Янгийўлликларни нималар ўйлантирмоқда?
Янгийўлликларни нималар ўйлантирмоқда? Фото: Kun.uz
  • 02 Март 2018

Янгийўлликларни нималар ўйлантирмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўзгаришлар, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

Ушбу ўрганиш натижалари халқ депутатлари Янгийўл тумани Кенгаши сессиясида танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. Унда халқ вакиллари, қатор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, фуқаролар йиғинлари масъул ходимлари, жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Ҳудудда ўн кун давомида олиб борилган ўрганишлар, аҳоли билан очиқ мулоқотлар шуни кўрсатдики, янгийўлликлар давлатимиз раҳбари томонидан барча жабҳада олиб борилаётган жадал суръатдаги туб ислоҳотларни мамнуният билан қўллаб-қувватлашмоқда. Айниқса, Президентимизнинг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида секторлар фаолиятининг йўлга қўйилгани жойларда тўпланиб қолган, одамларни қийнаётган кўплаб муаммоларнинг барҳам топишида, давлат идоралари мансабдор шахсларининг халқ олдидаги жавобгарлик ва масъулияти ортишида муҳим ўрин тутаётгани намоён бўлди. Бироқ бу бугунги кун талаби нуқтаи назаридан етарли эмас. Таҳлиллар ҳамда натижаларга кўра, Янгийўлда секторлар фаолияти янада жонланиши керак. Асосийси, уларнинг иш самарадорлигини аҳоли ўз ҳаётида яққол кўрмоғи ва ҳис қилмоғи лозим.

Парламент аъзолари ҳудуддаги 630 дан зиёд хонадонларда бўлиб, 2,5 мингдан ортиқ кишилар билан суҳбатлашдилар. 50 дан кўпроқ ижтимоий соҳа объектлари, 61 маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти таҳлил этилди.

Юзма-юз мулоқотлар чоғида аҳоли томонидан 200 дан зиёд долзарб масалалар ўртага ташланди. Уларнинг аксарияти жойида ҳал қилинди. 73 таси бўйича жорий йилга мўлжалланган “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Муаммоларнинг аксарияти уй-жой ва коммунал соҳа, бандлик, таълим, соғлиқни сақлаш, савдо, маиший хизмат, пул кредитига тегишлидир.

Сессияда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши тармоқ ҳамда соҳалар бўйича атрофлича муҳокама қилинди. Макроиқтисодий кўрсаткичлар ўсиб бораётгани таъкидлангани ҳолда, камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, ҳудуддаги 55 та умумий ўрта таълим мактабининг қуввати 21 минг 253 ўқувчига мўлжалланган бўлиб, амалда 28 минг 253 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактабларда информатика, математика, физика, инглиз тили, кимё, рус тили фанлари ўқитувчиларига эҳтиёж бор.

Туманда 10 та давлат мактабгача таълим муассасаси фаолият юритиб, уларда мактабгача ёшдаги 13 минг 460 нафар боладан 1938 нафари қамраб олинган. Қисқа муддатли гуруҳларга қамраб олинган болалар 14,5 фоизни ташкил этади. 52 та маҳалла фуқаролар йиғинида мактабгача таълим муассасаси умуман йўқ.

Янгийўлда ўтган йил давомида жиноятчилик 8,9 фоиз камайди. Лекин оғир жиноятлар, ўғрилик, фирибгарлик, босқинчилик, товламачилик каби ҳолатлар сезиларли даражада кўпайган. Маҳалла фуқаролар йиғинларининг 60 тасида ёки 98,8 фоизида жиноятлар содир қилинишига йўл қўйилган. 34 тасида эса жиноятлар сони 2016 йилдагига нисбатан ошган.

Мана шу далил ва рақамларнинг ўзиёқ секторлар фаолиятидаги бўшлиқлардан далолат беради.

Сессияда доимий комиссиялар фаолияти ҳам талабга жавоб бермаслиги, маҳаллий Кенгаш депутатларининг мурожаатлар билан ишлашда “депутатлик сўрови” амалиётидан суст даражада фойдаланилгани қайд этилди.

Муҳокамалар асносида депутат ҳамда сенаторлар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш юзасидан таклифларини билдирди. Якунда тегишли қарор қабул қилинди.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn