Чорминорни нега сув босди?
Чорминорни нега сув босди? Фото: www.facebook.com/jamshid.islomov.946
  • 28 Февраль 2018

Чорминорни нега сув босди?

Кеча сайтимизда сурункали ёққан ёмғир оқибатида Бухородаги тарихий обида — Чорминор мадрасасини сув босгани ҳақида хабар тарқатган эдик. Хўш, Чорминорни нега сув босди?

Мухбиримиз бу вазиятга ойдинлик киритиш учун табиий ҳодиса содир бўлган жойда бўлди. Бу ерда яшовчи юртдошларимиз ва мутасаддилар билан суҳбатлашди.
Аввало, Чорминор ҳақида. Бу мадраса халифа Ниёзқул томонидан 1807 йилда барпо этилган. У пешайвонли масжид, мадраса, кутубхона, ҳовуз ва ҳужралардан иборат. Мураккаб тархли тўртта минора (мезана)га эга. Кутубхонага минора орқали чиқилган.

Афсуски, мустабид шўро тузуми даврида кўплаб тарихий ёдгорликлар қатори Чорминордан ҳам хўжалик мақсадларида фойдаланилган. Бу эса унинг қаровсиз аҳволга тушиб қолишига олиб келди. Мустақиллик йилларида Чорминорнинг кириш қисми миноралари, ҳовуз ва мадраса таъмирдан чиқарилди ва асл ҳолига келтирилди. Яқинда эса мадрасада  яна таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

  • Энди обиданинг жойлашган ўрни хусусида. У Бухоронинг эски шаҳар қисмида, аҳоли тиғиз яшайдиган худудда қад ростлаган. Тор кўчаларнинг етти-саккизтаси мадраса ҳовлисига келиб туташади. Мадраса шу кўчаларга нисбатан пастроқда жойлашган. Мабодо, кучли  ёғингарчилик рўй бергудек бўлса, нишаб кўчаларнинг суви бамисоли тарновдек мадраса томон оқади. Тўғри, обиданинг мўъжаз ҳовузи бор ва ундаги сув махсус ўрнатилган насос ёрдамида қувурлар орқали чиқариб юборилади. Бироқ селдек оқиб келган сувни чиқариб юборишга баъзан насоснинг кучи етмайди. Ўша паллада электр энергиясида узилиш рўй бергудек бўлса-чи? Унда аҳвол янада ёмонлашади. Бир эмас, неча ўн йиллик бу масала яқинда ёққан ёмғир туфайли сув бетига қалқиб чиқди. Тўғри, шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, сектор раҳбарлари қўл қовуштириб туришгани йўқ. Зарур техника воситалари жалб этилиб, мадраса ҳовлисида юзага келган аҳвол тезкорлик билан бартараф этилди. Лекин баҳор келаяпти. Серёғин кунлар ҳали олдинда. Шундай экан, муаммони оқилона ҳал этиш имкони борми?

— Биласиз, эски шаҳарда марказлаштирилган канализация тизими мавжуд эмас, — дейди Чорминор кўчасида яшовчи Мансур Сафаров. — Шуни инобатга олган ҳолда мадрасага нишаб кўчаларда чуқурлиги 4–5 метр бўлган дренаж тармоғи, соддароқ қилиб айтганда, қудуқ барпо этиш керак. Токи, ёғин–сочинли кунларда кўлмак сувлар ушбу қудуқларга тушсин. Шундай қилинса, мадраса ҳовлисини сув босмайди, ёдгорлик пойдеворига зиён етмайди.
— Марказлашган канализация тизимининг йўқлиги аҳолини анча ташвишга қўймоқда, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, А. Навоий маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳаким Сулаймонов. — Мутахассислар тезроқ бу масаланинг оқилона ечимини топишади, деган умиддамиз. Мана, кўчаларимизни олиб кўринг. Ўтган йилда икки километрдан зиёд йўлни катта маблағ эвазига асфальтлаштирган эдик. Кучли ёққан ёмғирдан сўнг кўчаларимизда ҳалқоб юзага келди. Бу эса асфальтнинг емирилишига сабаб бўлади.

Маҳалла раисининг сўзида жон бор. Бухоронинг эски шаҳар қисми учун бу неча ўн йилдирки, муаммо бўлиб келмоқда. Одамлар туризмни ривожлантиришга қаратилган дастурлар ижроси асносида бу масаланинг ҳам ечимидан умидворлар.
Дарвоқе,  Чорминор мадрасаси ҳовлисини синчиклаб кўздан кечирдик. Ҳалқоб сувлар ўрни шундоқ сезилиб турибди. Иншоот пойдевори ҳам намиққан. Обиданинг тик қаддига боққан киши эса унда ажиб бир улуғворликни ҳис этади. Чорминор гўё менга табиатнинг бу синови писанд эмас, деяётгандек туюлади. Аммо... Аммо аждодлардан мерос шундай ўзига хос тарихий ёдгорликни ёмғиру қордан асрай олмасак, келажак авлодларга хиёнат қилган бўлмаймиз-ми!

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn