Жамоатчилик комиссиялари қачон фаоллашади?
  • 28 Февраль 2018

Жамоатчилик комиссиялари қачон фаоллашади?

Маҳалла, хусусан, улардаги жамоатчилик комиссиялари фаолиятини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш ва пировардида фуқаролар йиғинларини одамларнинг ҳақиқий кўмакчисига айлантириш — давр талаби. 

Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳалла институтининг янада самарали фаолият юритишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ўрин тутади. Зеро, ушбу ҳужжат давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан фуқаролар йиғинларидаги жамоатчилик тузилмаларига услубий-амалий кўмаклашиш ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ҳозирги кунда фуқаролар йиғинлари жамоатчилик тузилмаларига манфаатдор вазирликлар, идоралар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари бириктирилмоқда.

Гап шундаки, бу ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича таклифларни бевосита жойларда фуқаролардан олишда жамоатчилик тузилмалари фаоллигини оширади, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Маҳаллаларда юзага келаётган турли муаммоларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва туб илдизларига етиб бориш ҳамда бартараф этишда жамоатчилик тузилмалари имкониятларини тўғри йўналтириш ҳам бугун ўта долзарб вазифадир. Шу аснода Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқади ва ҳаётга татбиқ этади. Масалан, соғлом оилани шакллантириш, ёшларни оила қуришга тайёрлаш, тўйлар ва бошқа маросимларни ихчам ўтказишда Яраштириш комиссиялари хотин-қизлар қўмиталари билан яқин ҳамкорлик қилади. Бу борадаги ишлар кўлами кенг. Йигит ва қизларни оила қуришга руҳий-маънавий жиҳатдан тайёрлаш, оилаларда ажралишларнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш ана шулар жумласидан ҳисобланади.

Қолаверса, комиссия эр-хотин, қайнона ва келин ўртасидаги низоларни бартараф этиш ҳамда бузилган муносабатларни тиклашга ҳам кўмаклашади. Негаки, оилалардаги тинчлик-тотувлик маҳаллалардаги маънавий муҳит барқарорлиги таъминланишига хизмат қилади. 

Яраштириш комиссиялари бундан буён Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда оила ва турмушда ҳуқуқбузарликларга мунтазам йўл қўяётган, турли оқим ва ғоялар таъсирига тушиб қолган шахслар билан профилактика ишларини олиб боради. Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳамкорлигида оила, маҳалла, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида миллий-диний анъаналарни тушунтириш, жамиятда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётни, муқаддас динимиз софлигини асраб-авайлаш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш назарда тутилган. Бунда тўй ва бошқа маросимларни одамлар манфаатларини, азалий урф-одат ҳамда қадриятларимизни ҳисобга олган ҳолда, ихчам, камхарж ва ибратли қилиб ўтказиш, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги жанжалларга барҳам бериш масалалари ҳам қамраб олинаётганлигини айтиш зарур.

Маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссияларга Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги бириктирилган. Янгиланиш жараёнларида ҳар бир шахснинг дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, тафаккур ва маънавий оламини бойитиш, миллий ғоя ҳамда комил инсон, миллатлараро тотувлик тамойилларини қарор топтириш уларнинг асосий вазифаси саналади. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бириктирилган Ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссиялар эса ёлғиз кекса фуқаролар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли ижтимоий муҳофаза қилиш, даволаш, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш йўли билан уларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдам даражаси ва сифатини оширади, кам таъминланган оилалар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз фуқароларнинг соғлиғини мустаҳкамлашга кўмаклашади. Ушбу комиссиялар ишига Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Молия вазирликлари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, “Нуроний” жамғармаси ҳам жалб қилинган.

Ўз навбатида, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияларга Хотин-қизлар қўмитаси, Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссияга Ёшлар иттифоқи, Халқ таълими ҳамда Ички ишлар вазирликлари бириктирилди. Тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича комиссия Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, тижорат банклари билан яқиндан иш олиб боради.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссиялар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати билан ҳамкорлик қилади.

Жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссия ишига Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси жалб этилади. 

Шунингдек, Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича маслаҳат маркази Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда тижорат банклари билан жойларда бу борадаги ишларни фаоллаштиради. Айни чоғда “Ота-оналар университети” ва Нуронийлар жамоатчилик кенгаши ҳамда Қайноналар кенгаши шу тариқа фаолиятини бугунги кун талаблари асосида йўлга қўяди.

Умуман, бу қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги жамоатчилик комиссиялари фаолияти давлат ва жамоат ташкилотлари кўмагида кучайтирилади. Бу эса пировардида маҳалла институтини халқпарвар масканга айлантиришда айни муддаодир.  

Зафар РЎЗИЕВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш 

бўйича Республика кенгаши раиси ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn