“SamTour” мобиль иловаси яратилди. Унинг афзаллиги нимада?
“SamTour” мобиль иловаси яратилди. Унинг афзаллиги нимада? Фото: samarkandtour.uz
  • 28 Февраль 2018

“SamTour” мобиль иловаси яратилди. Унинг афзаллиги нимада?

 

Дунё мамлакатлари тажрибасидан маълумки, ҳозирги кунда туризмда ахборот технологиялари катта роль ўйнамоқда.

Мисол учун, сайёҳларни жалб қилиш, ҳаво йўллари, темирйўл, автомобил ва бошқа транспортларни масофадан туриб брон қилиш, яшаш жойини ижарага олиш, турли хил тадбирлар ҳақида батафсил маълумот олиш, ўша мамлакатга кириш визасини олиш, овқатланиш жойларидаги хизматлар учун олдиндан тўлов қилиш каби жуда кўплаб юмушларни ахборот технологиялари орқали бир лаҳзадаёқ бажариш имкониятлари яратилмоқда. Бундан ташқари, туристларга қулайликлар яратиш мақсадида сайёҳлик объектларининг интерактив йўл кўрсаткичларга эга электрон хариталари мавжуд.

Улар орқали сайёҳ ўзи турган жойдан бормоқчи бўлган нуқтасигача бўлган йўналишни тўлиқ билиб олиш имконига эга бўлади.

Статистика маълумотларига кўра дунёдаги сайёҳларнинг 52 фоизи FIT (Free Independent Traveler яъни, якка ҳолдаги сайёҳлар) сифатида саёҳатга чиқишади. Сайёҳлик фирмаларидан эса бор йўғи 19 фоиз сайёҳ фойдаланади. Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар кўпинча сайёҳлик фирмалари орқали ташриф буюришади. Бу эса бизнинг туризм соҳамизга таъсир қилмасдан қолмайди.

Юқоридаги ҳолатларни имкон қадар бартараф этиш мақсадида барча турдаги мобиль қурилмаларга мўлжалланган электрон саёҳат дастури ишлаб чиқилди.

Дастурнинг биринчи версияси Андроид операцион тизимида ишлайдиган қурилмалар учун мўлжалланган. Бунга сабаб андроид смартфон ва планшетларда фойдаланувчининг айни пайтдаги жойини аниқлаш ва кейинги борадиган манзилига йўналтириш учун GPS-қабул қилгич, компас, Wi-Fi ва бошқа хил техник жиҳозлар мавжуд. 

Бундан ташқари бу қурилмани сайёҳ доимо ўзи билан олиб юра олади ва хоҳлаган жойига олиб бориши мумкин. Шаҳарга янги келган сайёҳ учун интернетга уланиш бир ташвишли иш бўлиб, уни шундай ташвишлардан озод қилиш учун дастур офлайн ҳолатида ишлайдиган қилиб яратилган. Интернет тармоғи мавжуд бўлмаган жойларда ҳам уни ишлатиш мумкин. Дастурдан фойдаланишни хоҳлаган сайёҳдан, фақатгина, www.samarkandtour.uz сайтидан ёки Google Play электрон дўконидан (www.play.google.com) ўз мобиль қурилмасига бепул юклаб олиш талаб этилади.

SamTour мобиль иловаси сайёҳ учун қуйидаги асосий вазифаларни бажара олади:

• саёҳат режасини ишлаб чиқиш;

• сайёҳнинг айни пайтда турган жойидан кейинги борадиган манзилига картада йўл кўрсатиш;

• шаҳарда жойлашган зиёратгоҳлар, овқатланиш шахобчалари, меҳмонхоналар ва савдо мажмуалари ҳақида тўлиқ маълумот бериш;

• Транспорт хизматлари, меҳмонхоналарни онлайн брон қилиш ва уларга электрон тўлов тизимлар орқали ҳақ тўлаш.

• Шаҳарда фаолият юритаётган гид экскурсаводлар ва ҳайдовчилар ҳақида маълумот олиш ва уларни олдиндан ёллаш.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn