Осмон бўйлаб парвоз этаётган қуш
  • 27 Февраль 2018

Осмон бўйлаб парвоз этаётган қуш

Яқинда “Ўзбекистон 24” канали орқали бир хонадонда турли ноёб қушлар ноқонуний тарзда сақланаётгани аниқланиб, жониворлар қафасдан озод этилгани, улар табиат қўйнига қўйиб юборилгани ҳақида лавҳа берилди. 

 Табиат шайдоларининг қўлларида туриб, атрофларга жавдираб боқаётган гўзал қушларнинг айримларини биз ҳали кўрмаган эдик. Бундай ноёб қушларни тутиб, қўлда асраш қандай бўларкин? Улар кўпайиши, табиатни бойитиши керак-ку, ахир!

 Қафасдан қутилиб, бепоён далаларга қараб, баланд-баланд қояли тоғлар томон интилиб, мовий осмон узра кенг қанот ёйиб, мағрур учаётган қушларни кўриб, кўзларимга ёш қалқиб кетди... Ўша куни ушбу кўрсатувни томоша қилган кўплаб кишилар қувончини эшитдим:

 — Тутқундаги қушларнинг тоза ҳавода эркин парвоз қилишларини бугун мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг яшаши ва униб-ўсиши учун яратилаётган қулайликларга менгзаш мумкин, — дейди шаҳрисабзлик кекса педагог Исмат Туропов. — Ҳуқуқлари таъминланган, умридан ҳаловат топиб яшаётган кишилар чинакам озоддир. Улар парвоз қилишга, маънан ва жисмонан юксалишга, ҳаётини янада яхшилашга қодир. Биз бугун шуни кўриб турибмиз.

Буюк аждодларимизнинг орзу-истаклари, уларнинг дуру-гавҳардек бебаҳо асарлари беихтиёр ёдимизга тушади.

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш, 

Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш. 

Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса, 

Булбулға тикандек ошиён бўлмас эмиш. 

Мир Алишер Навоий бундан беш аср аввал ҳурриятни мадҳ этиб, қизил гулларга бурканган олтин қафас булбул учун тиконли ошиёндан афзал бўлолмаслигини ушбу мисраларида кўркам ифодалаган. 

Юксак маънавий булоқлардан сув ичган халқнинг илдизлари мустаҳкам, қадриятлари эзгу бўлади. Бугун мамалакатимизда демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамияти қурилмоқда. Одамларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатланмоқда, эркин яшаши, ўқиши, ишлаши учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Ҳатто бегона юртларда ғарибликда хору зор бўлиб юрган баъзи бир йўлидан адашганлар кечирилаяпти, улар юртимизга қайтарилаяпти, иш билан таъминланаяпти.

Президентимиз томонидан олиб борилаётган бундай ғамхўрлик, бағрикенглик сиёсати халқимизнинг қалб-қалбидан жой олиб, ҳатто дунё сиёсатдонларида ҳам ҳавас уйғотмоқда. Масалан, Россиянинг “Новости” ахборот агентлигининг Ўзбекистон раҳбари фаолиятига бағишланган таҳлилида қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев минтақаларга ташрифи чоғида ўз ҳаётини экстремистик фаолият билан боғлаганларнинг яқин қариндошларини ижтимоий ҳаётдан четлатиш амалиётини давом эттирмаслик зарурлигини таъкидлаб келади. ОАВ маълумотларига кўра, “қора рўйхат” даги 16 минг киши аллақачон нормал ҳаётга қайтган. Яқинда мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири, икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси Ким Донг Ён журналистларга интервью бераркан: “Президент Шавкат Мирзиёев ҳар куни, ҳар дақиқа эл-юрти фаровонлигини ўйлайди. Унинг раҳбарлик қобилияти ва аниқ мақсадга интилувчанлиги атрофдагиларга ҳам руҳ, куч-ғайрат бағишлайди. Мен унинг тимсолида буюк раҳбар ва оддий инсонни кўраман. Ўзбекистон халқининг Президентга чуқур ҳурмати ва ишончи айнан шу фазилат — йирик сиёсатчи бўлиш билан бирга оддий ва самимий инсон бўлиб қолгани туфайли, деб ўйлайман”, — деди.  

Дарҳақиқат, бундай эътироф ҳар бир юртдошимизни тўлқинлантириб, ғурурлантириб юборади. Ватанимиз эртаси бугундан-да обод, фаровон бўлишига ишончини оширади.

Жаббор ХАЛИЛОВ,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn