Хорижий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистондаги ислоҳотларни фаол ёритмоқда
  • 03 Март 2018

Хорижий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистондаги ислоҳотларни фаол ёритмоқда

Юртимизда иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари катта қизиқиш билан кузатишда давом этмоқда.

Хусусан, молия йўналишида етакчи саналган “Bloomberg” ахборот агентлигининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров билан уюштирган интервьюси кўплаб ўқувчилар диққатини тортди. Унда республикамизда иқтисод, молия тизимида ҳаётга татбиқ қилинаётган ташаббуслар атрофлича тилга олинган. “Биз ўзбек компаниялари ҳам халқаро молия бозорига чиқишини хоҳлаймиз. Бизнинг мақсад уларни замонавий корпорацияларга айлантиришдир”, дея молия вазирининг сўзларидан иқтибос келтиради агентлик.

Ушбу суҳбатдан келиб чиқиб, яна бир йирик нашр — “The Diplomat” Марказий Осиё давлатларининг бугунги ҳолати, истиқболига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилди. Муаллиф Паоло Сорбельонинг ёзишича, Марказий Осиёда Ўзбекистон юритаётган сиёсат инвесторлар учун ишончли бозор сифатида халқаро жамоатчилик эътиборини тортмоқда. “Ўзбекистон кўп сонли аҳолиси ҳамда ривожланган иқтисодиёти билан инвесторлар учун осон сармоя киритиш мумкин бўлган мамлакатдир”, дейилади.

Туркиядаги энг оммабоп газеталардан бири — “Hurriyet”да Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар тобора ривож топаётгани айтилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқоти ҳақида сўз борган. Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев Президент Режеп Таййип Эрдоғанни туғилган куни билан самимий қутлаб, унинг Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги қардошлик ҳамда стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган катта эътибори ва саъй-ҳаракатларини ҳамда қўшаётган улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Шунингдек, Туркия Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига бўлғуси олий даражадаги ташрифига тайёргарлик кўриш ва муқаддам эришилган келишувларнинг бажарилиши масалалари юзасидан Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ташкиллаштириш муҳимлиги ҳам эътироф этилган.

Малайзиянинг тўқимачилик, бизнес, мода саноатига ихтисослаштирилган “fibre2fashion” интернет-ресурси ўзбек пахтасини етиштириш, уни истеъмолчиларга етказиш ҳақида сўз юритади. “Пахта етиштиришда шаффофлик бўлиши маҳсулот сифатига ижобий таъсир кўрсатади. Бу эса одамлар фаровонлигини таъминлашга, она-табиатни асрашга хизмат қилиши табиий”, дейилади интернет-ресурсда.

Умуман олганда, юртимизга оид бу каби мақолалар дунё масс-медиасида изчил ёритилмоқда.

«Халқ сўзи» мухбири

Омонулла ФАЙЗИЕВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn