Ҳар бир инсон бахтли яшашга ҳақли
Ҳар бир инсон бахтли яшашга ҳақли Фото: amazingpict.com
  • 01 Март 2018

Ҳар бир инсон бахтли яшашга ҳақли

Мамлакатимизнинг энг олис ҳудудларида ҳам ана шу тамойил асосида кенг кўламли янгиланишлар амалга оширилмоқда.

Баъзида чекка ҳудудлардаги қишлоқ ва овулларга йўлингиз тушса, пала-партиш қурилган пастқам уйлар, қаровсизликдан нураётган бинолар, қишда лой, ёзда чанг кўчаларни кўриб, очиғи, дилингиз хуфтон бўлади. Юртимизда кечаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлардан четда қолаётган, йиллар мобайнида ижтимоий-иқтисодий муаммолар гирдобига ботган бундай аҳоли масканлари, афсуски, оз эмас.

Бугунги ислоҳотлар жараёнида мана шу жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар бир оила турмуш фаровонлигини юксалтириш, одамларнинг ҳаётдан рози бўлишини таъминлаш чоралари кўрилаётир.
Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури бунинг яққол тасдиғидир. Унинг доирасида Дўстлик туманининг Манас қишлоғида бошланган бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари мамлакатимизнинг энг олис манзилларида яшаётган юртдошларимизнинг ҳаётида том маънода нурли саҳифа очиши билан аҳамиятлидир.

Қувонарлиси, эндиликда ушбу эзгу ташаббус юртимизнинг барча ҳудудида кенг қулоч ёймоқда. Шароити ўта оғир қишлоқлар танланиб, намуна сифатида обод ва файзли масканга айлантиришга киришилди. Бунда нафақат давлат идоралари, балки жамоат ташкилотлари ҳам фаол қатнашаяпти.
Шундай саъй-ҳаракатларни Нуробод туманининг олис Жом қишлоғида ҳам кўриш мумкин. “Жом” ҳамда “Гирдиқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги муаммо ва камчиликлар, ҳар бир хонадоннинг аҳволи чуқур ўрганилиб, бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.

Куни кеча Жом қишлоғида Самарқанд вилояти ҳокими Т. Жўраев ҳамда секторлар бошлиқлари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, вилоятдаги бошқарма ҳамда идоралар раҳбарлари иштирокида мазкур лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Ушбу дастурни ишлаб чиқишда тегишли соҳалар мутахассислари хулосалари ва қишлоқ аҳолисининг таклиф ҳамда истаклари инобатга олинди.

Режага кўра, икки ҳудудда замонавий маҳалла марказлари, “Нуронийлар маскани” ва чойхона, иккита мактабгача таълим муассасаси бунёд этилади. Қишлоқдаги маданият ҳамда аҳоли дам олиш маркази атрофида замонавий истироҳат боғи, Хотира майдони, ёзги амфитеатр, музей ва бошқа бир қатор янги иншоотлар қурилади. Жом бозори мукаммал таъмирдан чиқарилиб, бутунлай янгича қиёфа касб этади. Шунингдек, ҳудуддаги 5,4 километр йўлга асфальт ётқизилади. 22 километр ички йўлларга қум-шағал тўкилиб, текисланади. Бундан ташқари, касб-ҳунар коллежи ҳамда умумтаълим мактаблари, тиббиёт муассасаларида ҳам таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилади.

— Мазкур ҳудуд аҳолиси учун замонавий турмуш шароитини яратиш, коммунал соҳалардаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида Жом маҳалласидаги 1 минг 65 ҳамда Гирдиқўрғондаги 757 хонадоннинг ҳолатини ўрганиб чиқдик, — дейди Самарқанд вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Рустам Сатторов. — Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида иккита артезиан қудуғи қазилиб, сув миноралари ўрнатилади. Мавжуд сув тармоқлари таъмирланиб, 500 метр масофага янги қувур тортиш режалаштирилган. Қишлоқ аҳолисининг тарқоқ жойлашгани ва электр тармоқлари пала-партиш тортилгани туфайли бу борада ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Эски, яроқсиз симёғочлар янгисига алмаштирилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1000 га яқин симёғочлар, 15 та замонавий, кичик трансформатор ўрнатилиши кўзда тутилган. Натижада электр энергияси таъминотидаги узилишларга ҳам барҳам берилади.

Шунингдек, қишлоқ аҳолисига газ баллонлари тарқатилади. Вилоятнинг етакчи тиббиёт муассасалари шифокорлари аҳолининг барча қатламини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказадилар. Қисқача айтганда, жомликларнинг турмуш шароити яхшиланиб, фаровон ҳаёт кечиришлари учун неки лозим бўлса, барчаси таъминланади.
Манноб ИБОДУЛЛАЕВ,
Акром ҲАЙДАРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn