«Қувончимиз чексиз, таърифига сўз йўқ»
«Қувончимиз чексиз, таърифига сўз йўқ» Суратни воқеага алоқаси йўқ.
  • 03 Март 2018

«Қувончимиз чексиз, таърифига сўз йўқ»

“Бунақаси бўлмаган”. Бугун халқимизга хос ҳайрат ифодаси мужассам ушбу ибора ҳар қадамда, ҳар бир шаҳару қишлоқларимизда тез-тез тилга олинаётганлиги бор гап. Кимдир уйли, кимдир ишли бўлиб, яна биров неча йиллардан буён ечилмаган муаммосининг ҳал этилганлигидан хушнудлигини ана шундай миннатдорлик сўзлари орқали баён қилмоқда.

Хусусан, Сирдарё вилоятининг олис Ховособод қишлоғидаги қайси хонадонга кирманг, ким билан суҳбатлашманг, барчанинг юзида хурсандчилик ва кўтаринки кайфиятни кўрасиз.

Боиси Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Обод қишлоқ” дастурига биноан, айни чоғда мазкур ҳудудда аҳолини узоқ вақтдан буён қийнаб келаётган муаммолар ечилмоқда — кенг кўламдаги қурилиш-реконструкция, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилиб, кўплаб ижтимоий-иқтисодий вазифалар амалга оширилмоқда. 

Ховособод — вилоятнинг Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудудидаги қадимий қишлоқ. Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, ушбу манзил Буюк Ипак йўлидаги муҳим бекатлардан бири бўлган. Бунга Эски Ховостепанинг археологик қазилмалари аниқ далил бўла олади. Қолаверса, бу ерда зиёратгоҳ ҳам мавжуд.

Айтиш лозимки, анчадан буён ҳудуддаги ана шу тарихи узоқ қишлоқда  кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммолар йиғилиб қолган эди. Жумладан,  ички йўллар, кўп қаватли уйлар, маданий-маиший иншоотларни таъмирлаш, табиий газ ва электр энергияси таъминотидаги камчиликларни бартараф этиш аҳолининг кўп йиллик орзуси эди. Ховосободликларни қийнаб келаётган муаммолар сектор раҳбарлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда чуқур ўрганилди ҳамда қишлоқни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” тузилиб, ижросига киришилди. Шу билан бирга, ишчи гуруҳидан иборат вилоят ҳокимининг штаби ташкил этилди.

— Маҳалламиз аҳолиси 2560 кишидан иборат, — дейди “Ховособод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳамиджон Ҳамроев. — Қишлоғимиздаги муаммоларни ўрганган сектор раҳбарларининг аҳоли бандлигини таъминлашни энг долзарб вазифа сифатида белгилаб, бу борада аниқ чора-тадбирлар кўрилгани ҳам айни одамларимиз кўнглидаги иш бўлди. Яъни қисқа вақт ичида ҳудудимизда яшовчи 98 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.  

Муболаға эмас, бугунги кунда Ховособод ҳақиқий қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, қисқача айтганда, улкан бунёдкорлик майдонига айланган. Ана шундай ғайрат-шижоат туфайли маҳалла қисқа муддатда бутунлай ўзгача чирой очди. Ҳозир бу ердаги 12 та кўп қаватли уйни таъмирлаш, уларга  кўркам тус бериш юмушлари бажарилиб, атрофидаги ноқонуний қурилган иншоотлар бузилиб, ўрнида болалар майдончалари, тандирхоналар ташкил этилмоқда.

Шунингдек, электр тармоқлари корхонаси томонидан тунги ёритқичлар ўрнатилаётир. Қувонарли томони шундаки, энди маҳалла болалари мактабга лой кечиб бормайдиган бўлишади. Негаки, йўлсозлар 26 километрлик масофада шағал ва асфальт ётқизиш ишларини бажариб, йўлларни кенг ва равон қилиш ҳаракатида.

Маҳаллани электр энергияси билан таъминлашни яхшилаш мақсадида 5 та трансформатор ўрнатилди. Икки ярим километрлик ичимлик суви тармоғининг ҳолати яхшиланди. Айни чоғда ушбу юксак эътибор  аҳоли уйларида ҳам ўз аксини топмоқда, Масалан, 485 та хонадон ихтиёридаги 36 гектар томорқадан унумли фойдаланиш чоралари кўрилиб, уларда иссиқхоналар ташкил этишга киришилди. Эътиборлиси, шу мақсадда 7 та тик артезиан қудуқ таъмирланиб, суғорма сув таъминотини ҳам яхшилаш чоралари кўрилмоқда. 

— Қувончимиз чексиз, таърифига сўз йўқ, — дейди ховосободлик Майсара  Зокирова. — Негаки, аҳолини қийнаб келаётган неки муаммо бор, барчаси кўз олдимизда ўз ечимини топмоқда. Ҳар бир киши, ҳар бир хонадон эътиборда. Айниқса, биз аёлларга яратилаётган шароитлардан кўнглимиз тоғдек кўтарилмоқда. Бунинг учун Юртбошимизга қанча раҳмат айтсак, шунча оз.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn