, ҳозирги пайтда қишлоқ жойларда аҳолининг катта қисми дуч келаётган долзарб масалалардан бири ишсизлик ҳисобланади. Шу маънода, “Обод қишлоқ” дастурига кўра, бандлик даражасини оширишга жиддий ёндашилаётгани айни муддаодир.

Манасда Дастур доирасидаги саъй-ҳаракатлар бошланганидан буён 163 нафар фуқаро иш билан таъминланди. Уларнинг 102 нафари фермер хўжаликлари ишчилари қаторидан ўрин олди.
20 нафар фуқаро “Fresh stile” корхонасига, 2 нафар аёл мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилди.
49 нафар хотин-қиз касб-ҳунар ўрганишга жалб қилинди. 8 нафар фуқаро Россия давлатида ишлаши учун рўйхатга олинди. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалардаги 30 нафар аёл тикувчиликка ўқитилиб, тикув машиналари олишлари учун уларга “Микрокредитбанк”нинг туман филиали томонидан истеъмол кредити расмийлаштирилди.

Умуман, бунёдкорлик ишлари қамрови қишлоқнинг ўзи билан чегараланиб қолмаган. Манасни туман маркази билан боғловчи йўлларга ҳам қум-шағал ётқизилиб, йўл четларидаги дарахтларга шакл берилмоқда. Очиқ далалар ва ғалла майдонлари четан деворлар билан ўралаяпти.
— Фуқаролар йиғинигача 18 километрлик таъмирталаб йўлларга асфальт қопламаси ётқизилади, — дейди “Янги авлод қурилиш” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Шавкат Анорбоев. — Бунинг учун қирқдан ортиқ техникалар ҳамда 150 нафар ишчини жалб этганмиз. Қишлоқдаги хонадонларга ичимлик суви етказиб бериш учун олти километр узунликда сув тармоқлари тортилаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Шунингдек, ариқ қазиш ва лотоклар ўрнатиш, пиёдалар йўлакчаси қуриш режалаштирилган.

Дарҳақиқат, шу кунларда Манасда бўлган киши бу ердаги жўшқин ҳамда қизғин жараёнга, ҳудуд аҳли чеҳрасидаги мамнунликка гувоҳ бўлади. Бу ислоҳотларнинг ҳаётий ифодасига яққол мисолдир. Зотан, бундай яратувчанлик кайфияти эндиликда бошқа қишлоқларни ҳам қамраб олаётгани, кундан-кун чирой очаётган Манасдек обод манзиллар тобора кўпайиши мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлидаги ислоҳотлар ҳаётий тасдиғини топаётганини кўрсатади.
Толибжон ЭРГАШЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn