Оила бахти, юрт келажаги
  • 03 Март 2018

Оила бахти, юрт келажаги

Фарзанд — ота-онанинг бахту қувончи, авлод давомчиси, юрт келажаги саналади. Шу сабабдан халқимиз бола тарбиясига алоҳида эътибор ва масъулият билан ёндашади.

Бундан 25 йил муқаддам, яъни 1993 йилнинг 4 мартида мустақил юртимизнинг илк ордени сифатида “Соғлом авлод учун” ордени таъсис этилгани ҳам бежиз эмас. Бунда  чуқур маъно-мазмун мужассам. 

Соғлом авлод тушунчаси фарзандларимизнинг нафақат жисмоний, айни пайтда маънавий етуклиги, руҳий-ахлоқий баркамоллигини ҳам англатади. Шу боисдан биринчи ва иккинчи даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг соғлиғини мустаҳкамлаш, уларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ишига алоҳида ҳисса қўшаётган, келажак ворисларини маънавий-интеллектуал жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш соҳасида катта ютуқларга эришаётган юртдошларимиз тақдирланади. Таъкидлаш жоизки, болаларни ҳимоя қилишга ўз ҳиссасини қўшган турли чет давлатлар ва жамоат тузилмаларининг вакиллари ҳам “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланади. Шунингдек, моддий ва маънавий қадриятларни яратишга йўналтирилган умумдавлат тадбирларини ўтказиш, етим болалар ҳамда ногиронлиги борларни тарбиялаш, оналар ва болаларни муҳофаза қилишга катта ҳисса қўшган фуқаролар, жамоат ташкилотлари меҳнати ҳам мазкур орден воситасида қадрланади.

“Соғлом авлод учун” орденининг таъсис этилиши инсон ва унинг манфаатлари ҳар томонлама эъзозланаётган бизнинг диёримизда халқ саломатлиги, янги авлоднинг жисмоний ва руҳий-маънавий баркамоллиги олий қадрият, деб эътироф этилаётганлигининг ёрқин рамзидир. 

О. ФАЙЗИЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn