Ўзбекистонда ЙТҲ туфайли йилига 2,5 минг нафарга яқин киши ҳалок бўлмоқда. Бунга ким айбдор?
  • 02 Март 2018

Ўзбекистонда ЙТҲ туфайли йилига 2,5 минг нафарга яқин киши ҳалок бўлмоқда. Бунга ким айбдор?

 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, йўл транспорт ҳодисаси туфайли дунёда йилига 1,2 миллион киши вафот этмоқда. 20 миллион нафардан зиёди жароҳатланади. Бундай ҳолатларда, асосан, аҳолининг фаол қисми автоҳалокат қурбонига айланаётир, яъни уларнинг аксарияти 20 — 35 ёшгача бўлган инсонлардир. 

Афсуски, мамлакатимизда ҳам турли кўринишдаги автотранспорт ҳодисалари оқибатида қурбон бўлаётганлар, унинг аччиқ жабрини тортаётганлар йўқ эмас. Хўш, бунга ким айбдор ва нима сабаб бўлмоқда?

— Йўлга чиққан ҳар бир инсон йўл ҳаракати иштирокчисига айланади, — дейди ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Эрали Бозоров. — Бу жараёнда ҳайдовчи ҳам, пиёдалар ҳам қоидаларга амал қилиши керак. Бугунги кунда юртимизда йўл транспорт ҳодисалари туфайли йилига 2,5 минг нафарга яқин киши вафот этмоқда. Албатта, йўл транспорт ҳодисалари 2016 йил билан таққослаганда 2017 йилда 3,1 фоизга камайган. Лекин битта бўлсаям бу — фожиа. Бу рақамларни шунчаки айтиб ўтиб кетиш билан иш битмайди, унинг ортида инсон тақдири турибди. Бу эса, аввало, ҳайдовчиларнинг малакасини оширишимиз, қайта тайёрлашимиз лозимлигини кўрсатди. 

Йўл транспорт ҳодисаларни, асосан, юридик, яъни корхона ва ташкилотлар ҳайдовчилари томондан содир этилаётгани, қолаверса, ҳайдовчиларнинг меҳнат режимига амал қилмаслиги, яъни кунига саккиз соатдан ортиқ автотранспорт воситасини бошқариши, айниқса, йўналишсиз йўловчи ташувчилар(такси ҳайдовчилар)нинг кечаю кундуз дам олмасдан ишлаши ҳам автоҳалокатлар содир этилишининг жиддий сабаби экани маълум бўлди. Шу боис, аввало, ушбу тоифадаги ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш мақсадга мувофиқ, деб топилди.

Маълумот учун, мамлакатимизга Россия ва бошқа Европа мамлакатлари тажрибасидан келиб чиқиб, 2 йилда бир маротаба малака ошириш тизимининг йўлга қўйилди. Бугунги кунда 25 мингдан ортиқ ҳайдовчилар малака оширишди. 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn