Тўйлардаги дабдаба ва исрофгарчилик миллий тараққиётимизга тўсқинлик қиладиган иллатдир
Тўйлардаги дабдаба ва исрофгарчилик миллий тараққиётимизга тўсқинлик қиладиган иллатдир Фото: protoday.uz
  • 03 Март 2018

Тўйлардаги дабдаба ва исрофгарчилик миллий тараққиётимизга тўсқинлик қиладиган иллатдир

Исрофгарчилик, шуҳратпарастлик ва дабдабабозлик...

Бундай иллатлар сўнгги пайтларда тўй, оилавий тантана ва бошқа маросимларни ўтказишда шунчалар авж олдики, унга қатъий барҳам бериш бугун ҳаётий заруратга айланди. Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг мамлакатимиз аҳолисига Мурожаати неча ўн йиллардан бери халқимизни қийнаб келаётган ушбу долзарб муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Унда, айниқса, опа-сингилларимизнинг тўй ва турли маросим ўтказаётган оилаларга кириб, сарпо, буюм йиғишга ружу қўйиш, ортиқча орзу-ҳавасга берилиш нафақат оила бюджетига, балки ёш оилалар маънавиятига ҳам жиддий путур етказишини ҳаётий аниқ мисоллар орқали тушунтириб бериши лозимлиги баён қилингани жамиятда юксак нуфуз ва мавқега эга аёллар, улар фаолияти билан шуғулланадиган ташкилотлар, комиссиялар зиммасига катта масъулият юклайди. 

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси томонидан “Тўйлар, оилавий тантаналар ва маъракаларни ўтказишда давлат ва жамиятнинг ўрни” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида шулар хусусида сўз юритилди. 

Қуйи палата депутатлари, давлат органлари, нодавлат ва диний ташкилотлар, илмий таълим муассасалари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этган тадбирда тўй маросимлари, оилавий тадбирлар ва маъракаларни ўтказишни тартибга солиш, бу борадаги номақбул ҳолатлар ва  исрофгарчиликнинг олдини олиш масалалари жиддий муҳокама қилинди. 

— Очиғини айтиш керак, сўнгги пайтларда тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига олиб келмоқда, — дейди Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия раиси Дилором Файзиева. — Бу жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётир. Бунга жойларда аҳоли билан ўтказаётган мулоқотларимизда амин бўлаяпмиз. Тўғри, тўйлар ва маъракалардаги сарф-харажатларни қисқартириш мақсадида маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қарорлар қабул қилинган. Аммо бу кутилган натижани бермаяпти. Сўнгги йилларда юзага келган вазиятни эътиборга олган ҳолда, барчамиз ўз ҳудудимизда тўй ва маъракалар, оилавий маросим ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаол иштирок этишимиз зарур. Бу борада одамлар билан суҳбатлашиш, айниқса, ёшларда ушбу масалага масъулият ва дахлдорлик ҳиссини кучайтириш айни муддао. 

Давра суҳбатида тўй-маъракаларни юксак маънавий мезонларга муносиб тарзда ўтказиш, шуҳратпарастлик, дабдабабозликка узил-кесил барҳам бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

— Аҳолининг аксарият қисми кўп сонли меҳмонлар таклиф этилишини гўёки сахийлик, меҳмондўстлик белгиси, деб ҳисоблайди, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Шоира Нурматова. — Натижада тўйлар оилалар даромадларига яраша эмас, балки катта сарф-харажатлар билан ўтказилаяпти. Бу эса ўртаҳол оилаларни бир неча йил давомида қарз тўлашга мажбур этмоқда. Энди тасаввур қилинг, 2-3 соатлик тадбирга йиллар давомида тўпланган маблағларни сарфлаш қанчалик ақлга сиғади. Аслида оқилона тарзда тўй ўтказиб, тежалган маблағларни оила саломатлиги ва фаровонлиги, болалар таълим-тарбиясига сарфлаш мумкин-ку. Ушбу масалалар муҳокамасида биз таклиф ва тавсияларимиз билан фаол иштирок этишимиз мақсадга мувофиқ.

Маълумки, Марказий Осиё минтақаси мамлакатларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан чоралар кўриш, шунингдек, қонунлар қабул қилиш орқали тўй-маросимларни тартибга солиш тажрибаси мавжуд. Уларда тўйга таклиф этилган меҳмонлар, келин-куёв учун хизматдаги автомобиллар ва маърака дастурхонидаги таомлар сони каби кўрсаткичлар тартибга солинган. Тўй ва маъракалар ўтказилиши устидан назорат қилувчи махсус комиссиялар фаолият юритмоқда, улар томонидан зарур ҳолларда қатъий чоралар амалга оширилади.

Иштирокчилар бу хусусда батафсил тўхталиб, бугунги кунда ушбу йўналишда аҳоли ўртасида доимий тушунтириш-тарғибот ишларини жадаллаштириш, оилаларнинг моддий аҳволини оғирлаштирадиган, улар турмушини издан чиқарадиган бундай нохуш ҳолатларга барҳам бериш зарурлигини қайд этдилар. Бу бўйича давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари самарадорлигини оширишга оид таклифлар илгари сурилди. 

Мунозаралар якунида тўй маросимлари, оилавий тантаналар ва маъракаларни ўтказишда ортиқча исрофгарчиликларнинг олдини олиш мақсадида жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш зарурлиги юзасидан қизғин фикр алмашилди. 

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn