Ёшларга қаратилаётган улкан эътибор уларни юрт равнақи учун хизмат қилишга ундайди
  • 27 Февраль 2018

Ёшларга қаратилаётган улкан эътибор уларни юрт равнақи учун хизмат қилишга ундайди

Ҳар бир мамлакатнинг куч-қудрати, салоҳияти ишлаб чиқариш, иқтисодиётнинг барқарорлигидан ташқари ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик билан ҳам ўлчанади. Айниқса, шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги кунда навқирон авлодни эзгу ғоя ҳамда лойиҳалар атрофида бирлаштириш, уларни умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифадир.

Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция”ни ишлаб чиқиш ташаббусини илгари суриб, унинг эртанги кун эгалари тақдирида нечоғли муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган эди.

Жорий йилнинг 24-25 февраль кунлари Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида бўлиб ўтган халқаро “Бешлар иттифоқи” анжуманида ҳам бу ҳақда алоҳида сўз юритилди. Ушбу тадбир Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари уюшмаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Европа иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллий ишбилармонлар билан ҳамкорликда уюштирилди. 

Қайд этиш жоизки, ушбу анжуман Ўзбекистонда жаҳон даражасидаги 5 та ташкилотнинг моделини уюштиришга мўлжалланган ягона ёшлар тадбири ҳисобланиб, унга юртимизнинг барча ҳудудидан онлайн сўровнома йўли билан 1500 дан ортиқ ёшлар орасидан танлаб олинган 250 дан зиёд фаол йигит-қизлар қамраб олинди. Тадбирнинг “Бешлар иттифоқи” дея номланиши дунёдаги бешта халқаро ва ҳукуматлараро ташкилот номи билан боғлиқ бўлиб, булар қуйидагилар ҳисобланади: Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси.

Анжуманда ёшлар орасида ушбу ташкилотларнинг симуляциясини яратиш, уларнинг бош мақсадлари, устувор йўналиш ва дастурлари билан яқиндан танишиб чиқиш, айни пайтда дунё муаммоларига теран қараб, уни чуқур ўрганиш ҳамда ҳал этиш каби қатор вазифалар хусусида мулоҳазалар билдирилди.  

Мазкур ташкилотлар таркибига делегатлар ва модераторлар бириктирилган бўлиб, ҳар бир ташкилот ўзининг расмий тилига ҳамда устувор йўналишларига эга. Жумладан, БМТ таркибига 64 та иштирокчи, 3 та модератор киритилган бўлиб, уларнинг анжуман тили инглиз тилидир. Асосий устувор йўналиши “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция”ни таъсис этиш чора-тадбирларига бағишланган. Европа иттифоқи эса 60 та қатнашчи, 3 та модератордан иборат. Асосий устувор йўналиши: Марказий Осиё учун Европа иттифоқи давлатлари томонидан таълим соҳасида жорий этилиши кўзда тутилган лойиҳалар. ШҲТ таркибида эса 44 та иштирокчи, 3 та модератор бўлиб, уларнинг расмий тили — рус тили. Мақсад: ШҲТ аъзо-давлатлари ўртасидаги барқарор иқтисодий ва маданий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш. МДҲ таркиби 22 қатнашчи, 2 та модератордан ташкил топган бўлиб, уларнинг расмий тили саналмиш рус тилида олиб борилади. Асосий мақсад: МДҲ аъзо-давлатлари ўртасида иқтисодий алоқаларни, туризм соҳасидаги истиқболли режаларни йўлга қўйишдир. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 53 та иштирокчи, 5 та модераторни қамраб олган бўлиб, анжуман музокаралари ўзбек тилида олиб борилди. Асосий муддао: “Кўнгиллилар жамиятини шакллантириш ҳамда уларнинг давлат органлари ва ёшлар орасидаги ўрнини белгилаш” тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдир.

Анжуманнинг бош мақсади эса “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияни таъсис этиш чора-тадбирларига бағишланди.

— Ушбу тадбир мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган ғамхўрликнинг ўзига хос ифодасидир, — дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Комилжон Абдураҳмонов. — Бугун яратилаётган кенг имкониятлар ҳар биримизни ўз устимизда тинимсиз изланишга, юрт равнақи учун хизмат қилишга ундайди. Мазкур анжуманда Президентимиз ташаббуси билан “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция инглиз, рус ва ўзбек тилларида ишлаб чиқилиши муҳокама қилинди. Ушбу ҳужжат бир қатор халқаро экспертлар томонидан кўриб чиқилган ҳолда таъсис этилади. Умуман, мақсад, ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилганки, биз бундан фахрланамиз. 

Тадбирда қабул қилинадиган қарорлар ва қонуности ҳужжатлар ҳамда муҳим конвенция давлатимиз ривожи, халқаро ташкилотлар билан мамлакатимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашда улкан аҳамият касб этиши хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn