Пешкуда ҳам “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишга киришилди
Пешкуда ҳам “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишга киришилди Фото: pixabay.com
  • 05 Март 2018

Пешкуда ҳам “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишга киришилди

 

Бухоро вилоятининг энг олис гўшаларидан бири — Пешку туманидаги Захкаш қишлоғида Наврўз бу йил ўзгача файзу тароват билан кириб келаяпти. Қадимий Варахша чўлига туташ қишлоқда қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари авж паллада. Бу ерда йўлсозлар, электр энергияси тизими мутахассису ишчилари, ободончилик идораси ходимлари, қурувчилар ва қудратли техника воситалари жамланган.

Бу ўзгаришлардан шу қишлоқда яшовчи  турли миллатга мансуб 1700 нафар аҳоли хурсанд. Улар қаторида эҳтиёжманд фуқаро Чаман Жумаева ҳам бор.

— Қишлоқ аҳолиси яқинда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, — дейди “Туркистон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Серсенгул Жаманчиева. — Шу жараёнда Чаман Жумаеванинг кўзида нуқсон борлиги аниқланди. Зудлик билан вилоят марказидаги кўз касалликлари шифохонасига ётқизилиб, жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Сизга айтсам, кўриш қобилияти яхшиланган Чаманни байрам арафасида ажойиб туҳфа кутмоқда. Унга икки сотихдан иборат замонавий уй-жой қуриб берилаяпти. Бу каби эзгу ишлар Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Обод қишлоқ” дастури доирасида рўёбга чиқарилмоқда. Халқимизнинг суюмли байрами —Наврўзни шу қишлоқда сайиллар уюштириб қарши оламиз. Бунақаси ҳали Захкаш қишлоғи тарихида бўлган эмас.

Чиндан ҳам ушбу дастур эзгу орзулар рўёби сари қўйилган дадил қадам бўлди. Мана, электр таъминотини олиб кўринг. Унда тез–тез узилишлар рўй бериши аҳолини қийнаб келаётганди. Гап шундаки, қишлоқда кейинги ўттиз-қирқ йил ичида аҳоли сони кўпайди. Табиийки, истеъмолчилар сони ҳам ошди. Трансформаторлар эса эскирди. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида қурилган бу ускуналар ўрнига 3 та янги трансформатор ўрнатилаяпти. Кабеллар тортилмоқда. Табиий газ таъминоти ҳам яхшиланмоқда. Захкашликлар лой кечиб, йўл босиш захматидан ҳам халос бўлишаяпти. Ёғингарчиликда юргани юрак бетламайдиган, ёзда чанг кўтарилиб, нафасни бўғадиган 4,2 километр масофадаги йўл таъмирдан чиқарилмоқда. Мана, неча йилдирки, қишлоққа ичимлик суви четдан ташиб келтирилади. Эндиликда бу муаммо ҳам ечимини топди. Сув иншооти қурилиб, ер остидан тоза ичимлик суви олиш тадбирлари кўрилаяпти. Қишлоқдаги 42-умумтаълим мактаби, қишлоқ врачлик пункти бинолари ҳам таъмирланмоқда.

— Вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган чора–тадбирлар дастурига мувофиқ, 11 та кам таъминланган оилага қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришлари учун иссиқхона қуриб берилаяпти, — дейди туман ҳокимлиги масъул ходими Омонжон Эргашев. — Тўртта хонадоннинг ҳар бир уйи том қисмини ёпиш учун 15 миллион сўмдан маблағ йўналтирилаяпти. Ногиронлиги бор икки фуқарога эса аравача ажратилади.

Дастурга мувофиқ, қишлоқ аёллари Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг касаначилик марказига ишга қабул қилинмоқда. Бунинг учун уларга 100 та тикув машинаси берилаяпти. Бу каби кенг қамровли юмушлар эса кўп йиллик орзу-ҳавасларнинг ушалишига, одамларнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларига олиб келмоқда.

Ислоҳотлар, ўзгаришлардан кўзда тутилган асл мақсад-муддао ҳам шу эмасми?!

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn