«Йўл харитаси» расмиятчилик учун тузилмайди
  • 28 Февраль 2018

«Йўл харитаси» расмиятчилик учун тузилмайди

Бугун одамларни шунчаки ваъдалар, баландпарвоз гап-сўзлар билан ишонтириш жуда мушкул. Аксинча, улар билан амалий, очиқ мулоқот қилиш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш, оилавий хотиржамлик, фаровонлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳаётий заруратки, бу чуқур илдиз отган муаммоларни жойида ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга.

Айни пайтда парламент аъзолари зиммасига жойларда ижтимоий-иқтисодий аҳволни танқидий-таҳлилий руҳда ўрганиш юклатилган бўлиб, унинг натижалари тегишли туман маҳаллий Кенгашлари сессияларида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинаётгани эътиборга молик. Айтиш мумкинки, парламент назоратининг мазкур таъсирчан механизми том маънода ўзини оқлаяпти.

Кеча пойтахтимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, давлат органлари вакиллари иштирокида ўтказилган халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгашининг сессиясида туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар чуқур таҳлил этилгани бунинг амалий ифодасидир. Бинобарин, халқ вакиллари томонидан ўн кун давомида барча сектор, маҳаллалар, ижтимоий-иқтисодий объектларда иш юритишнинг ҳолати, фуқаролар билан ишлаш механизмлари атрофлича ўрганилди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йили 212 та лойиҳа рўёбга чиқарилган бўлиб, шунинг ҳисобига икки мингга яқин иш ўринлари ташкил этилган. Жорий йилда 158,7 миллиард сўмлик 137 та лойиҳа ҳаётга татбиқ қилиниши, бунинг натижасида 1700 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилаяпти.

Сессияда тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари босқичма-босқич ҳал этилаётганига урғу берилди. Айниқса, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида муайян ижобий натижаларга эришилгани таъкидланди. Жумладан, жиноятчилик 2017 йилда 2016 йилдагига нисбатан 15,3 фоиз камайишига эришилган. Бироқ оғир, ўта оғир жиноятлар, одам савдоси, гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ жиноятлар ошган. Ўтган йилда содир қилинган 19 та жиноятда 28 нафар вояга етмаган шахс иштирок этган, шунингдек, 148 нафар аёл жиноятга қўл урган. Ушбу масалаларга мутасаддилар эътибори қаратилди.

Йиғилишда ўз ечимини кутаётган муаммолар, тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликлар мавжудлиги айтиб ўтилди. Жумладан, туманда секторлар штаблари ҳудудий жиҳатдан оқилона жойлаштирилмаган. Уларнинг аксарияти аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудлардан узоқда жойлашгани фуқароларга қийинчилик туғдирмоқда. Секторларга масъул этиб тайинланган ходимлар ўз фаолияти билан боғлиқ бирламчи тасаввурга эга эмаслиги, аҳоли томонидан кўтарилган муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омиллари тизимли таҳлил қилинмагани ачинарли. 2018 йилга белгиланган “йўл харитаси” фақатгина расмиятчилик учун тузилган.

Халқ вакиллари томонидан соғлиқни сақлаш соҳаси ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва дори-дармон воситалари билан таъминлашни янада яхшилаш масалалари муфассал таҳлил этилди. Тумандаги аксарият тиббиёт муассасалари бинолари таъмирталаб аҳволда экани, уларда умумий амалиёт ҳамда бошқа малакали шифокорлар етишмаслиги жиддий танқид остига олинди. Туман тиббиёт бирлашмаси марказий кўп тармоқли поликлиникасининг тиббий ускуналари эскирган, айримлари ишга яроқсиз. Патронаж хизмати ҳам кўнгилдагидек эмаслиги ушбу муаммоларни бартараф қилишга жиддий ёндашиш зарурлигини кўрсатади.

Яна бир муҳим масала таълим соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ бўлиб, ушбу йўналишдаги айрим камчиликлар ҳам парламент аъзолари томонидан тилга олинди. Айтиб ўтилганидек, бугунги кунда ҳудудда 66 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларда 12 670 нафар бола тарбияланмоқда. Давлат тасарруфидаги 34 та болалар боғчаси кўп қувват билан ишлаяпти. Болаларни боғчаларга тўлиқ қамраб олишда хусусий секторнинг улуши пастлигича қолаётир, яъни бу кўрсаткич 6 фоизни ташкил этмоқда. Ҳудуддаги 5 та умумтаълим мактабида эса ўқувчилар сони белгиланган сиғимдан ортиқ. Айрим синфлардаги ўқувчилар сони 40 нафардан зиёд. Аксарият мактабларнинг моддий-техника базаси бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Шунингдек, уларда табиий фанлардан дарс ўтувчи ўқитувчилар етишмайди. Сессияда мазкур масалаларнинг ечими юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди.

Халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгашида синов тариқасида жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи туман Кенгаши раисининг ўринбосари лавозими жорий қилинди. Туман Кенгаши доимий комиссиялари, депутатлик гуруҳлари ҳамда депутатлар фаолиятини, шунингдек, сессияларни тайёрлаш, депутатларнинг халқ билан мулоқотига оид ишларни мувофиқлаштириб бориш унинг вазифалари этиб белгиланди.

Сессияда Олий Мажлис Сенати Раиси Н. Йўлдошев сўзга чиқди.

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn