Хуш келдинг, юртимга кўкламой!
  • 28 Февраль 2018

Хуш келдинг, юртимга кўкламой!

Сурур

Сезяпсизми, замин уйғонаяпти...
Илғадингизми, ер иси, кўкламнинг хуш нафасини?
Туйдингизми, офтобнинг ҳаётбахш тафтини?

Ахир, тўқсон чиқди. Буёғи энди баҳор. Бундай пайтда табиат ороланади. Ундаги ўзгариш, яшариш, янгиланиш инсон қалбига кўчади. Унга завқ-шавқ бағишлайди. Ниҳол қадаш, боғ яратиш, ризқ-рўз ундириш каби азалий эзгу амалларга ундайди.

Кузатган бўлсангиз, бугун эсаётган шамоллар шиддати ҳам ўзгача. Зумда пайдо бўлиб, дов-дарахтлар шохини тортқилаб-тортқилаб кетаётган бу учқур елларни “харосат шамоллари” дейдилар. У кўклам элчиси, ҳижрий-шамсий тақвимининг сўнгги ойи — ҳутнинг белгиси.

Одатда, бу ой икки-уч кун олдин бошланиб, ҳамма ёқни тўс-тўполон қиладиган, баъзида дарахтларни илдизила ағдарадиган харосат шамоллари билан дохил бўлади. Унинг вазифаси қиш уйқусида мудраб ётган борлиқни уйғотишдир. 

Ҳа, ҳут қуёши табиатга қайта ҳаёт бағишлайди. Замин етилади. Халқ мақолида бежизга “Ҳут кирди — ер остига дуд кирди”, дейилмаган-да! Шу онни интиқ кутган бойчечаклар бош кўтариб чиқади. Зумда бу шошқалоқ чечаклар ҳали зумрад гилам солишга улгурмаган қир-адирларга ажиб бир оро беради. Элимизга яна кўклам келганини эслатиб қўяди. Одамларга “эсонлик-омонлик” тилаб, поёндозлар тўшайди. 

Эмишки, бу зайл эврилишлардан Ажуз кампир ғазаб отига минармиш. “Ҳой тўқсон, бир кунимча йўқсан”, дермиш-да, изғиринли, қорли кунларни чақирармиш. Бахтга қарши ҳутнинг сўнггида шу қайсар кампир даври кечаркан. Аслида, унинг муҳлати уч кун. Аммо сакраб келса саккиз кунга, ўйнаб келса, ўн кунгача чўзилиб кетаркан...
Ажуз кампир қанчалик чиранмасин, ғолиб чиқолмаскан. Унинг тизза баробар ёққан қорлари-да бир кунда эриб битади. Илло, аллақачон қантар оғган. Бу паллада қозиқ устида қор турармиди?!

Айтишадики, “Ҳутнинг бир дақиқаси кузнинг ўн кунига тенг”. Шу важдан ой бошланиши билан заминдорнинг ороми йўқолади. Деҳқон экин-тикинга чоғланади, чорва отарга чиқади. Боғбонлар эса мевали дарахтларга шакл бериш, буташга тутинади. Ахир, бу юмуш новдаларда куртак бўртмай тугаллангани маъқул. Йўқса, ҳосилга зиён.
Ҳисобдонлар маслаҳати билан кўмилган анор, анжир ва токлар очилади. Зарур бўлса, қатор ораларига ишлов берилади. Шу тариқа экин-тикин ишларига киришилиб кетади. Янги мавсум бошланади. 

Ҳутнинг хосияти шундаки, бу пайтда табиат дорихонаси ўз дарчасини очади. Айни “илигузилди” чоғида дармондориларга бой неъматларни тортиқ этади. Келинчаклар жилғалар лабида қулоқ кўрсатган ялпиз, жағ-жағ, исмалоқдан кўксомсалар ёпади. Қувватбахш чучваралар тугади. Момоларимиз эса яна кўкламга етказганига шукроналар айта-айта буғдой ундирадилар. Фариштасурат оналаримиз қирқ қулоқли қонзонларда сумалик қайнатиб, кекса-ю, ёшга улашишади. Жажжи дилбандларимиз эса қанотлари остида қут-барака олиб келаётган эзгулик қушларига пайдар-пай чопиб, мусаффо осмонимиз узра варраклар учиради... 
Бу — ҳутнинг синоати, юртимизга одамлар қалбига эзгулик уруғи қадовчи баҳор ташрифининг нишонаси.
Хуш келдинг, юртимга кўкламой!
Саид РАҲМОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn