Ўзбекистонда илк бор ҳарбий театр ташкил этилди
Ўзбекистонда илк бор ҳарбий театр ташкил этилди Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
  • 05 Март 2018

Ўзбекистонда илк бор ҳарбий театр ташкил этилди

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида илк бор ҳарбий театр-студияси — “Турон” ташкил этилди.

Мудофаа вазирлиги қошида ташкил этилган мазкур театр студияси нафақат ҳарбийлар ва уларнинг оиласига, балки барча фуқаролар учун бирдек хизмат кўрсатади. 100-120 кишига маданий ҳордиқ улашувчи “Турон” театри таркибидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актёрлар Саида Раметова ва Карим Мирходиев, таниқли кино ва театр актёри, режиссёр Сайфиддин Мелиев, Феруза Собитова, Элмира Раҳимжонова каби ўзбек халқининг севимли ижодкорлари жой олган.

Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, “Турон” театри ўзининг илк премьерасини 8 мартдан кейин “Жалолиддин Мангуберди” спектакли орқали очишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, айнан шу спектакль билан театр актёрлари Ўзбекистон бўйлаб гастроль сафарларини уюштиради. Шу билан бирга, театр репертуаридан “Бибихоним”, “Тўмарис”, “Бир кунлик бахт” сингари спектакллар ҳам ўрин олган.

Ушбу театр-студияси 14 – 19 май кунлари Шарқий ҳарбий округ (Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари), 28 май – 2 июнь кунлари Шимоли-ғарбий ҳарбий округ (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти), 11 – 16 июнь кунлари Марказий ҳарбий округ (Самарқанд, Жиззах, Навоий вилоятлари), 25 июнь – 20 июль кунлари  Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи (Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари)да жойлашган Мудофаа вазирлиги харбий қисм ва муассасаларида гастроль сафарларида бўлади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Ўзбекистондаги илк театр труппаси 1913 йилда Абдулла Авлоний бадиий раҳбарлиги остида Тошкентда очилган бўлиб, унинг номи ҳам “Турон” бўлган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn