Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Р. Қодировнинг ўринбосарлари ҳам қўлга олингани расман тасдиқланди
Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Р. Қодировнинг ўринбосарлари ҳам қўлга олингани расман тасдиқланди Фото: Новости Узбекистана
  • 02 Март 2018

Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Р. Қодировнинг ўринбосарлари ҳам қўлга олингани расман тасдиқланди

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар тарқатди.

“Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси собиқ бош прокурори Р. Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳақида кўплаб тарқатилаётган ахборотлар фойдаланувчиларда тергов тафсилотлари борасида турли фикр ва мулоҳазаларни келтириб чиқармоқда.

Шу муносабат билан, Бош прокуратура Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ тергов органи дастлабки терговни олиб бориш вақтида жиноят ишидаги барча маълумотларни ёки унинг муайян қисмидаги маълумотларни ошкор қилинмайдиган деб эътироф этишга ҳақли эканлигини маълум қилади.

Бу турдаги маълумотлар терговнинг сифатли, тўла ва холисона ўтказилишини таъминлаш, шунингдек жиноят изларининг йўқ қилиниши, жиноий йўл билан топилган ашёлар, воситаларнинг яширилиши, тергов органларининг ҳақиқатни аниқлаш борасидаги фаолиятига тўсқинлик қилиниши ёки тергов жараёнини қийинлаштирувчи бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ошкор қилинмайди.

Бу каби ахборотларни эълон қилиш тезкор тадбирлар ва дастлабки терговга зиён етказиши, айбдор шахсларни ўз вақтида фош этиш ва ушлашга тўсқинлик қилиши мумкин.

Шу тариқа, тергов сирини ошкор этмаган ва жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, Бош прокуратура томонидан қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ўтказилаётган жиноят иши доирасида Р. Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 221-моддаси тартибида ушланганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Ҳозирги кунда жиноят иши бўйича бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари Ж. Файзиев ва У. Суннатов ушланган.

Мазкур жиноят иши бўйича тергов сирини ташкил қилмайдиган қўшимча ахборотлар вужудга келиши баробарида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг расмий сайтида тегишли маълумотлар чоп этиб борилиши маълум қилинади.
ОАВ вакиллари бунга тушуниш билан ёндашишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига ҳурмат билан муносабатда бўлишлари лозим деб ҳисоблаймиз”, дейилади хабарда.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси. Ушлаб туриш асослари
Жиноятни содир этишда гумон қилинган шахс қуйидаги асослар мавжуд бўлганда ушлаб турилиши мумкин:
1) шахс жиноят устида ёки бевосита уни содир этганидан кейин қўлга тушса;
2) жиноят шоҳидлари, шу жумладан жабрланувчилар уни жиноят содир этган шахс тариқасида тўғридан-тўғри кўрсатсалар;
3) унинг ўзида ёки кийимида, ёнида ёки уйида содир этилган жиноятнинг яққол излари топилса;
4) шахсни жиноят содир этишда гумон қилиш учун асос бўладиган маълумотлар мавжуд бўлиб, у қочмоқчи бўлса ёки доимий яшайдиган жойи йўқ ёхуд шахси аниқланмаган бўлса.


Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn